МЕДИАЦИЯ – низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган институт

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамлар қўйилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан кўплаб қонун, Фармон ва қарорлар қабул қилинган бўлиб, уларда судларнинг халқчиллиги ва очиқлиги, инсон ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш каби чоралар белгиланиб, бир қатор ишлар амалга оширилди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлаб олишнинг очиқ ҳамда шаффоф механизмини яратиш бўйича ҳам комплекс чора-тадбирлар олиб борилди.

Барчамизга аёнки, низоларни муқобил ҳал қилиш институтини ривожлантириш, яъни айрим тоифадаги ишларни судгача ва суддан ташқари ҳал қилиш механизмларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация институти билан низони ўзаро ҳал этиш жараёни алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Юритимизда ҳам низоларни тинч йўл билан бартараф этиш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилган бўлиб, “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун мазкур институтнинг кенг ривожланишига замин яратди.

Мазкур Қонун 2018 йил 3 июлда қабул қилинди ва у 2019 йил 1 январдан кучга кирди.

Қонуннинг 15-моддаси 2-қисмида медиация низони суд тартибида кўриш жараёнида ҳам қўллаш мумкинлиги назарда тутилган ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикадиинг Фуқаролик кодекси, Солиқ қодекси, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини Қонун нормаларига мувофиқлаштириш мақсадида ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Суд иш юритувининг ҳар қандай босқичида, жумладан суд ҳужжати ижроси босқичида ҳам тузилиши мумкин бўлган келишув битимидан фарқли равишда, “Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддаси медиация низони кўриш жараёнида суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар татбиқ қилиниши мумкинлигини назарда тутади. Шу муносабат билан, ФПК ва ИПКда тарафлар биринчи инстанция судида даъво тартибидаги иш юритувда суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар медиатив келишув тузиш билан иш юритишни якунлашга ҳақлилиги белгиланди.

Куйида медиация тўғрисидаги зарурий ва ҳамма билиши шарт бўлган қоидалар ҳақида тўхталишни жоиз топдим.

*даъвогар ва мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўртасида фақат келишув битими эмас, медиатив келишув ҳам тузилишига йўл қўйилади (ФПК 49-модда ва ИПК 48-модда);

*ариза (даъво ариза) берган прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар барча процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи мустасно (ФПК 51-модда ва ИПК 49, 50-моддалари);

*медиаторлар ўзларининг мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган ҳолатлар тўғрисида гувоҳ сифатида чақирилиши ва сўроқ қилиниши мумкин эмас (ФПК 56-модда ва ИПК 53-модда);

*шартнома бўйича вакиллик қилувчининг медиатив келишув тузиш ваколатлари ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлиши керак (ФПК 69-модда ва ИПК 63-модда);

*суд тарафлар медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида келишув тузган тақдирда иш юритишни тўхтатиб туриши шарт ва бу ҳолда иш юритиш медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тугагунгача, лекин олтмиш кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатилади (ФПК 116 ва 118-моддалари, ИПК 101 ва 103-моддалари);

*суд мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш билан низони ҳал этиш тартибига даъвогар риоя этмаган бўлса, даъво аризани кўрмасдан қолдирилади (ФПК 122-модда ва ИПК 107-модда);

*тарафлар медиатив келишув тузган бўлса, суд даъво аризани кўрмасдан қолдирилади (ФПК 122-модда ва ИПК 107-модда);

* низо медиатив келишув билан медиация тартибида ҳал қилинган тақдирда, тўланган давлат божи қайтариб берилади (Қонун 17-моддаси)

Демак, медиация институти низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган бўлиб, ортиқча овворагарчиликлар ва чиқимларсиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.

      Баходир Эргашев,

      Бухоро вилоят суди судьяси

      Феруз Комилжонов,

      Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси

Конституциявий одил судлов, хорижий ва Ўзбекистон республикалари мисолида

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши, судьяларнинг мустақиллиги, фақат қонунга бўйсуниши, уларнинг одил судловни
амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўймаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши қатъий белгилаб қўйилган.

Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг
чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармонига кўра, судьяларнинг юридик жавобгарлиги масаласини ҳал этиш пайтида уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида шундай тартиб ўрнатилди-ки, унга мувофиқ 2021 йилдан бошлаб, судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан Судьялар олий кенгаши раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабар берилади.

Судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилади.

Суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширига тўсқинлик қилаётган
омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб борилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ислоҳотларнинг бош мезони ва қонуннинг асосларини яратиш ҳамда такомиллаштиришнинг бошланғич нуқтаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Икром Тошов,

Бухоро вилоят суди судьяси

Шавкат Зиядуллаев,

Бухоро вилоят суди судьяси

Коррупцияга қарши маърифат

Коррупцияга қарши маърифат

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2018 йил
29 январдаги 490-сонли қарори билан “Судьялар одоб-ахлоқ кодекси” тасдиқланган бўлиб, мазкур Қоидалар судьялар учун касбий фаолиятда
ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий одоб-ахлоқ қоидаларини белгилайди. Унга кўра судья учун одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият бошқа мажбуриятларга нисбатан устун ҳисобланади. Суднинг фаолияти қонун устунлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган, судья одил судловни амалга оширишда унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши, судьянинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси ҳамда суднинг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган фаолиятдан ўзини тийишга мажбур.

Коррупция ва таъмагирликка қарши курашиш ҳақида такрор-такрор айтиб келинаётганлигига қарамасдан минг афсуски ханузгача судларда коррупция билан боғлиқ нохуш холатлар содир этилмоқда.

Коррупция деганда фақат пора олиш ёки бериш эмас, судья ёки суд ходимининг юриш-туриши, хатти-ҳаракати ҳам коррупция сифатида баҳоланиши мумкин.

Судья ва суд аппарати ходими фуқародан таъмагирлик қилишга ҳаққи йўқ. Шунингдек, шахсий, оилавий, ижтимоий ёки бошқа муносабатлар унинг хизматдаги хулқ-атворига, у томонидан қабул қилинаётган қарорларга таъсир этишига йўл қўймаслиги керак.

Суд ходими ўз хизмат мавқеидан шахсий фойда олиш ёки бошқа шахслар манфаатини қаноатлантириш мақсадида фойдаланиши мумкин эмас.

Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда судья ва суд ходимларининг ойлик иш ҳақилари оширилганлигини, шу сабабли ҳар бир судья ва суд ходими ўз ишига виждонан ёндошиши, фуқаролар билан ҳушмуомалада бўлиши, фуқароларни ортиқча овора қилмаслик лозим.

Бинобарин, пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш, порахўрлик, таъмагирлик тушунчаларининг маъносини тушунтириб, судья одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятига ўтказилган тазйиқ ва аралашувлар, муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик учун ҳақ (пора) таклиф қилинган тақдирда, Судьяларнинг олий малака ҳайъатига хабар бериши  шартлигини, суд ходими бу ҳақда тегишли суд раисига хабар беришга  мажбурлигини, хабарномага қўйилган талабларни, прокуратура  органларига хабарнома нусхасини юбориш тартиби, пора таклиф қилган шахслар тўғрисида хабар берганлик учун мукофот бериш тартиби жорий қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январда қабул
қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига кўра, коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий
ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда
фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.

Мазкур қонунга мувофиқ, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

  • Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини
    юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни
    шакиллантириш;
  • Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг
    олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт  шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг
    муқаррарлиги принципини таъминлаш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари коррупцияга қарши курашишда давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупцияга қарши курашишнинг муҳим масалаларини белгилашни назарда тутади.

Мазкур ҳужжатларнинг алоҳида хусусиятлари шундан иборатки,
уларда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг
устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари, коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича янги тартиботлар ва чоралар, шунингдек бу борада давлат органларининг устувор вазифалари белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий
давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича
чора-тадбирларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш, баҳолаш ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган Коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилди.

Шу билан бирга кетма кет икки йил давомида коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги қониқарсиз деб топилган давлат ташкилотлари раҳбарларига белгиланган тартибда интизомий жавобгарлик
чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилиши белгиланди.

Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупцияянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси, Жамоатчилик назоратини ривожлантириш жамғармаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши
ички назорат тузилмалари кабилар ва уларнинг коррупцияга қарши курашишдаги ваколатлари белгиланган.

Хулоса сифатида шуни қайд этиш жоизки, коррупцияга қарши курашишда президентлик институти алоҳида ўрин тутмоқда. Шу боис, бугунги кунда давлатимизда коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг асосий ташаббускори давлатимиз раҳбари эканлиги ҳамда бу борадаги хорижий тажрибадан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг коррупцияга қарши курашишдаги ваколатларини
қонун даражасида белгилаб қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.

                Баходир Эргашев,

            Бухоро вилоят суди судьяси

Озоджон Новрузов,

            Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди раиси

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга, аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга, инсоннинг қадр-қиммати устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилиши

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий  демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг муҳим шартларидан биридир.

Чунки, инсон шаъни, қадр-қимати, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари айнан адолатли ва мустақил суд томонидан ҳимоя қилинади.

Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштириш, Конституция устуворлиги, қонун олдида тенглик, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимятининг мустақиллигини таъминлаш, суд жараёнида тортишув тамойилларини татбиқ этиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича чора-тадбирлар мажмуи қабул қилинди.

Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигини 32 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида суд тизими мустақил бўлмас экан, жамиятимизда ривожланиш бўлмайди. Суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига
ишонч ҳосил қилиши лозим. Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши керак. Судьялар ишига
ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади. Қанчалик қийин бўлмасин, суд тизимидаги ислоҳотларимизни, албатта, давом эттирамиз”, деб таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга, Президентимиз 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам мазкур масалага тўхтатилиб, ўтиб қисқа муддатда ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича
ишлашга ўргатадиган, одил судлов сифатини оширадиган тизим яратилишини қайд этди.

Шу муносабат билан 2023 йил 16 январь Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари қабул қилинди.

Мазкур тарихий ҳужжатларда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, Президентимизнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини
янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 2023-2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг
қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар
дастури тасдиқланди.

Стратегия Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари, устувор йўналишлари ҳамда истиқболли вазифаларини белгилайди, шунингдек соҳага илғор халқаро стандартларни янада кенг жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу Стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишнинг 10 та йўналиши бўйича 28 та чора-тадбирлари белгилаб қўйилди.

Жумладан, уларга кўра, тергов устидан суд назоратини кучайтириш мақсадида “Хабеас корпус” институти амалиётга янада кенгроқ жорий
этилмоқда.

Кези келганда шуни айтиш керакки, тараққий этган давлатларда
жиноий таъқибга учраган, ҳибсга олинган ёки қамоқда сақланаётган фуқаронинг адолатли суд орқали ҳимояланишга бўлган ҳуқуқини “Хабеас-корпус” деб номлаш одат тусига кирган. “Хабеас-корпус” атамаси лотинчадан олинган бўлиб, “шахсни (судга) келтириш” деган маънони англатади. 1679 йил 26 май куни инглиз Парламенти томонидан қабул қилинган қонун – “Хабеас-Корпус Акт” атамасидан олинган.

Таъкидлаш жоизки, низоларни муқобил ҳал қилиш институтини ривожлантириш, яъни айрим тоифадаги ишларни судгача ва суддан ташқари ҳал қилиш механизмларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳтларнинг муҳим таркибий қисмидир.

Ҳозирги кунда ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқий тизимида низони судгача олиб бормасдан, муқобил йўл билан ҳал қилишга қаратилган медиация-тарафлар ихтиёрий розилиги билан низони ўзаро ҳал этиш
жараёни алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Шу ўринда, 2019 йил 1 январдан кучга кирган “Медиация тўғрисда”ги қонун ушбу институтни амалиётга кенгроқ жорий этишга замин яратганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Таҳлилларга кўра, сўнги 3 йилда фуқаролик судлари томонидан медиация тартиб-таомили  қўлланилиб ва медиатив келишув бўйича кўрмасдан қолдирилган ишлар сони ошганлигини кўришимиз мумкин.

Баходир Эргашев,

            Бухоро вилоят суди судьяси

Феруз Комилжонов,

            Фуқаролик ишлари бўйича

            Бухоро туманлараро суди судьяси 

Болаларнинг таъминоти учун қилинадиган қўшимча харажатлар

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгмилаб қўйилган. Мазкур раҳбарий қоида асосида фарзандларнинг ота-она томонидан таъминоти хусусидаги  ҳуқуқий нормалар ишлаб чиқилган бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 5-бўлимида ўз аксини топган.

Шулар жумласида кичик бир норма мавжудки, унга кўра, яъни Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 103-моддасида болаларнинг таъминоти учун қилинадиган қўшимча харажатлар тўғрисидаги қоидалар мустаҳкамланган.

Ота-она нафақат болаларни моддий таъминланиши ёки бунинг учун алимент бериши лозим, балки болалар таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларни амалга ошириши лозим бўлади. Бундай ҳолатлар қонунчиликда “фавқулодда ҳолатлар” сифатида баҳоланади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 103-моддасида ота-она фавқулодда ҳолатларда боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харидларда иштирок этиши шартлиги белгиланган. Бунда фавқулодда ҳолатлар жумласига боланиннг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар киритилган. Масалан, бола касал бўлиб қолганда унинг соғлиғини тиклаш ва парвариш қилиш учун кетган сумма ҳамда боланинг даволаниши учун зарур бўлган дори-дармон харажатлари ота-она ўртасида тенг тақсимланиши зарур.

Қоидага кўра, болаларнинг таъминоти учун қўшимча харажатлар ота-она томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилиши зарур. Агар ота ёки она бундай харажатларни амалга оширишдан бош тортса, суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради. Пул билан тўланадиган қатъий сумма миқдори суд томонидан иш материаллари ўрганиб чиқилиб, боланинг соғлиғини тиклаш учун қилиниши лозим бўлган харажатлар, махсус парваришда бўлиши ва дори-дармонлар учун кетадиган суммадан келиб чиқиб белгиланади.

Шохида Бозорова,

         Фуқаролик ишлари бўйича

         Ромитан туманлараро суди раиси

Зубайда Курбанова,

         Фуқаролик ишлари бўйича

         Ромитан туманлараро суди судьяси

Интеллектуал мулк ҳимоясида медиация ва ҳакамлик судларининг ўрни

Бугунги кунда интеллектуал мулкка оид қонунчилик изчил ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилиш, интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш, интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш, муаллиф ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилишга катта эътибор берилмоқда.

Мамлакатимизда барча ҳуқуқ соҳалари каби интеллуктуал мулк ҳуқуқи соҳаси ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Интеллектуал мулк ҳуқуқи ўз моҳиятига кўра, инсон ижодий фаолияти маҳсулларини яратиш, улардан фойдаланиш, фикрлаш белгиларининг муамалада бўлиши билан боғлиқ муносабатларни, шунингдек интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқларини муҳофаза қилишни тартибга солувчи нормалар йиғиндиси ҳисобланади.

Шунингдек, интеллектуал мулк соҳасидаги низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиблари кенг жорий қилинган бўлиб, қонуний
ҳимояланган.

Интеллектуал мулк ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзининг асосларига эга бўлиб, Конституциянинг
42-моддасида ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиши ҳамда давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилиши белгилаб берилган. Умуман олганда, интеллектуал мулк ҳуқуқи илмий-техник тараққиёт ютуқлари, инсон ижодий фаолияти ва унинг мақсадларидан фойдаланишни, мутлақ ҳуқуқларни муҳофаза қилиш
ҳамда ғоят кенг қамровли ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Гарчи, улар мавжуд қонунларда назарда тутилмаган бўлса ҳам, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган қоидалар мазмунидан келиб чиқиб, интеллектуал мулк ҳақидаги қоидалар қўлланилади. ФКнинг 4-бўлими интеллектуал мулкка бағишланган.

Бундан ташқари, интеллектуал мулкнинг алоҳида объектлари бўйича тегишли қонунлар ва қарорлар мавжуд.

Интеллектуал мулк ҳуқуқи нисбатан янги йўналиш бўлишига қарамасдан, мамлакатимиз миллий ҳуқуқ тизимида энг тез суръатлар билан ривожланаётган йўналишлардан ҳисобланади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасида фан, адабиёт ва санъат асарларини (муаллифлик ҳуқуқи), ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришларини (турдош ҳуқуқлар) яратиш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш мақсадида, 2006 йил 21 июлда “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.

Мазкур қонуннинг 65-моддасига мувофиқ, муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузардан қуйидагиларни: ҳуқуқларни тан олишини, ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклашини ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиш хавфини юзага келтирадиган ҳаракатларни тўхтатишини, ҳуқуқ эгасининг
ҳуқуқи бузилмаган тақдирда, у фуқаролик муомаласининг одатдаги шароитларида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромади миқдоридаги зарарларнинг ўрнини қоплашини;

Агар ҳуқуқбузар муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқларни бузиш оқибатида даромадлар олган бўлса, ҳуқуқ эгалари бошқа зарарлар билан бир қаторда бой берилган фойдани бундай даромадлардан кам бўлмаган миқдорда қоплашини, зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорида тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини, ушбу қонунда белгиланган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган, қонунчиликда назарда тутилган бошқа чоралар кўришини талаб қилишга ҳақли.

Муаллиф ва ижрочи ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда, ҳуқуқбузардан маънавий зиён қоплашини талаб қилишга ҳақлидир. Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот мулкий ҳуқуқларини бошқариш шундай ташкилот томонидан амалга оширилаётган шахсларнинг бузилган муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, қонунда белгиланган тартибда ўз номидан ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгилаб берилган.

Шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 апрелда “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни соҳани янада ривожлантиришга қаратилган десак, муболаға бўлмайди.

Ушбу қарор билан мамлакатда иқтисодиёт тармоқларига интеллектуал фаолият натижалари ва инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш, минтақавий брендларни яратиш, контрафақат маҳсулотлар реализациясининг олдини олиш, интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, шу билан бирга, интеллектуал мулк объектларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, соҳада содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга ўз вақтида чора кўриш, муаллифларнинг ва бошқа ижодкорларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, хорижий компанияларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувида янада такомиллаштириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда контрафакт маҳсулотларга самарали қарши курашиш назарда тутилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, интеллектуал мулк соҳасининг мазкур қонун ва қарорлар билан мустаҳкамланиши жамиятда интеллектуал мулк муҳофазасини таъминлаш, унинг ҳуқуқий
асосларини янада яхшилаш, ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаравонлигини оширишга хизмат қилади.

Шухрат Аббасов,

Бухоро вилоят суди судьяси

Сарвиноз Қамбарова,

Бухоро вилоят суди судьяси

ВАКИЛЛИК ИНСТИТУТИ ТАРТИБ-ТАОМИЛИ ВА ЎЗИГА ХОСЛИКЛАРИ

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш одил судлов тизими орқали амалга оширилади.

Суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган. Малакали юридик ёрдам турли шаклларда кўрсатилиши мумкин. Шулардан бири суддаги вакиллик институтидир.

Фуқаролик процессуал кодекснинг 65-моддасида фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ва ўз вакиллари орқали юритиши мумкинлиги белгиланган.

Вакиллик — ишончнома, қонун, суд қарори ёки вакил қилинган давлат органининг ҳужжатига асосланган ваколат билан бир шахс (вакил) томонидан бошқа шахс (ваколат берувчи) номидан тузилган битим ҳисоб­ланади. У ваколат берувчига нисбатан фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бевосита вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади.

Ваколатсиз вакиллик – вакил қилинмаган шахс томонидан бошқа шахс номидан тузилган ёки ваколатлардан ташқари чиқиб тузилган битим ваколат берган шахс ушбу битимни кейинчалик маъқулланган тақдирдагина унинг учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Битим тузишга ваколат берган шахс битимнинг ижрога қабул қилинганидан гувоҳлик берувчи ҳаракатлар қилгани ҳам унинг маъқулланганини кўрсатади.

Бундан ташқари фуқаролик ҳуқуқида “тижорат вакиллиги” деган тушунча ҳам мавжуд бўлиб, тадбиркорлар шартнома тузаётганида улар номидан вакиллик қилувчи шахс (тижорат вакили) вакилнинг ваколатлари кўрсатилган ёзма шартнома асосида, бундан ваколатлар кўрсатилмаган тақдирда ишончнома асосида ҳам иш олиб боради. Тижорат вакили ўзининг иштирокида тузилган шартномадаги турли тарафларнинг манфаатларини фақат бу тарафларнинг розилиги билан ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллардагина айни бир вақтда ифодалаши мумкин.

Шу ўринда шахсий ва бошқа ҳуқуқий муносабатларда кўп қўлланиладиган ишончнома тушунчасига алоҳида тўхталиб ўтиш зарур. Қонун талабига мувофиқ бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш юритади. Юридик шахс номидан ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни тузиш учунгина берилиши мумкин.

Ишончнома оддий ёзма ёки нотариал шаклда расмийлаштирилади.

Нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши шарт. Юридик шахс номидан бериладиган ишончнома раҳбар томонидан имзоланиб, унга ушбу юридик шахснинг муҳри босилади. Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилган бўлмаса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида амал қилади. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий ҳисобланмайди.

Қонунчиликда “ишончнома бўйича ваколатларни бошқа шахсга бериш” деган тушунча ҳам мавжуд. Бунда ишончнома берилган шахс ўз ваколатидаги ҳаракатларни шахсан амалга ошириши шарт. Башарти, унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса ёки уни ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга шароит мажбур қилса, у ҳаракатларини амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин.

Ишончноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда бекор бўлади: ишончнома муддатининг тамом бўлиши, ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши, ишончнома берилган шахснинг бош тортиши, номидан ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўхтатилиши, номига ишончнома берилган юридик шахс фаолиятининг тўгатилиши, ишончнома берган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши ёхуд унинг вафот этиши, ишончнома олган фуқаронинг муомалага лаёқатсиз, муомалага лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб ҳисобланиши ёхуд унинг вафот этиши натижасида бекор бўлади.

Ишончнома берган шахс исталган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса, ундан воз кечиши мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, вакиллик институти фуқароларнинг малакали ҳуқуқий ёрдам олишига қулайлик яратиши баробарида вақт ва моддий ресурсларни тежаши билан муҳим аҳамиятга эга.

Миразиз Ражабов,

         Фуқаролик ишлари бўйича

         Когон туманлараро суди раиси

Улуғбек Қаландаров,

         Фуқаролик ишлари бўйича

         Когон туманлараро суди судьяси

Алоҳида тоифадаги ишларни юритишда ярашув институтини қўллаш тартиби

Қозилик ишлари муҳкам фарз ва бардавом суннатдир. Қачон сенга бирон ҳужжат келтирилса, уни яхши фаҳмлаб ол. Ҳақ
равшан бўлган ҳолда уни юзага чиқар. Ўтмайдиган ҳақ учун ўртага
тушиб гапириш манфаат бермайди. Икки тараф орасида юзинг,
мажлисинг ва адолатингни бир хил қилгин. Тоинки, сенинг жавринг
ён босишингга шараф томон тамаъ қилиб қомасин ва заиф томон
сенинг адолатингдан ноумид бўлиб қолмасин. Даъво қилганга ҳужжат келтириш, инкор қилганга эса қасам ичиш лозим бўлади”,-дея
қозининг адолатли бўлишини таъкидлайди. Замонавий суд тизимида ярашув институтига катта аҳамият қаратилмоқда. Чунки, унинг пойдеворига минг йиллар олдин тамал тоши қўйилган.

Тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, ариза берувчилар ва судда кўрилаётган алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича бошқа манфаатдор шахслар, прокурор, ишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этадиган давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар ишда иштирок этувчи шахслар деб тан олинади.

Алоҳида тартибда юритиладиган ишлар ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ишлар бўйича ариза берган шахс аризачидир.

Даъво бир нечта даъвогар томонидан биргаликда ёки бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилиши (процессда биргаликда иштирок этиш) мумкин. Процессда биргаликда иштирок этишга алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича ҳам йўл қўйилади.

Алоҳида тартибда юритиладиган ишни муҳокама қилиш вақтида судга тааллуқли ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиқиши мумкин.

Суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган ишлар жумласига қуйидагилар киради:

1) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги;

2) болани фарзандликка олиш (бундан буён матнда фарзандликка олиш деб юритилади) ҳақидаги;

3) фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ва фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги;

4) фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги;

5) шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;

6) шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бўлимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш тўғрисидаги ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш ҳақидаги;

7) вояга етмаган шахсни тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) тўғрисидаги;

8) мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш ҳақидаги;

9) тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, улар бўйича ҳуқуқларни тиклаш (чақириб иш юритиш) тўғрисидаги;

10) йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги.

Юқорида санаб ўтилган ишлар судда ФПКда кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидаларига мувофиқ кўриб чиқилади.

Суд фуқароларнинг ёки ташкилотларнинг шахсий, мулкий ҳуқуқлари юзага келишига, ўзгаришига ёки тугашига сабаб бўладиган фактларни аниқлайди.

Суд:

1) шахсларнинг қариндошлик алоқалари;

2) шахс бировнинг қарамоғида эканлиги;

3) оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек туғилган вақти;

4) фарзандликка олишни, никоҳни, никоҳдан ажратишни ва ўлимни қайд этилганлиги;

5) эр-хотиндан бири вафот этганлиги оқибатида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳни рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлмай қолса, қонунда белгиланган ҳолларда уларнинг ҳақиқатда никоҳ муносабатларида бўлганлиги;

6) шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда (бундан жамоат бирлашмаларига аъзолик билетлари, ҳарбий ҳужжатлар, паспортлар ёки идентификацияловчи ID-карталар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари берадиган гувоҳномалар мустасно) кўрсатилган фамилияси, исми ёки отасининг исми унинг паспортидаги ёки идентификацияловчи ID-картасидаги ёхуд туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги фамилияси, исми ёки отасининг исми билан мос келмаган тақдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёхуд тегишли эмаслиги;

7) бахтсиз ҳодиса;

8) иморатга хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилиш;

9) меросни қабул қилиш ва мероснинг очилиш жойи фактларини аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўради.

Агар қонунчиликда уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, суд юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам белгилаши мумкин.

Аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина суд ушбу фактларни аниқлайди.

Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш тўғрисидаги ишлар бўйича ариза аризачи яшаб турган жойдаги судга берилади.

Аризада муайян фактни аниқлаш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек аризачининг тегишли ҳужжатларни олиш имкониятига эга эмаслигини ёхуд йўқолган ҳужжатларни тиклаб бўлмаслигини тасдиқловчи далиллар келтирилиши керак.

Суднинг ҳал қилув қарорида: суд томонидан аниқланган факт, унинг қандай мақсадда аниқланганлиги, шунингдек мазкур фактни аниқлаш учун суд қандай далилларга асосланганлиги кўрсатилиши керак.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида қайд этилиши ёки бошқа органларда расмийлаштирилиши лозим бўлган фактларнинг аниқланганлиги тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ушбу органлар томонидан бериладиган ҳужжатларнинг ўрнига ўтмаганда, ана шундай қайд қилиш ёки расмийлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза болани фарзандликка олишни истаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган болани фарзандликка олишни истовчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар фарзандликка олиш тўғрисидаги аризани фарзандликка олинаётган боланинг яшаш (турган) жойидаги тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар судларига беради.

Икром Тошов,

Бухоро вилоят суди судьяси

Ғайбулла Мирзаев,

Бухоро вилоят суди судьяси

Ватан мустақиллиги, миллат тақдири учун кураш-абадий кураш

Ватанни қанчалик севишнинг, ватанпарварликнинг ягона ўлчови йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки, бундай мезонлар бўлган нуқтада ватанпарварлик чекланади, таъбир жоиз бўлса, тугайди. Шоиримиз Абдулла Орипов “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” деб, агарда тарих ҳукми халқимизга мангу музликларни, қорликларни макон этганда ҳам ўша музларга меҳр бериши, юртни фақат бойликлар учун севган фарзандларни кечирмаслиги ҳақида куйлаганида ўзгача маъно ва мазмун мужассамдир.

Дарҳақиқат, Ватан хизматида бўлиш, халқни ҳимоя қилиш, унинг тинчлиги учун жонини бағишлай олиш – виждон, иймон билан хизмат қилиш ҳамда ҳалоллик ва адолат йўли – тараққиёт йўли ҳисобланади.

Ҳалоллик, ўз маъносига кўра, тўғрилик, адолат, софдиллик, самимийлик, иймон сўзлари билан уйғундир. Тўғрилик, ҳалолликни сингдириш инсоният тарихида энг қийин ишлардан бўлган. Буни юксалишга эришган давлатлар тарихини ўрганиш давомида ҳам кўриш мумкин.

Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари ҳам ҳалоллик, ростликни ички ва ташқи сиёсатни юргизишда, оила тарбиясида, тўғри йўлга риоя этишда бош қадрият деб билганлар. У кишининг тузукларида “Рости русти” деган ёзув ҳам “Куч тўғриликдадир”, деган маънони ифода этган. Адолат сўзи ҳам араб тилида “ҳалол, тўғри, рост, ҳаққоний” деган маъноларни ифода этиб, дунёдаги барча катта ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ислоҳот ҳамда ўзгаришлар айнан адолат, ҳалолликни ўрнатишга даъватдан бошланган.

Хусусан, уч минг йиллик буюк тарихимизга олтин ҳарфлар билан битилгувчи Тўмарис, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳриддин Муҳаммад Бобур ҳукмронлигидаги давлатларда илм-фан, санъат, ҳунармандчилик, бунёдкорлик ривожига айнан ҳалоллик ва адолат омиллари кенг йўл очган. 

Баходир Эргашев,

            Бухоро вилоят суди судьяси

Азиз Шарипов,

            Бухоро вилоят суди судьяси

Ватан мустақиллиги, миллат тақдири учун кураш-абадий кураш

Ватанни қанчалик севишнинг, ватанпарварликнинг ягона ўлчови йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки, бундай мезонлар бўлган нуқтада ватанпарварлик чекланади, таъбир жоиз бўлса, тугайди. Шоиримиз Абдулла Орипов “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” деб, агарда тарих ҳукми халқимизга мангу музликларни, қорликларни макон этганда ҳам ўша музларга меҳр бериши, юртни фақат бойликлар учун севган фарзандларни кечирмаслиги ҳақида куйлаганида ўзгача маъно ва мазмун мужассамдир.

Дарҳақиқат, Ватан хизматида бўлиш, халқни ҳимоя қилиш, унинг тинчлиги учун жонини бағишлай олиш – виждон, иймон билан хизмат қилиш ҳамда ҳалоллик ва адолат йўли – тараққиёт йўли ҳисобланади.

Ҳалоллик, ўз маъносига кўра, тўғрилик, адолат, софдиллик, самимийлик, иймон сўзлари билан уйғундир. Тўғрилик, ҳалолликни сингдириш инсоният тарихида энг қийин ишлардан бўлган. Буни юксалишга эришган давлатлар тарихини ўрганиш давомида ҳам кўриш мумкин.

Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари ҳам ҳалоллик, ростликни ички ва ташқи сиёсатни юргизишда, оила тарбиясида, тўғри йўлга риоя этишда бош қадрият деб билганлар. У кишининг тузукларида “Рости русти” деган ёзув ҳам “Куч тўғриликдадир”, деган маънони ифода этган. Адолат сўзи ҳам араб тилида “ҳалол, тўғри, рост, ҳаққоний” деган маъноларни ифода этиб, дунёдаги барча катта ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ислоҳот ҳамда ўзгаришлар айнан адолат, ҳалолликни ўрнатишга даъватдан бошланган.

Хусусан, уч минг йиллик буюк тарихимизга олтин ҳарфлар билан битилгувчи Тўмарис, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳриддин Муҳаммад Бобур ҳукмронлигидаги давлатларда илм-фан, санъат, ҳунармандчилик, бунёдкорлик ривожига айнан ҳалоллик ва адолат омиллари кенг йўл очган. 

Баходир Эргашев,

            Бухоро вилоят суди судьяси

Азиз Шарипов,

            Бухоро вилоят суди судьяси

Skip to content