Конституция:Миллатнинг хоҳиш ва иродаси ва фаровон турмуш тарзини таъминлашга хизмат қиладиган, олий юридик кучга эга қонун

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, халқни фаровон ҳаёт сари етакловчи ҳуқуқий демократик давлат қуришни бош мақсад қилди. Ҳуқуқий ҳужжатларимиз учун бош ғоя бўлиб хизмат қилувчи Конституциямиз ҳам халқимизнинг фикри, таклифлари асосида янгиланди.

Мамлакатимиз тарихида биринчи марта ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ва ҳар қандай давлатнинг ривожланиш йўлини белгилаб берувчи олий қонун ҳужжати референдумда бевосита халқ томонидан қабул қилинди. У жадал суръатларда ривожланиб, аҳоли сони жиҳатдан ўсиб бораётган Янги Ўзбекистоннинг барча ижтимоий ва сиёсий жиҳатларини тўлиқ қамраб олганлиги, ҳар бир соҳани яхшилашга қаратилган чора-тадбирларнинг белгилангани, унда инсон қадрининг биринчи ўринга қўйилгани янада аҳамиятлидир.

Хусусан, Конституциямизнинг 25-моддасида яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи экани ва у қонун билан муҳофаза қилиниши, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятлиги, Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланиши мустаҳкамланган.

Дарҳақиқат, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ва табиий ҳуқуқи ҳисобланади. Гарчи давлат раҳбарининг тегишли фармони билан мамлакатимизда 2008 йилнинг 1 январидан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинган бўлса-да, лекин Конституцияда эмас, балки жиноят қонунчилигида ўз аксини топган эди.

Айрим давлатлар ўз тажрибасида ўлим жазосини қонунлар билан бекор қилса ҳам Конституциясида белгиланмагани боис, уни жазо сифатида қайта тиклаш ҳолатлари ҳам кузатилган. Ўлим жазосини тақиқлашни конституциявий даражада белгиланиши билан давлатимиз инсонпарварлик ғояларига содиқ эканини бутун дунёга намоён қилиб, мамлакатимизда инсон ҳаёти ва қадри юқори даражада ҳимоя қилинишини яна бир бор тасдиқлайди.

Сир эмас, илгари судланганлик олиб ташлангандан ёки судланганлик ҳолати тугаллангандан сўнг ушбу факт шу шахснинг ўзига, унинг ҳаётига таъсир этиши мумкин бўлмаган шароитда, энг ажабланарлиси, унинг оила аъзолари, яқин қариндошлари ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши учраб турар эди.

Шахснинг судлангани унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги тўғрисидаги норма халқни қўрқувда ушлаб туришга мўлжалланган.

Ёшларни ўз орзу-умидларидан воз кечишга ва қанчадан-қанча ёш оилаларни турмушдан ажрашишгача мажбур қилган бундай тақиқларга чек қўйди ҳамда ҳар бир шахснинг қонун ва жамият олдида ўзи жавоб бериши тамойилининг кафолати бўлиб хизмат қилди.

Бош қомусимиз “инсон-жамият-давлат” парадигмасига асосланганлиги, унда барча тоифаларнинг ҳатто жиноят содир этган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари акс этганлиги билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга ҳужжатдир.

Бухоро туманлараро

иқтисодий суд раиси                                                                          С.Кушшаев