Пудрат шартномасининг мазмуни
Амалдаги фуқаролик қонунчилигига кўра, пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Агар қонунчиликда ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади. Пудрат шартномаси ашёни тайёрлаш ёки уни қайта ишлаш (ишлов бериш) ёхуд бошқа ишни бажариб, натижасини буюртмачига бериш ёки бошқача тарзда топшириш ҳақида тузилади. Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, иш пудратчининг материаллари, унинг кучи ва маблағлари ҳисобидан бажарилади.
Пудрат шартномасининг бир қанча турлари мавжуд, жумладан маиший пудрат, қурилиш пудрати, лойиҳалаш ёки қидирув ишлари пудрати, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрати. Энг кенг тарқалган пудрат турларидан бири бу қурилиш пудрати бўлиб ҳисобланади.
Агар қонунчиликда ёки пудрат шартномасида пудратчининг шартномада кўрсатилган ишни шахсан ўзи бажариш мажбуриятлари келиб чиқмаса, пудратчи ўз мажбуриятларининг бир қисмини бажариш учун бошқа шахслар (ёрдамчи пудратчилар)ни жалб қилишга ҳақли. Бундай ҳолларда пудратчи бош пудратчи ҳисобланади. Пудрат шартномасида ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги муддатлари кўрсатилади. Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ, шартномада ишнинг айрим босқичларини тугаллаш муддатлари (оралиқ муддатлар) ҳам назарда тутилиши мумкин.
Пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, пудратчи ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги, шунингдек оралиқ муддатларини бузганлик учун жавобгар бўлади.
Пудрат шартномасидаги ишнинг баҳоси пудратчининг чиқимларини ва унга тўланадиган ҳақни ўз ичига олади.
Ишнинг баҳоси смета тузиш йўли билан аниқланиши мумкин.
Иш пудратчи томонидан тузилган смета бўйича бажарилган тақдирда, смета буюртмачи томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб кучга эга бўлади ва пудрат шартномасининг бир қисми бўлиб қолади.
Ишнинг баҳоси (смета) тахминий ёки қатъий бўлиши мумкин. Пудрат шартномасида бундай кўрсатма бўлмаса, ишнинг баҳоси (смета) қатъий ҳисобланади.
Қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.
Қурилиш пудрати шартномаси корхонани, бинони (жумладан уй-жой биносини), иншоотни ёки бошқа объектни қуриш ёки қайта қуриш ҳақида, шунингдек монтаж, созлаш-ишга тушириш ва қурилаётган объект билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа ишларни бажариш ҳақида тузилади. Қурилиш пудрати шартномаси тўғрисидаги қоидалар, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш ишларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Қурилиш пудрати шартномасида назарда тутилган ҳолларда объектни буюртмачи қабул қилиб олганидан кейин уни шартномада кўрсатилган муддатда ишлатишни таъминлаш мажбуриятини пудратчи ўз зиммасига олади.
Тугалланмаган қурилишнинг мулкдори у буюртмачига топширилгунча ва унинг ҳақи тўлангунча пудратчи ҳисобланади.
Пудратчи қурилиш ва у билан боғлиқ бўлган ишларни ишнинг ҳажми, мазмуни ва уларга қўйиладиган бошқа талабларни белгилайдиган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириши шарт.
Қурилиш пудрати шартномасида бошқа кўрсатмалар бўлмаса, пудратчи лойиҳа-смета ҳужжатларида кўрсатилган ҳамма ишларни бажариши шарт, деб тахмин қилинади.
Пудратчидан қурилиш пудрати шартномаси бўйича бажарилган ишлар натижаси ёки, агар шартномада назарда тутилган бўлса, ишларнинг бажарилган босқичи топширишга тайёр эканлиги тўғрисида хабар олган буюртмачи дарҳол уни қабул қилиб олишга киришиши шарт.
Агар қурилиш пудрати шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачи ишлар натижасини қабул қилиб олишни ўз ҳисобидан ташкил этади ва амалга оширади. Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ишларни қабул қилиб олишда давлат органларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари иштирок этиши лозим.
У.Жумаев,
Бухоро туманлараро
иқтисодий суди раис ўринбосари
Ф.Муродов,
Бухоро туманлараро
иқтисодий судининг судьяси






