Меҳнат низолари билан боғлик ишларнинг судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Меҳнат, Фуқаролик процессуал кодекслари ва ушбу муносабатларни тартибга солувчи Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сонли қарори билан тасдиқланган «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни иш берувчилар томонидан тўлаш қоидалари» (бундан буён матнда Қоидалар), Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигини, бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги Низом», Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 23 декабрдаги 498-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларини шакллантириш ва сарфлаш тартиби тўғрисидаги Низом» билан тартибга солиниши судларга тушунтирилсин.

 Майиб бўлиш ёки соғлиққа етказилган бошқа шикастланиш ёхуд боқувчиси вафот этганлиги натижасида келиб чиққан зарарларни қоплаш ҳақидаги даъво аризаларини беришда даъвогарлар суд харажатларини тўлашдан озод этиладилар. Даъво қаноатлантирилган тақдирда, суд харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардан ундирилади.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 163-моддаси талабига мувофиқ, ходимнинг меҳнат вазифаларини бажариш вақтида уларга етказилган шикастлар ёки боқувчининг вафот этганлиги муносабати билан тўланадиган зарарни ундириш ҳақидаги талабларга даъво муддати татбиқ қилинмаслигига судларнинг эътибори қаратилсин.

Қайд этилганларга кўра, даъво қилиш муддати ўтказиб юборилган деган асос билан аризани қабул қилмасликка, шунингдек даъвони рад қилишга йўл қўйилмайди.

Меҳнат жароҳати туфайли касб лаёқати йўқотилгандан ёки боқувчининг вафотидан сўнг уч йилдан кейин келтирилган даъво талаблари, ариза берилган кунидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилади.

Судлар етказилган зарар суммасини аниқлашда Қоидаларнинг
50-бандида назарда тутилган қуйидаги тартибга амал қилишлари керак:

а) жабрланувчиларга — улар меҳнат жароҳати оқибатида касб бўйича меҳнатга лаёқатини тўлиқ ёки қисман йўқотган кундан бошлаб;

б) боқувчининг вафоти туфайли зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга — боқувчининг вафот этган кунидан, аммо фақат зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлинган вақтдан бошлаб тўланади.

Ишни судда кўришга тайёрлашда судларнинг эътибори низони ҳал қилиш учун зарур бўлган далиллар доирасини аниқлаб, уларни талаб қилиб олиш учун тегишли чоралар кўришга қаратилсин.

Жумладан, иш берувчининг етказилган зарарда айбдорлиги ва жавобгарлигини исботловчи далил сифатида қуйидаги ҳужжатлар ишга қўшилиши лозим: ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодиса ҳақида далолатнома, суд ҳукми ва қарори, прокуратура, суриштирув ва дастлабки тергов органининг қарори, меҳнат-техника инспекторининг ёки меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат ҳақидаги қонунчиликка риоя этилишини, саломатликка етказилган зарар сабабларини назорат қилишни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахслар (органлар)нинг хулосаси; касб касаллиги тўғрисида тиббий хулоса; айбдор шахсларга маъмурий ёки интизомий жазо бериш тўғрисидаги қарор; меҳнат жароҳати туфайли ходимга вақтинча меҳнат лаёқатини йўқотганлик учун нафақа тўлови билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун иш берувчи томонидан давлат ижтимоий суғурта бюджетига пул ўтказиш тўғрисидаги касаба уюшма қўмитасининг, туман (шаҳар) солиқ инспекцияларининг қарорлари.

Касаба уюшмаси қўмитасининг ёки бошқа вакил қилинган ваколатли орган томонидан берилган жабрланувчининг айб даражасини аниқлаш ҳақидаги хулоса иш бўйича далиллардан бири ҳисобланиб, ФПК 80-моддасига мувофиқ, ишда мавжуд бўлган бошқа далиллар мажмуи билан биргаликда суд томонидан баҳоланиши лозим.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, иш берувчининг айби фараз қилинади. Иш берувчи ошиқча хавф манбаи томонидан зарар етказилиши ҳолларидан ташқари, етказилган зарар учун ўзининг айбдор эмаслигини исботлаб берган тақдирда зарарни қоплашдан озод қилиниши мумкин.

Судларга тушунтирилсинки, ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддасида белгиланган, етказилган зарарни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасини кенгайтириб шарҳлашга йўл қўйилмайди.

Боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан зарарни қоплашга бўлган ҳуқуқ, хотин(эр)нинг янгидан никоҳ тузган ҳолатларида ҳам сақланиб қолади. Шунингдек, вафот этганнинг вояга етмаган болалари бошқа шахс томонидан фарзандликка олинганда ҳам уларнинг зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Чунки, қонунда бундай ҳолатларда ушбу шахсларга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти бекор бўлиши назарда тутилмаган.

Ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги муносабати билан зарар:

— меҳнат жароҳати туфайли меҳнатга лаёқатсизлик даражасига қараб иш ҳақи (ёки унинг тегишли қисми) миқдорида жабрланувчига пул тўланиши;

— саломатликнинг ёмонлашуви билан боғлиқ қўшимча харажатлар;

— бир йўла бериладиган нафақадан иборат.

Кўрилган зарарни тўлаш миқдори жабрланувчининг меҳнат жароҳати олгунига қадар оладиган иш ҳақига нисбатан фоизларда, касб бўйича меҳнатга лаёқатсизлик даражасига қараб белгиланади.

Жабрланувчиларнинг меҳнат жароҳати туфайли меҳнатга лаёқатсизлик даражаси тиббий-меҳнат экспертизаси комиссияси (ТМЭК) томонидан аниқланади.

Иш ҳақи ёки унинг бир қисми тўланаётганда, жароҳат олиш туфайли тайинланган ногиронлик пенсиялари, шунингдек, меҳнат жароҳати олгунга қадар ва ундан кейин тайинланган пенсияларнинг бошқа турлари етказилган зарарни тўлашда ҳисобга олинмайди. Шунингдек, жабрланувчининг жароҳат олгандан кейинги иш ҳақи ҳам зарарни тўлашда ҳисобга олинмайди. Бунда меҳнатда майиб бўлган жабрланувчилар-ногиронларга зарарни қоплаш учун тўланадиган сумма қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг эллик фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Зарарни қоплаш миқдори ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи таркибида (турли кўринишдаги бир йўла тўловлардан ташқари) иш (хизмат), шу жумладан, иш вақтидан ортиқча, байрам ва дам олиш кунларида ҳамда ўриндош сифатида ишлаганлик учун барча тўловлар ҳисобга олинади (фойдаланилмаган таътил учун компенсациялар, ишдан бўшатиш вақтидаги ёрдам пули ва бошқалар бундан мустасно). Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан бериладиган таътил даври учун тўланадиган нафақа ҳисобга олинади.

Етказилган зарарни қоплаш миқдорини белгилашда ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаш Қоидаларнинг 11—21-бандларига мувофиқ амалга оширилади.

Қоидаларнинг 27-бандига мувофиқ, вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва боқувчининг вафоти туфайли зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар учун зарар миқдори вафот этган шахснинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан унинг ўзига ва қарамоғидаги меҳнатга лаёқатли, аммо зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқароларга тўғри келадиган улушни чегириб ташлаган ҳолда белгиланади.

Зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг ҳар бирига бериладиган зарар тўловлари миқдорини аниқлаш учун боқувчи иш ҳақининг кўрсатиб ўтилган фуқароларнинг ҳаммасига тўғри келадиган улуши уларнинг сонига тақсимланади.

Боқувчини йўқотганлик туфайли зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар учун уларга боқувчи вафоти туфайли тайинланган пенсия, шунингдек бошқа пенсиялар, иш ҳақи,стипендиялар ва бошқа даромадлар зарар тўлови ҳисобига киритилмайди. Бунда қарамоқда бўлган ҳар бир шахс ҳисобига бериладиган зарар тўлови миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг эллик фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

Ота-онанинг иккаласи ҳам вафот этган тақдирда, болаларга тўланадиган зарар миқдори ота-онанинг иккаласининг биргаликдаги иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 194-моддасининг
1-қисмига мувофиқ, ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки унинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланиши туфайли, меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда соғлиққа шикаст етказилиши ёки боқувчининг вафоти туфайли етказилган зарарни ундириш ҳақидаги низоларни кўришда суд жамоа шартномасини, бундай шартнома тузилмаган бўлса, иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа органи ўртасидаги келишувни талаб қилиб олиши лозим.

Жамоа шартномаси ёки иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа органи ўртасидаги келишувда бир йўла бериладиган нафақа миқдори амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан кам бўлса ёки миқдор кўрсатилмаган бўлса ёхуд бундай шартнома, келишув тузилмаган бўлса, у ҳолда бир йўла бериладиган нафақанинг миқдорини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 194-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ҳал қилинади.

Жабрланувчи меҳнатда майиб бўлиши сабабли қўшимча харажатлар сарфлаган бўлса, улар иш берувчи томонидан Қоиданинг
22—25-бандларида белгиланган тартиб ва миқдорда қопланади.

Агар жабрланувчи махсус транспорт воситалари (қўл билан бошқариладиган автомобил, моторли аравача) га муҳтож бўлса, уларни сотиб олиш натижасида етказилган зарар ТМЭК томонидан кўрсатилган транспорт воситаси қиймати доирасида қопланади.

Махсус транспорт воситаларини капитал таъмирлаш учун сарфланган харажатлар ҳам қайд этилган тартибда қопланади.

Қоидаларнинг 23-бандига мувофиқ, махсус тиббий парваришга ҳамда уй шароитидаги парваришга муҳтож бўлган жабрланувчига, уй шароитидаги парвариш билан боғлиқ харажатлар махсус тиббий парвариш харажатларидан ташқари қопланади.

Жабрланувчи ким томонидан парвариш қилинганлиги ва бу харажатлар ҳақиқатда сарфланган-сарфланмаганлигидан қатъи назар, бундай харажатларни қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Келгуси вақт учун қўшимча харажатлар ТМЭК хулосасида белгиланган муддат доирасида ундирилади.

Ходимнинг меҳнат қобилияти тўлиқ ёки қисман йўқолишига олиб келган касб касаллигининг келиб чиқишида иш берувчининг айби мавжуд бўлган тақдирдагина жабрланувчига зарар ундириб берилади.

Бинобарин, судлар касб касаллиги аниқланганлиги ҳолатининг ўзи иш берувчига зарарни қоплаш мажбуриятини юклаш учун етарли асос бўла олмаслигини назарда тутишлари лозим. Мазкур турдаги ишларни кўришда ходимда бундай касалликнинг мавжудлигини тасдиқловчи ёзма далил (тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) гувоҳлантирган далолатнома, касаллик тарихидан кўчирма ва бошқа)ларни текшириш билан бир қаторда, судлар иш берувчи томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш ҳоллари бор-йўқлигига ҳар бир ҳолатда алоҳида эътибор беришлари шарт.

Судларга тушунтирилсинки, жабрланувчига иш берувчи томонидан зарар етказилганда, унинг қўпол эҳтиётсизлиги зарарни қоплаш ҳақидаги даъвони тўлиқ рад қилишга асос бўла олмайди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 191-моддаси талабига мувофиқ, агар жабрланувчининг қўпол эҳтиётсизлиги зарарнинг келиб чиқиши ёки кўпайишига сабаб бўлса, тўланиши лозим бўлган зарар миқдори жабрланувчининг айби даражасига мутаносиб равишда камайтирилади.

Бундай ҳолда зарарни қоплашни рад қилишга йўл қўйилмайди.

Жабрланувчининг эҳтиётсизлиги қўпол эҳтиётсизлик ёки зарар миқдорига таъсир қилмайдиган оддий эътиборсизлик масаласи ҳар бир ҳолда муайян ҳолатлардан келиб чиқиб ҳал қилиниши керак. Хусусан, жабрланувчининг мастлик ҳолати етказилган зарар билан сабабий боғланишда бўлиб, унинг келиб чиқишига ёки кўпайишига олиб келган тақдирда қўпол эҳтиётсизлик деб ҳисобланиши мумкин.

Зарарни тўлашнинг қўшимча турларига, бир йўла нафақа тўлашга, шунингдек, боқувчисининг вафоти туфайли етказилган зарар тўловларига нисбатан аралаш жавобгарлик қўлланилмаслигига судларнинг эътибори қаратилсин.

Ошиқча хавф манбаи томонидан ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни иш берувчи, башарти зарар уни бартараф қилиш мумкин бўлмаган кучлар туфайли ёки жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида келиб чиққанлигини исботлаб беролмаса, тўлаши шарт.

Ошиқча хавф манбаи ва унинг эгаси ҳақидаги тушунча Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 999-моддасида батафсил ёритиб берилганлигини судлар эътиборда тутишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 187-моддасига мувофиқ, маънавий зарар (жисмоний ёки руҳий азоблар) пул шаклида ёки бошқа моддий шаклда ҳамда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга мувофиқ равишда, ходим меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда эса, иш берувчи ва вафот этган ходимнинг оила аъзолари ўртасидаги келишувга мувофиқ равишда белгиланган миқдорда қопланади.

Маънавий зарарни қоплаш усули ва миқдори ҳақида низо вужудга келганда, судлар, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
1022-моддасига риоя қилишлари лозим.

Бахтсиз ҳодиса маънавий зарарни қоплаш назарда тутилган қонун амалга киритилгандан кейин содир бўлган бўлса, бундай ҳолда жабрланувчига етказилган маънавий зарар қопланади. Чунки, бу қонун амалга киритилгунга қадар соғлиғига шикаст етказилиши ёки боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан етказилган зарар учун қонунда бундай мулкий жавобгарлик тури белгиланмаган.

Корхона тугатилган ёки қайта ташкил этилган тақдирда, тегишли тўловларни тўлаш мажбурияти Қоидаларнинг 42-бандига мувофиқ, унинг ҳуқуқий ворисига юкланади.

Корхона тугатилганда, зарарни қоплаш тўловлари суммаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказилмаган тақдирда зарарни ундириш ҳақидаги даъво унинг ҳуқуқий ворисига ёки юқори турувчи хўжалик органига берилади.

Меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги ишларни кўришда, судлар, зарар етказилишининг сабабларини аниқлашга алоҳида аҳамият беришлари, зарур ҳолларда уларга хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдиришлари лозим.

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси                                                         И.С.Джураев

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди судьяси                                                      Ҳ.Р.Қорёғдиев

Суд ҳужжатларини ижро этмаганлик учун жавобгарлиги

Суд ҳужжатини бажармаслик қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

Суд ҳужжатининг мажбурийлиги манфаатдор шахсларни ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун, башарти буларга дахлдор низо судда кўриб чиқилмаган ва ҳал этилмаган бўлса, судга мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этмайди.

Мансабдор шахс томонидан суд чиқарган хусусий ажримни (қарорни) кўриб чиқмаслик ёхуд ажримда (қарорда) кўрсатилган қонунни бузиш ҳолларини бартараф этиш чораларини кўрмаслик, худди шунингдек хусусий ажримга (қарорга) ўз вақтида жавоб бермаслик жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан кўп миқдордаги суммани ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатининг ушбу ҳужжатнинг ихтиёрий равишда ижро этилиши учун белгиланган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаслиги ёки қарздорнинг зиммасига муайян ҳаракатларни бажариш ёхуд бу ҳаракатларни бажаришдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатининг давлат ижрочиси белгилаган муддатда қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра бажармаслиги жавобгар бўлади.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик, яъни қарздорнинг даромадлари ва мулкий аҳволи ҳақида нотўғри маълумотлар берганлик, ижро ҳужжатини йўқотганлик, ундирувни қарздорнинг иш ҳақидан ҳамда унга тенглаштирилган тўловлардан ушлаб қолиш учун юборилган ижро ҳужжатларини ижро этиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш тартибини бузганлик, шунингдек қарздор ўзининг янги иш, ўқиш жойи, пенсия ва бошқа даромадлар олиш жойи ҳақида маълум қилмаслиги жавобгар бўлиши мумумкин.

Муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, шунингдек суд ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмишлар мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштирадиган объектив ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, суд ундирувчининг, қарздорнинг ёки давлат ижрочисининг аризасига биноан ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктиришга ёхуд унинг бўлиб-бўлиб ижро этилишига йўл қўйишга, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришга ҳақли.

Агар ваколатли давлат органининг қарорида ёки тарафларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёхуд бўлиб-бўлиб ижро этиш учун кўпи билан бир йил муддат берилиши мумкин.

Суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш ҳақидаги ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд томонидан кўрилади.

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси                                                         И.С.Джураев

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди судьяси                                                      Ҳ.Р.Қорёғдиев

Алоҳида тоифадаги ишларни юритишда ярашув институтини қўллаш тартиби

Қозилик ишлари муҳкам фарз ва бардавом суннатдир. Қачон сенга бирон ҳужжат келтирилса, уни яхши фаҳмлаб ол. Ҳақ
равшан бўлган ҳолда уни юзага чиқар. Ўтмайдиган ҳақ учун ўртага
тушиб гапириш манфаат бермайди. Икки тараф орасида юзинг,
мажлисинг ва адолатингни бир хил қилгин. Тоинки, сенинг жавринг
ён босишингга шараф томон тамаъ қилиб қомасин ва заиф томон
сенинг адолатингдан ноумид бўлиб қолмасин. Даъво қилганга ҳужжат келтириш, инкор қилганга эса қасам ичиш лозим бўлади”,-дея
қозининг адолатли бўлишини таъкидлайди. Замонавий суд тизимида ярашув институтига катта аҳамият қаратилмоқда. Чунки, унинг пойдеворига минг йиллар олдин тамал тоши қўйилган.

Тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, ариза берувчилар ва судда кўрилаётган алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича бошқа манфаатдор шахслар, прокурор, ишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этадиган давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар ишда иштирок этувчи шахслар деб тан олинади.

Алоҳида тартибда юритиладиган ишлар ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ишлар бўйича ариза берган шахс аризачидир.

Даъво бир нечта даъвогар томонидан биргаликда ёки бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилиши (процессда биргаликда иштирок этиш) мумкин. Процессда биргаликда иштирок этишга алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича ҳам йўл қўйилади.

Алоҳида тартибда юритиладиган ишни муҳокама қилиш вақтида судга тааллуқли ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиқиши мумкин.

Суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар жумласига қуйидагилар киради:

1) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги;

2) болани фарзандликка олиш (бундан буён матнда фарзандликка олиш деб юритилади) ҳақидаги;

3) фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги;

4) фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги;

5) шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;

6) шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;

7) вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) тўғрисидаги;

8) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш ҳақидаги;

9) тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш (чақириб иш юритиш) тўғрисидаги;

10) йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги.

Юқорида санаб ўтилган ишлар судда ФПКда кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидаларига мувофиқ кўриб чиқилади.

Суд фуқароларнинг ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни аниқлайди.

Суд:

1) шахсларнинг қариндошлик алоқалари;

2) шахс бировнинг қарамоғида эканлиги;

3) оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек туғилган вақти;

4) фарзандликка олишни, никоҳни, никоҳдан ажратишни ва ўлимни қайд этилганлиги;

5) эр-хотиндан бири вафот этганлиги оқибатида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳни рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлмай қолса, қонунда белгиланган ҳолларда уларнинг ҳақиқатда никоҳ муносабатларида бўлганлиги;

6) шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда (бундан жамоат бирлашмаларига аъзолик билетлари, ҳарбий ҳужжатлар, паспортлар ёки идентификацияловчи ID-карталар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари берадиган гувоҳномалар мустасно) кўрсатилган фамилияси, исми ёки отасининг исми унинг паспортидаги ёки идентификацияловчи ID-картасидаги ёхуд туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги фамилияси, исми ёки отасининг исми билан мос келмаган тақдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёхуд тегишли эмаслиги;

7) бахтсиз ҳодиса;

8) иморатга хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилиш;

9) меросни қабул қилиш ва мероснинг очилиш жойи фактларини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради.

Агар қонунчиликда уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам белгилаши мумкин.

Аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.

Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш тўғрисидаги ишлар бўйича ариза аризачи яшаб турган жойдаги судга берилади.

Аризада муайян фактни аниқлаш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек аризачининг тегишли ҳужжатларни олиш имкониятига эга эмаслигини ёхуд йўқолган ҳужжатларни тиклаб бўлмаслигини тасдиқловчи далиллар келтирилиши керак.

Суднинг ҳал қилув қарорида: суд томонидан аниқланган факт, унинг қандай мақсадда аниқланганлиги, шунингдек мазкур фактни аниқлаш учун суд қандай далилларга асосланганлиги кўрсатилиши керак.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида қайд этилиши ёки бошқа органларда расмийлаштирилиши лозим бўлган фактларнинг аниқланганлиги тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ушбу органлар томонидан бериладиган ҳужжатларнинг ўрнига ўтмаганда, ана шундай қайд қилиш ёки расмийлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган болани фарзандликка олишни истовчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар фарзандликка олиш тўғрисидаги аризани фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар судларига беради.

Илхом Джураев,

Фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро суди раиси

Дамира Алмосова,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий пойдевори.

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 1 майдан кучга кирди. У 6 бўлим, 27 боб ва 155 та моддадан иборат. 2023 йил 30 апрелдаги референдумда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги конституциявий қонуни 2023 йил 1 майдан кучга кирди. Шу кундан эътиборан бошқа қонунлар ва қонуности ҳужжатларида келтирилган нормалар конституцияга зид бўлса, судлар конституцияга қараб қарор қабул қилади.

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадида, янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланган.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ижросини ўз вақтида таъминлаш учун шахсан жавобгар ҳисобланади ҳамда янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади. Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаганлиги важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланади.

Конституциянинг 29 моддасига асосан, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.

Конституциянинг XXIII боби суд ҳокимиятига бағишланган бўлиб, 130-140 моддаларни ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Ўзбекистон Республикасида суд тизими ва судлар фаолиятининг тартиби қонун билан белгиланади. Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради. Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикаси вакилини қўшган ҳолда сайланади. Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини беш йиллик муддатга сайлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бажарилиши мажбурийдир. Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.

Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди. Судьялар дахлсиздир. Давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлайди.

Дамира Алмосова,

Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан  туманлараро суди судьяси

Зубайда Курбанова,

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси

FUQАROLIK IShLАRINI VIDEOKONFERENSАLOQА TIZIMIDАN FOYDАLАNGАN HOLDА OʼTKАZISh TАRTIBI

Oʼtgan davr mobaynida Oʼzbekistonda barcha sohalar qatori sud-huquq yoʼnalishida ham keng koʼlamli ishlar amalga oshirildi. Xususan, sud majlislarida zamonaviy axbarot-kommunikatsiya tenologiyalari orqali videokonferentsaloqa rejimi tashkil etildi. Sohadagi bu yangilik sud protsessi ishtirokchilariga katta qulaylik yaratdi.

Sudda videokonferentsaloqa rejimidagi sud majlisini oʼtkazishga tayyorgarlik koʼrish, uni oʼtkazish va taqdim etilgan hujjatlar bilan ishlash Oliy sud Plenumining “Fuqarolik, jinoyat va maʼmuriy ishlarni koʼrishda sud majlislarini videokonferentsaloqa rejimida oʼtkazishning ayrim masalalari toʼgʼrisida”               2017 yil 24 iyundagi 23-sonli qarori bilan tartibga solinadi.

Fuqarolik ishlarini videokonferentsaloqa tizimidan foydalanishda, sud tomonidan ishda ishtirok etuvchi shaxslar va sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilaridan birortasi ishni koʼrayotgan sudga nisbatan Oʼzbekiston Respublikasining boshqa hududida joylashgan taqdirda VKА rejimidagi sud majlisi oʼtkazilishi mumkin.

Sudьya ishni sudda koʼrishga tayyorlash toʼgʼrisidagi ajrim (qaror)da ishda ishtirok etuvchi shaxslarga, sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilariga ularning VKА rejimidagi sud majlisida ishtirok etish huquqini koʼrsatib oʼtadi.

VKА rejimidagi sud majlisi oʼtkazilishining aniq sanasi

va vaqti sudьya tomonidan ishni koʼrayotgan sudning Аxborot-kommunikatsiya texnologiyalari masalalari boʼyicha sud xodimi bilan kelishilgan holda “Sud majlislarini VKА rejimida oʼtkazish jadvali”dan kelib chiqib belgilanishi lozim.

Sudьya yordamchisi ishni sudda koʼrishga tayyorlash toʼgʼrisidagi ajrim (qaror)ni ishda ishtirok etuvchi shaxslarga, sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilariga protsessual qonun hujjatlarida belgilangan tartibda yuborilishini hamda bir nusxasini ishni koʼrayotgan sudning АKT xodimiga roʼyxat asosida imzo orqali topshirilishini taʼminlaydi.

VKА rejimidagi sud majlisini oʼtkazishga koʼmaklashadigan sudga kelib tushgan ishni sudda koʼrishga tayyorlash toʼgʼrisidagi ajrim (qaror) axborot tizimi orqali roʼyxatdan oʼtkazilib, shu kunning oʼzida АKT xodimiga topshiriladi.

  VKА rejimidagi sud majlisini oʼtkazishga koʼmaklashadigan sud sud majlisini VKА rejimida oʼtkazilishini biror bir sababga koʼra taʼminlay olmagan taqdirda, АKT xodimi ishni koʼrayotgan sudning АKT xodimiga zudlik bilan telefon, faks va boshqa aloqa vositalari orqali xabar beradi. Oʼz navbatida ishni koʼrayotgan sudning АKT xodimi bu haqda ish boʼyicha maʼsul sudьyani xabardor qiladi.

VKА rejimidagi sud majlisini oʼtkazishga koʼmaklashadigan sud bilan VKА oʼrnatishning imkoni boʼlmagan taqdirda, sudьya protsessual qonun hujjatlariga asosan ishni koʼrishni keyinga qoldirish choralarini koʼradi.

Ishda ishtirok etuvchi shaxslar, sud ishlarini yuritishning boshqa ishtirokchilari tomonidan sud majlisida taqdim etilgan hujjatlar, jumladan ishonchnomalar, arizalar, iltimosnomalar, yozma fikr-mulohazalar va boshqa yozma dalillar sud majlisini oʼtkazishga koʼmaklashadigan sud АKT xodimi tomonidan skaner yordamida elektron shaklga keltirilib, Internet tarmogʼi orqali ishni koʼrayotgan sudga uzatiladi.

VKА rejimidagi sud majlisini oʼtkazishga koʼmaklashadigan sud АKT xodimi keyingi ish kunidan kechiktirmasdan sud majlisida taqdim etilgan hujjatlar, jumladan, ishonchnomalar, arizalar, iltimosnomalar, yozma fikr-mulohazalar va boshqa yozma dalillarni kuzatuv xati orqali ilova qilinayotgan hujjatlar roʼyxati asosida ishni koʼrayotgan sudga yuboradi.

Ushbu yaratilgan qulayliklar fuqarolar va sud sohasi xodimlariga juda katta imkoniyatlar yaratib berdi. Bugungi kunda boshqa viloyatdagi sud majlisiga borish, buning uchun sarf-xarajat qilish, ortiqcha vaqt yoʼqotish kabi tashvishlar deyarli barham topdi.

            Nodirbek Fayziyev,

            Buxoro viloyat sudi raisi o‘rinbosari

O‘tkir Razikov,

Fuqarolik ishlari bo‘yicha G‘ijduvon tumanlararo sudi raisi

Коррупцияга қарши маърифат

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2018 йил
29 январдаги 490-сонли қарори билан “Судьялар одоб-ахлоқ кодекси” тасдиқланган бўлиб, мазкур Қоидалар судьялар учун касбий фаолиятда
ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий одоб-ахлоқ қоидаларини белгилайди. Унга кўра судья учун одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият бошқа мажбуриятларга нисбатан устун ҳисобланади. Суднинг фаолияти қонун устунлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган, судья одил судловни амалга оширишда унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши, судьянинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси ҳамда суднинг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган фаолиятдан ўзини тийишга мажбур.

Коррупция ва таъмагирликка қарши курашиш ҳақида такрор-такрор айтиб келинаётганлигига қарамасдан минг афсуски ханузгача судларда коррупция билан боғлиқ нохуш холатлар содир этилмоқда.

Коррупция деганда фақат пора олиш ёки бериш эмас, судья ёки суд ходимининг юриш-туриши, хатти-ҳаракати ҳам коррупция сифатида баҳоланиши мумкин.

Судья ва суд аппарати ходими фуқародан таъмагирлик қилишга ҳаққи йўқ. Шунингдек, шахсий, оилавий, ижтимоий ёки бошқа муносабатлар унинг хизматдаги хулқ-атворига, у томонидан қабул қилинаётган қарорларга таъсир этишига йўл қўймаслиги керак.

Суд ходими ўз хизмат мавқеидан шахсий фойда олиш ёки бошқа шахслар манфаатини қаноатлантириш мақсадида фойдаланиши мумкин эмас.

Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда судья ва суд ходимларининг ойлик иш ҳақилари оширилганлигини, шу сабабли ҳар бир судья ва суд ходими ўз ишига виждонан ёндошиши, фуқаролар билан ҳушмуомалада бўлиши, фуқароларни ортиқча овора қилмаслик лозим.

Бинобарин, пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш, порахўрлик, таъмагирлик тушунчаларининг маъносини тушунтириб, судья одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятига ўтказилган тазйиқ ва аралашувлар, муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик учун ҳақ (пора) таклиф қилинган тақдирда, Судьяларнинг олий малака ҳайъатига хабар бериши  шартлигини, суд ходими бу ҳақда тегишли суд раисига хабар беришга  мажбурлигини, хабарномага қўйилган талабларни, прокуратура  органларига хабарнома нусхасини юбориш тартиби, пора таклиф қилган шахслар тўғрисида хабар берганлик учун мукофот бериш тартиби жорий қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январда қабул
қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига кўра, коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий
ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда
фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.

Мазкур қонунга мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини
    юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни
    шакиллантириш;
  • Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг
    олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт  шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг
    муқаррарлиги принципини таъминлаш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари коррупцияга қарши курашишда давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупцияга қарши курашишнинг муҳим масалаларини белгилашни назарда тутади.

Мазкур ҳужжатларнинг алоҳида хусусиятлари шундан иборатки,
уларда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг
устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари, коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича янги тартиботлар ва чоралар, шунингдек бу борада давлат органларининг устувор вазифалари белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий
давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича
чора-тадбирларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган Коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди.

Шу билан бирга кетма кет икки йил давомида коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги қониқарсиз деб топилган давлат ташкилотлари раҳбарларига белгиланган тартибда интизомий жавобгарлик
чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилиши белгиланди.

Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупцияянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси, Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши
ички назорат тузилмалари кабилар ва уларнинг коррупцияга қарши курашишдаги ваколатлари белгиланган.

Хулоса сифатида шуни қайд этиш жоизки, коррупцияга қарши курашишда президентлик институти алоҳида ўрин тутмоқда. Шу боис, бугунги кунда давлатимизда коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг асосий ташаббускори давлатимиз раҳбари эканлиги ҳамда бу борадаги хорижий тажрибадан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг коррупцияга қарши курашишдаги ваколатларини
қонун даражасида белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Давлат Ҳакимов,

Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси

Шерали Юлдашев,

Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси

Реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклашнинг ўзига хос жиҳатлари

Кейинги йилларда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан оқлов ҳукмлари чиқарилиши ортиб бораётганлигини кўрсатиб туриб. Лекин, реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклаш амалиётида суриштирув ва тергов идоралари билан бир қаторда суд амалиётида ҳам ягона ёндашувнинг мавжуд эмаслиги айрим ҳолларда фуқароларимизнинг норозилигига, уларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларининг бирмунча сусайишига сабаб бўлмоқда.

Бугунги кунда фуқароларимизнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини, аниқса реабилитация қилинган шахсларни ишга тиклаш билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган амалиёт бундай ҳуқуқларни ҳар доим ҳам тўла-тўкис таъминланмоқда, дея олмаймиз. Бу борадаги амалиётда ёндошувларнинг ҳар хиллиги кишини ажаблантиради.

Реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқларини тиклаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг
304-310-моддаларида белгиланишича суднинг ажрими, терговчи ёки прокурорнинг қарори асосида амалга оширилади.

Юқоридаги моддалар мазмунига кўра шахсни реабилитация қилиш тўғрисида тегишли вертикт чиқарган суд реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқларини тиклаши лозим бўлади. Бинобарин, ЖПКнинг 311-моддасига асосан реабилитация қилинган шахснинг ҳуқуқлари билан бир қаторда уни меҳнатга оид ҳуқуқларини тиклаш тўғрисидаги талаби қаноатлантирилмаган бўлса, ёхуд у қабул қилинган қарорга рози бўлмаса тегишли талаб билан даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Аммо, мазкур қонун нормасида реабилитация қилинган шахснинг меҳнатга оид ҳуқуқларини тиклаш билан боғлиқ талаби айнан қайси давлат органи ёки мансабдор шахси томонидан қаноатлантирилмаган ҳолларда даъво ишини юритиш тартибида судга мурожаат қилишга
ҳақли эканлиги аниқ назарда тутилмаган. Шу йўсинда қонун реабилитация қилинган шахсга “тўғри йўлни” кўрсатмайди.

ЖПКнинг “талаб қилиш ҳуқуқи” деб номланган 312-моддасига кўра, реабилитация этилган шахсни ишга тиклаш бўйича ҳеч қандай процессуал ҳужжат қабул қилинмайди, фақат унга тушунтирувчи билдириш хати юборилади, холос.

Бундай мазмундаги норма қатор тушунмовчиликларни келтириб чиқаради.Тушунмовчилик мазкур меъёрнинг турли талқин қилиниши билан боғлиқ.

Бугунги кунда мамлакатимизда ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб шахс ҳуқуқларини чеклашга қаратилган мажбурлов чораларини одил судлов йўли билан белгилаш борасида ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шахсни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги масаланинг муҳимлиги, бу фуқаронинг
меҳнат қилиш ҳуқуқининг таркибий қисми бўлганлиги боис қонун бу масаланинг ҳам суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилишини назарда тутади. Аммо, қонун бир вақтнинг ўзида суд ажрими асосида айблонувчи, судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини суруштирувчи , терговчи, прокурорнинг қарори билан “бекор қилиниши” мумкинлигини ҳам инкор қилмайди, Фақат бундай ҳолларда суриштирувчи, терговчи, прокурор судни хабардор қилиб қўйиши талаб қилинади.

Амалдаги тартибга кўра, дастлаб иш берувчига шахсни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги суднинг ажрими тақдим қилиниб, у лавозимидан четлаштирилади, у реабилитация қилингандан кейинчи? Айнан шу жойга келганда, яъни шахс реабилитация қилингандан сўнг шахсни ишга тиклаш бўйича иш берувчига қайси органнинг ҳужжати тақдим қилинади, деган саволга қонунларимизда ҳеч нарса дейилмаган. Балким, бу саволга ЖПКнинг 255-моддаси 4-бандига асосан қабул қилинган терговчи қарорига биноан масала ҳал бўлади, дейиш мумкиндир. Аммо суднинг ажрими асосида ходимни ишдан четлаштирган иш берувчи тергов органининг қарорига асосан ходимни ишга тиклармикин? Агар тиклаши шарт бўлса, бу ҳақда ҳеч қаерда ёзилмаган. Бу борадаги қонун ҳужжатларини таҳлил қилганимизда шахс ҳуқуқларини чеклашга қаратилган қонун меъёрлари анчайин мукаммалигига, аксинча уни тиклашга қаратилганларида эса қатор бўшлиқлар мавжудлигига гувоҳ бўламиз.

Бугунги кунда реабилитация қилинган шахсларни, айниқса ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш бўйича суд амалиётида турли ёндошувлар мавжуд. Бу борадаги суд амалиёти амалдаги қонунлар, қонун ости ҳужжатлари ва шу билан бирга 2019 йил 4 февралдаги Олий суд томонидан барча судларга юборилган 11-9-10-сонли хат ва 2020 йил
26 ноябрда Олий суднинг РС-54-20-сонли реабилитация билан боғлиқ ишга тиклаш, иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақидаги Раёсат қарорига таяниб шаклланган.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида суднинг айблов ҳукми билан ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо тайинланган ва реабилитация қилинган
шахслар учун ҳарбий ёки махсус унвонларни қайтариб бериш асослари
ва тартиби назарда тутилмаган. Бизнингча реабилитация этилган шахснинг бошқа ҳуқуқларини тиклаш баробарида, агарда суднинг
айблов ҳукми билан ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш
тарзидаги қўшимча жазо қўлланилган бўлса, бундай ҳарбий ёки махсус унвонлар унга қайтариб берилиши билан боғлиқ масала ҳам ҳал этилиши лозим.

Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда
биринчи навбатда реабилитация қилинган шахслар, айниқса реабилитация қилинган ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш билан боғлиқ суд амалиётини бир хиллаштириш мақсадида аввало мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини унификациялаш, шу билан бир қаторда Олий суднинг тегишли Пленум қарорини ишлаб чиқиш лозим. Бундан ташқари мазкур муносабатларнинг кенг қамровлилиги ва ўзига хослигидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикасининг “Реабилитация қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қабул қилиш лозим.

Зафар Усмонов,

Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди раиси

Шерали Юлдашев,

Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси

Сервитут-бошқа шахсларнинг мулкидан чекланган ҳолда фойдаланиш ҳуқуқи

Сервитут белгилашни талаб қилаётган шахс билан ўзга ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ сервитут белгиланади ва у кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Сервитутни белгилаш хусусида келиша олинмаса ёки унинг шартларида муросага келинмаса, баҳс сервитут белгилашни талаб қилаётган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал этилади.

Сервитут белгиланган участканинг эгаси, агар қонунда бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, сервитут кимнинг фойдасини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахсдан участкадан фойдаланганлик учун мутаносиб ҳақ талаб қилишга ҳақлидир.

Кўчмас мулк (ер участкаси, бошқа кўчмас мулк) эгаси қўшни ер участкасининг эгасидан, зарур ҳолларда эса — бошқа ер участкасининг эгасидан ҳам ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини беришни талаб қилишга ҳақлидир.

Ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур линияларини ўтказиш ва улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш учун, шунингдек кўчмас
мулк эгасининг эҳтиёжларини сервитут белгиламай туриб таъминланиши мумкин бўлмаган бошқа эҳтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин.

Ер участкасида сервитут белгиланиши ер участкаси эгасининг
ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф
этиш ҳуқуқларидан маҳрум этмайди.

Участка мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилган ёки доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган шахснинг манфаатлари ва талаби бўйича ҳам ушбу модданинг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган шартларда ва тартибда сервитут белгиланиши мумкин.

Ундирув гаровга қўйилган ер участкасига қаратилган тақдирда гаровга қўювчи ер участкаси унинг бино ёки иншоотдан ўз ўрнида фойдаланиш учун зарур бўлган қисмидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини сақлаб қолади. Участканинг бу қисмидан фойдаланиш шартлари гаровга қўювчининг гаровга олувчи билан келишуви асосида, низо чиққан тақдирда эса — суд томонидан белгиланади.

Агар ер участкасининг тегишли қисмидан фойдаланиш шартлари уни сотиш шартномаси билан белгиланган бўлмаса, сотувчи ер участкасининг кўчмас мулк жойлашган ва бу кўчмас мулкдан кўзланган мақсадларда фойдаланиш учун зарур бўлган қисмидан чекланган ҳолда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини сақлаб қолади.

Зафар Усмонов,

Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди раиси

Шерали Юлдашев,

Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси

Судларда фарзандликка олишга ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Жамиятнинг равнақ топишида оиланинг ўрни беқиёс бўлиб, оила- жамиятнинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Соғлом боланинг туғилиши эса оила мустаҳкамлиги ва бардавом бўлиши, эр-хотининг бахтиёр яшашларининг муҳим гарови ҳисобланади. Фарзанд- бу ота-она қувончи, бахти ва ҳаёт давомчиси. Фарзанд нафақат оила учун, балки оила ва жамият ҳамда мамлакат учун учун ҳам азиздир.

Бироқ, турли сабабларга кўра айрим оилаларда фарзанд дунёга келмайди. Баъзи ота-оналар эса ўз жигарбандларини тарбиялашдан воз кечиб кетади.

Оила инстутини мустаҳкамлаш, оилалар барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида ҳам фарзандликка олиш инстути Оила кодексида алоҳида боб сифатида кўрсатилиб, фарзандликка олувчи шахслар, фарзандликка олиш тартиби, шартлари, ҳуқуқий оқибатлари, бекор қилиш асослари ва тартиби кўрсатиб ўтилган.

Аслида фарзандликка олишнинг ҳуқуқий асосларининг вужудга келиши бошқа давлатларда бир неча асрларга бориб тақалади. Мисол учун АҚШда фарзандликка олиш ҳақидаги дастлабки қонунлардан бири Массачусетс штати томонидан 1851 йилда қабул қилинган “Фарзандликка олишнинг асослари тўғрисидаги” қонун ҳисобланади.

Мамлакатимизда эса бу ҳақидаги дастлабки нормалар Биринчи Бош қомусимизнинг 65-моддасида келтирилган бўлиб, унга кўра оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгиланган.

Фарзандликка олиш ишлари фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўрилиб, фарзандликка олиш Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сонли қарори билан тасдиқланган “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низом асосида амалга оширилади.

Фарзандликка олиш вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан йўл қўйилади.

Фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар, фарзандликка олувчилар (олувчи), васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари, шунингдек прокурор иштирокида кўриб чиқилади.

Ушбу тоифадаги ишларнинг судларда кўриб чиқилишининг ўзига хос томонлари шундан иборатки, фарзандликка олиш сир сақланиши мақсадида ишлар ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Суд мажлиси жараёнида ишда иштирок этувчи шахслар фарзандликка олиш билан боғлиқ маълумотларни сир сақлашлари зарурлиги, ушбу сирни ошкор қилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси                          125-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилади.

Жиноят кодекси 125-моддасига кўра, фарзандликка бола олувчиларнинг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига қарши, етим ёки ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка олишнинг қонун билан қўриқланадиган сирини ошкор қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Қонунга кўра, вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин.

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;

қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;

асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;

фарзандликка олганлиги бекор қилинган собиқ фарзандликка олувчилар;

қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар вояга етмаган болаларни фарзандликка ололмайдилар.

Фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлмаслиги шарт, ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳолларига ушбу чеклов истосно қилинган.

Яна бир муҳим жиҳат, Оила кодекси 155-моддасига кўра ўн ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб этилади. Корея Республикаси қонунчилигига кўра фарзандликка олиш учун 6 ёшдан ошган болаларнинг розилиги талаб қилинса, Италияда мазкур ёш 14 ёш қилиб белгиланган.

Чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган, бошқа давлат ҳудудида доимий яшаётган болани Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олиш мазкур бола доимий яшаётган давлатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, фарзандликка олинаётган бола етим ва фарзандликка олувчиларнинг яқин қариндоши бўлган ёки ўз ватанида турли сабабларга кўра фарзандликка олиниши мумкин бўлмаган ҳолларда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшаб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, шунингдек чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фарзандликка олиш ҳақидаги аризалари фарзандликка олинаётган боланинг яшаш жойидаги вилоят суди томонидан кўриб чиқилади.

Ниятимиз, барча оилаларда чақалоқ йиғиси эшитилиб, мазкур турдаги ишлар судларда камайиб, ҳар бир бола ота-онаси бағрида камол топади.

Зафар Усмонов,

Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди раиси

Шерали Юлдашев,

Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси

Фуқаролик ишларини кўришда прокурор иштироки

Тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, ариза берувчилар
ва судда кўрилаётган алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича бошқа манфаатдор шахслар, прокурор, ишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этадиган давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар ишда иштирок этувчи шахслар деб тан олинади.

Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар, агар иш бўйича қабул қилинадиган ҳал қилув қарори уларнинг тарафлардан бирига нисбатан бўлган ҳуқуқларига ёки мажбуриятларига таъсир этадиган бўлса, суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар даъвогар ёки жавобгар тарафида ишга киришиши мумкин. Улар тарафларнинг, прокурорнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномаси бўйича ёхуд суднинг ташаббуси билан ҳам ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин.

Агар фуқаро соғлиғининг ҳолати, ёши ёки бошқа сабабларга кўра судда ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлмаса, прокурор фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек прокурорнинг аризасига кўра қўзғатилган ишлар бўйича фуқаролик ишининг муҳокамасида иштирок этишга ҳақли. Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.

Ариза берган прокурор даъвогарнинг барча процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади ва барча процессуал мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи ва суд харажатларини тўлаш мажбурияти мустасно.

Прокурор берган аризасидан бутунлай ёки қисман воз кечиш, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўзи арз қилган талаблар бўйича судга тушунтиришлар бериш, иш мазмуни юзасидан, шунингдек ишнинг муҳокамаси вақтида келиб чиққан айрим масалалар бўйича ўз фикрини баён этиш, суд ҳужжати устидан протест келтириш ҳуқуқига эга.

Агар даъвогар рози бўлмаса, прокурор ўзи арз қилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, қўшимча талаблар билдиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтиришга ёхуд камайтиришга
ҳақли эмас.

Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши, агар бу учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилмаса, даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.

Прокурорнинг бошқа шахс манфаатларини ҳимоя қилиш учун тақдим этган ўз даъвосидан (аризасидан) воз кечиши, ушбу шахсни ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Прокурорнинг, шунингдек бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиб судга мурожаат қилган давлат бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг ва фуқароларнинг арз қилинган талаблари тўлиқ ёки қисман рад этилганда, жавобгар қилган суд харажатларининг ўрни унга бюджет маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки даъвогар арз қилган талабларнинг рад этилган қисмига мутаносиб равишда қопланади.

Прокурор ёки адвокат раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунмаган тақдирда, улар огоҳлантирилади. Мазкур шахслар раислик қилувчининг фармойишларига яна бўйсунмаса, агар уларни ишга зарар етказмаган ҳолда бошқа шахс билан алмаштиришнинг имкони бўлмаса, ишни кўриш суднинг ажримига биноан кейинга қолдирилиши мумкин. Суд бир вақтнинг ўзида хусусий ажрим чиқаради, ушбу ажрим тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига юборилади.

Прокурор ёки адвокатнинг узрсиз сабаблар билан келмаганлиги тўғрисида суд хусусий ажрим чиқаради, бу ҳақда тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига маълум қилади.

Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган прокурор, шунингдек давлат бошқаруви органларининг, ташкилотларнинг вакиллари ёки айрим фуқаролар суд музокараларида биринчи бўлиб сўзга чиқади.

Ишда иштирок этувчи прокурор суд музокараларидан кейин низонинг моҳияти бўйича ўз фикрини баён этади, бундан прокурорнинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берган аризаси бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.

Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни фарзандликка олувчилар (олувчи), васийлик ва ҳомийлик органларининг вакиллари, шунингдек прокурор албатта иштирок этган ҳолда кўриб чиқади.

Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ишлар албатта прокурорнинг иштирокида кўрилади.

Суд фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ишни албатта мазкур фуқаронинг, прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида кўради. Агар фуқаро суд мажлисига келмаса, ушбу Кодекс 186-моддасининг қоидалари қўлланади.

Суд фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишни прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг вакили иштирокида кўриб чиқади. Иши кўриб чиқилаётган фуқаро, агар унинг соғлиғи ҳолати имкон берса, суд мажлисига чақирилади.

Мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги иш аризачининг вакили, учинчи шахслар ва прокурор иштирокида суд томонидан кўриб чиқилади.

Йўқолган суд ишини юритиш суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларнинг, прокурорнинг аризасига биноан, шунингдек суднинг ташаббусига кўра тикланиши мумкин.

Прокурор, юқори турувчи прокурор прокурорнинг иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек тарафларнинг мурожаати мавжуд
бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция протести келтиришга ҳақли.

Прокурор иштирокисиз кўриб чиқилган иш бўйича апелляция протестига тарафнинг мазкур протестни келтириш учун асос бўлиб хизмат қилган мурожаатининг кўчирма нусхаси илова қилинади.

Прокурорнинг ёки адвокатнинг судга узрли сабабларсиз келмаганлиги тўғрисида суд хусусий ажрим чиқариб, бу ҳақда тегишли юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига
хабар беради.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларидан сўнг прокурор суд ҳужжатининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилиги тўғрисида фикрини баён этади, бундан прокурорнинг протести бўйича қайта кўрилаётган суд ҳужжатлари мустасно.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари ва прокурор фикри эшитилгандан сўнг апелляция инстанцияси суди ажрим чиқариш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киради.

Прокурорнинг иштирокисиз кўрилган иш бўйича кассация протестига тарафнинг протест келтиришга асос бўлиб хизмат қилган мурожаатининг кўчирма нусхаси илова қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари, вилоят прокурори, унга тенглаштирилган прокурор ва уларнинг ўринбосарлари ушбу Кодекснинг 403-моддасида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда, кассация протести келтириш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун тегишли суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли.

Зафар Усмонов,

Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди раиси

Шерали Юлдашев,

Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси

Skip to content