Замонавий қонунчиликда хусусий мулкҳуқуқини ҳимоя қилиш усуллари

Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонга мос бўлган, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга қаратилган туб демократик сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Кейинги тараққиётимизнинг муҳим асоси бўлган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида еттита йўналиш бўйича 50 дан ортиқ кодекс, қонун, стратегия, концепсия ва дастурлар қабул қилиниши зарурлиги белгиланди ҳамда 100 дан ортиқ бошқа ташаббуслар илгари сурилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатлари билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш механизмлари сифатида қуйидагилар келтирилган:

1. Мулкий, шу жумладан, ер участкасига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ барча маъмурий ҳужжатларни қатъий равишда фақат суд тартибида бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш амалиётини жорий этиш;

2. Иқтисодий судларда мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар юзасидан регрессив (камайиб борувчи) давлат божи ставкаларини қўллаш;

3. Кўчмас мулк ва унга тааллуқли ҳуқуқларнинг ҳисобини юритишда шаффофлик тамойилини жорий этиш мақсадида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридаги очиқ маълумотлар таркибини белгилаш ва улар асосида оммавий геопортални жорий этиш ҳамда маълумотларни Миллий геоахборот тизими орқали давлат ва хўжалик бошқарув органларига ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этиш тартибини ишлаб чиқиш;

  • Хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш.

Бунда:

  • Давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш;
  • Инсофли эгалловчининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш ва мулкдорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашнинг молиявий механизмларини қўллаш.

Мазкур фармон давлатимиз сиёсати хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатлари йўлидан ҳаракатланаётганлигидан далолат беради.

Мулк ҳуқуқи моҳиятан қараганда, ҳуқуқ тизими ва тарихидаги энг динамик ҳуқуқий ҳодисалардан бири ҳисобланади. Давлат сиёсати ҳамда ижтимоий муносабатлардаги  доимий ўзгаришлар субъектив мулк ҳуқуқини тартибга солувчи нормаларга бевосита таъсир кўрсатади. Мустақил давлатда қонун устуворлигини таъминлаш чораларидан бири фуқароларнинг табиий ҳуқуқлари ва эркинликлари билан бир қаторда мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатлаш ва уларни самарали равишда ҳимоя қилишда намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига биноан, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Мулкдорларнинг мақсад ва вазифаларини инобатга олган ҳолда,
мулк билан боғлиқ иқтисодий муносабатларга ҳуқуқий такомил бериш мулк ҳуқуқини амалга ошириш кафолатларини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш орқали амалга оширилади. Мулк ҳуқуқи фуқаролик ҳуқуқида чуқур ва тўлиқ ўрганиб, таҳлил қилинган, аммо амалиёт шуни кўрсатадики, мазкур институтни ўрганишда давом этиш орқали йўқ қилиниши ва бартараф этилиши лозим бўлган кўплаб ноаниқликлар ва низоли вазиятлар мавжуд.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексида мулк ҳуқуқи тушунчасига қуйидагича таъриф берилади: ”Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонунчиликка мувофиқ тарзда қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир”. Мазкур қоида мулкдорнинг қонунан қўлга киритилган мулкка ўз хоҳишига кўра, эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши учун қонуний имкониятни англатади.

Эгалик қилиш қонуний ва ноқонуний усулда амалга оширилиши
мумкин. Ҳар қандай ҳуқуқий асосга кўра, мулкка эгалик қилиш (балансига кабул қилиш), яъни мазкур мулкнинг ҳуқуқий мақомга эгалиги қонуний эгалик ҳисобланди. Ноқонуний эгалик қилиш ҳуқуқий асосга эга бўлмайди. Қоида тариқасида, мулк унга эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга тегишли, аммо қонун бўйича қандайдир мулкка эга бўлган шахс акси исботланмагунча, унга эгалик қилиш ҳуқуқига эга деб ҳисобланади.

Барча фуқаролик ҳуқуқларини, шу жумладан, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун фойдаланиладиган ҳимоя қилишнинг умумий усулларига қуйидагиларни киритиш мумкин (ФКнинг 11-моддаси):

  • Ҳуқуқни тан олиш;
  • Давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид ҳужжатини суднинг қўлламаслиги;
  • Шахснинг ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилиши.

Замонавий қонунчилигимизда эса, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилинишининг бир қанча кенгайтирилган усуллари мавжуд бўлиб, бу давлатимизда мулкдорларнинг мулкка бўлган мулк ҳуқуқи кафолатида
муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунида хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш усуллари сифатида қуйидагилар белгиланган:

  • Хусусий мулк ҳуқуқини тан олиш;
  • Хусусий мулк ҳуқуқи бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва хусусий мулк ҳуқуқини бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдиридаган ҳаракатларнинг олдини олиш;
  • Битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш;
  • Давлат органларининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш;
  • Хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилиши;
  • Бурчни аслича (натура) бажаришга мажбур қилиш;
  • Зарарнинг ўрнини қоплаш;
  • Неустойка ундириш;
  • Маънавий зиённи қоплаш;
  • Хусусий мулк ҳуқуқи муносабатларини тартибга солишда қонунчилик барқарорлигини таъминлаш;
  • Давлат органининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид бўлган ҳужжатининг суд томонидан қўлланилмаслиги;
  • Мол-мулкнинг айрим турларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқининг
    вужудга келганлигини, ўзгарганлигини ва бекор қилинганлигини давлат рўйхатидан ўтказиш.

Шунингдек, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида ашёвий ҳуқуқ ва мажбурият ҳуқуқига оид ҳимоя қилишнинг махсус усуллари ҳам қўлланилади. Мазкур усулларнинг ушбу бўлинишини Рим ҳуқуқидаги даъволарнинг ашёвий ва мажбуриятларига боғлиқ бўлинишига бориб тарқалади.

Мулк ҳуқуқи мутлақ ашёвий ҳуқуқ ҳисобланади, шу муносабат билан уни ҳимоя қилишнинг ашёвий ҳуқуқий усуллари қуйидаги хусусиятлар билан тавсифланади:

  • Асосий эътибор тўғридан-тўғри энг тўлиқ мутлақ ҳуқуқ – мулк
    ҳуқуқи субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган;
  • Мажбуриятлар билан алоқанинг мавжуд эмаслиги;
  • Мулкка эгалик қилиш, ундан эркин фойдаланиш ва тасарруф этиш
    билан боғлиқ бўлган мулкдорнинг ҳуқуқларини тиклаш ёки ушбу ҳуқуқларни амалга оширишда юзага келадиган тўсиқларни бартараф этиш мақсадига эга;
  • Ашёвий-ҳуқуқий даъволар мулкдор томонидан фақат алоҳида белгиланган мулк учун мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида топшириш имкониятининг мавжудлиги;
  • Алоҳида кўрсатиб ўтилган ҳолларда белгиланган мулк натура шаклида сақланиши лозим, акс ҳолда ҳимоя қилишнинг мажбурият ҳуқуқига оид усули ҳисобланган етказилган зарарни ундириш усули амал қилади.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, хусусий мулк ҳуқуқини
фуқаролик ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими бу мулкдорга унга тегишли
мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этишга бевосита ёки билвосита йўналтирилган ашёвий-ҳуқуқий ва мажбурият ҳуқуқига оид характердаги ҳуқуқий воситалар ва усуллар тўпламидир.

Хусусий мулк ҳуқуқини фуқаролик ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг учта
гуруҳи мавжуд:

  1. Фақат суд томонидан амалга ошириладиган усуллар;
  2. Суд ёрдамида ёки судга мурожаат қилмасдан амалга ошириладиган усуллар:
  3. Давлат органи иштирокисиз амалга ошириладиган ўзини ҳимоя қилиш тартибидаги ҳимоя усуллари.

Инсофли эгалловчидан фақат қонунда белгиланган вазиятлардагина мол-мулкни талаб қилиб олиш мумкин. Қолган вазиятларда ва пул кўринишидаги мулк талаб қилиб олиниши мумкин эмас.

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси                                                         И.С.Джураев

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди судьяси                                                      Ҳ.Р.Қорёғдиев