Суд ҳужжатларини ижрога қаратиш, уларнинг ижросини кечиктириш ёки унинг бўлиб-бўлиб ижро этилиши, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш асослари
Суд ҳужжатлари улар қонуний кучга киргандан кейин ижрога қаратилади, бундан унинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда дарҳол ижро этилиши ҳоллари мустасно.
Суд ҳужжатининг мажбурий ижроси, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.
Ижро варақаси суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий ижро этишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатдир.
Ҳар бир суд ҳужжати бўйича битта ижро варақаси берилади.
Бироқ, агар ижро турли жойларда ёки бир нечта ундирувчининг фойдасига
амалга ошириладиган бўлса, суд ундирувчиларнинг илтимосига биноан ижро жойини ёхуд ҳал қилув қарори ижросининг ҳар бир ижро варақасига тегишли қисмини аниқ кўрсатган ҳолда бирнеча ижро варақаси беради.
Бир нечта жавобгардан пул суммаларини ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори асосида жавобгарларнинг сони бўйича бир нечта ижро варақаси берилади. Бунда, агар солидар жавобгарлардан ундириш назарда тутилаётган бўлса, ҳар бир ижро варақасида ундирувнинг умумий суммаси кўрсатилиши ва солидар жавобгар эканлиги кўрсатилган ҳолда жавобгарларнинг ҳаммаси санаб ўтилиши керак.
Ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан берилади.
Ижро варақаси ундирувчига берилади ёки суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг беш кун ичида ундирувчининг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади, бундан суд ҳужжати чиқарилиши биланоқ ижро варақаси берилиб, дарҳол ижро этиладиган ҳоллар мустасно.
Жиноят содир қилиш натижасида етказилган зарарни ундириш, алиментларни ундириш, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик, шунингдек боқувчи вафот этганлиги натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш, ходим билан меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилиш ёхуд ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказишда ёки суднинг ишга тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини бажармаганликда айбдор бўлган мансабдор шахслардан пул суммаларини ундириш, давлат даромадига пул маблағларини ундириш ҳолларида суд ўз ташаббусига кўра ижро варақасини ижро этиш учун юборади.
Давлат фойдасига мулкий ундирувлар бўйича ижро варақаси ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан сўнг уч иш куни ичида суд томонидан қарздорнинг жойлашган еридаги давлат ижрочисига юборилади.
Ижро варақаси электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.
Ижро варақасининг ёки суд буйруғининг асл нусхаси йўқотилган ҳолларда, суд ҳужжатини чиқарган суд ундирувчининг ёхуд давлат ижрочисининг аризасига кўра, ижро варақасининг дубликатини бериши мумкин.
Дубликат бериш ҳақидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўрилади, бироқ уларнинг келмаганлиги дубликат бериш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун тўсқинлик қилмайди.
Дубликат бериш тўғрисидаги ариза бундай ариза судга келиб тушган пайтдан эътиборан ўн кун ичида суд мажлисида кўрилади.
Суднинг дубликат бериш тўғрисидаги масалага доир ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
Хусусий шикоятда (протестда) хусусий шикоят (протест) берган шахснинг ёки унинг вакилининг телефонлари ва факслари рақамлари, электрон почта манзили кўрсатилиши мумкин.
Суднинг ҳал қилув қарори мажбурий тартибда ижро этиш учун,
агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, у қонуний кучга
кирган пайтдан эътиборан уч йил ичида тақдим этилиши мумкин.
Даврий тўловларни ундириш учун берилган ижро варақалари бу тўловлар ундириладиган бутун давр ичида ижрога тақдим этилиши мумкин. Ижро варақаси ижрога тақдим этилгунига қадар ўтган вақт учун даврий тўловлар ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатлар доирасида ундирилади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддатларнинг ўтиши ҳар бир тўлов муддати тугаган кундан эътиборан бошланади.
Агар суд томонидан ижро варақаси берилгунига қадар суд ҳужжатининг ижроси кечиктирилган ёки бўлиб-бўлиб ижро этилишига йўл қўйилган бўлса, унда ижро варақасини тақдим этиш муддати қайси вақтдан бошланиши кўрсатилади.
Ижрога тақдим этиш муддати, агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ижро варақасининг ижрога тақдим этилиши, шунингдек ҳал қилув қарорининг қисман ижро этилиши билан узилади.
Муддат узилгандан сўнг унинг ўтиши янгидан бошланади, бунда олдинги ўтган вақт янги муддатга қўшиб ҳисобланмайди. Ижро варақаси тўлиқ ёки қисман ундирилмай қайтарилган тақдирда, ижро варақасини ижрога тақдим этиш учун янги муддатни ҳисоблаш ижро варақаси ундирувчига қайтарилган кундан эътиборан бошланади.
Ижро варақасини ижрога тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддати, агар қонунда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, суд узрли деб топган сабабларга кўра тикланиши мумкин.
Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ариза суд ҳужжатини чиқарган судга ёки у ижро этиладиган жойдаги судга берилади. Ариза судга келиб тушган кундан эътиборан ўн кун ичида суд мажлисида, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда кўрилади, бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тўсқинлик қилмайди.
Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, у ундирувчи ва қарздорга юборилади.
Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад қилинганлиги устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
Суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштирадиган объектив ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, суд ундирувчининг, қарздорнинг ёки давлат ижрочисининг аризасига биноан ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктиришга ёхуд унинг бўлиб-бўлиб ижро этилишига йўл қўйишга, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришга ҳақли.
Агар ваколатли давлат органининг қарорида ёки тарафларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёхуд бўлиб-бўлиб ижро этиш учун кўпи билан бир йил муддат берилиши мумкин.
Қарздорга суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки унинг бўлиб-бўлиб ижро этилишига йўл қўйиш чоғида, суд ушбу Кодекснинг 9-бобида назарда тутилган тартибда унинг ижросини таъминлаш чораларини кўриши мумкин.
Суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб
ижро этиш, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш ҳақидаги ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд томонидан кўрилади.
Аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек суд ҳужжатининг ижроси давлат ижрочисининг иш юритувида бўлган тақдирда, давлат ижрочисига юборилади.
Ажрим устидан ушбу Кодексда белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Суд давлат ижрочиси суд томонидан берилган ижро варақаси асосида қўзғатган ижро ишини юритишни қонунда назарда тутилган ҳолларда, ундирувчининг, қарздорнинг, давлат ижрочисининг аризаси бўйича тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши мумкин.
Суд томонидан берилган ижро варақаси асосида қўзғатилган
ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш шу суд томонидан
ёки давлат ижрочиси жойлашган ердаги суд томонидан амалга оширилади.
Ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тарафларни чақирмаган ва суд муҳокамаси ўтказмаган ҳолда суд томонидан кўрилади.
Ижро ишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари юзасидан ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек давлат ижрочисига юборилади.
Ажрим устидан ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Ижро ишини юритиш уни тўхтатиб қўйиш учун асос бўлган сабаблар ёки ҳолатлар бартараф этилганидан кейин, ушбу ишни тўхтатиб қўйган суд томонидан ундирувчининг, давлат ижрочисининг аризасига кўра тикланади.
Ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда, тарафларни чақирмаган ва суд муҳокамасини ўтказмаган ҳолда суд томонидан кўрилади.
Ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек давлат ижрочисига юборилади.
Суднинг ижро ишини юритишни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган тартибда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Суд ўзи томонидан ёзувдаги хатолар, арифметик хатолар билан берилган, шунингдек ўзгартирилган (бекор қилинган) суд ҳужжати асосида берилган ижро варақасини ундирувчининг, қарздорнинг, давлат ижрочисининг аризасига ёки ўзининг ташаббусига кўра тарафларни чақирмаган ва суд муҳокамасини ўтказмаган ҳолда қайтариб олишга ҳамда унинг ўрнига янги ижро варақасини беришга ҳақли.
Ёзувдаги хатолар, арифметик хатолар билан берилган ёки ўзгартирилган (бекор қилинган) суд ҳужжати асосида берилган ижро варақаси уни берган судга ундирувчи ёки давлат ижрочиси томонидан ижро этилмасдан қайтарилади.
Ижро этилган суд ҳужжати бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқилганидан кейин талабларни қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган ёхуд иш юритишни тугатиш тўғрисида ёки аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда, бекор қилинган суд ҳужжати бўйича жавобгардан даъвогарнинг фойдасига ундирилган нарсаларнинг барчаси жавобгарга қайтариб берилиши лозим (ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси).
Агар ижро этилмаган суд ҳужжати бекор қилинган ёки ўзгартирилган бўлса ва даъвони тўлиқ ёхуд қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинган бўлса ёки ишни юритиш тугатилган ёки даъво кўрмасдан қолдирилган бўлса, суд суд ҳужжатининг бекор қилинган ёхуд ўзгартирилган тегишли қисми бўйича ундиришни тўлиқ ёки қисман тугатиш тўғрисидаги суд ҳужжатини қабул қилади.
Иш янгидан кўриш учун ўзига топширилган суд ўз ташаббуси билан қайтарма ижро тўғрисидаги масалани кўриши ва уни янги суд ҳужжатида ёки ажримида ҳал қилиши шарт бўлиб, шу билан иш юритиш тамомланади.
Ишни янгидан кўраётган суд бекор қилинган суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилмаган тақдирда, жавобгар бу судга қайтарма ижро тўғрисида ариза беришга ҳақли. Бу ариза ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда, суд мажлисида кўрилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаганлиги суд олдига қўйилган масаланинг ҳал этилиши учун тўсқинлик қилмайди.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза давлат
божи тўланмаган ҳолда умумий даъво муддати ичида берилиши мумкин.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза ариза
келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд томонидан кўрилади.
Аризага илгари қабул қилинган суд ҳужжатининг ижросини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, суд ундирилган пул маблағларини, мол-мулкни ёки унинг қийматини қайтариш учун ижро варақаси беради.
Апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди, агар у ўзининг ажрими ёхуд қарори билан ҳуқуқ тўғрисидаги низони узил-кесил ҳал қилса ёки иш юритишни тамомласа, суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиши ёхуд уни ҳал қилиш учун биринчи инстанция судига топшириши шарт.
Агар юқори суднинг ажримида ёки қарорида суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича ҳеч қандай кўрсатма бўлмаса, жавобгар биринчи инстанция судига тегишли ариза беришга ҳақли. Биринчи инстанция суди бу аризани ушбу Кодекснинг 459-моддаси қоидаларига биноан кўриб чиқади ва ҳал қилади.
Меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича пул суммаларини ундириш тўғрисидаги, интеллектуал мулк объектларидан фойдаланганлик учун ҳақ ундириш ҳақидаги, алиментлар ундириш тўғрисидаги, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик, шунингдек боқувчининг вафот этиши натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари бекор қилинган тақдирда, агар бекор қилинган суд ҳужжати даъвогар берган сохта маълумотларга ёхуд у тақдим этган қалбаки ҳужжатларга асосланган бўлса, суд ҳужжатининг қайтарма ижросига йўл қўйилади.
Йўқолган ижро ишини юритиш суд томонидан ишда иштирок
этган шахсларнинг, ижро ишини юритиш тарафларининг, давлат ижрочисининг, прокурорнинг аризасига кўра, шунингдек ижро ҳужжатини берган суднинг ёки бошқа органнинг ташаббуси бўйича тикланиши мумкин.
Йўқолган ижро ишини юритиш тўлиқ тикланади ёки унинг суд фикрига кўра тикланиши зарур бўлган қисми тикланади.
Йўқолган ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза суд ҳужжати ижро этиладиган жойдаги судга берилади.
Аризада ижро ишини юритиш тўғрисидаги батафсил маълумотлар бўлиши керак. Аризачида сақланиб қолган ва ижро ишини юритишга дахлдор бўлган ҳужжатлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари аризага илова қилинади.
Суд ишни кўраётганда ижро ишини юритишнинг сақланиб қолган қисмидан, иш йўқолгунига қадар ундан жисмоний ва юридик шахсларга олиб берилган ҳужжатлардан, бу ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларидан, шунингдек ижро ишини юритишга дахлдор бўлган бошқа маълумотномалар ва ҳужжатлардан фойдаланади.
Суд ижро ҳаракатларини амалга оширишда иштирок этган ёки ҳозир бўлган шахсларни гувоҳ сифатида сўроқ қилиши мумкин.
Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича суд ажрим чиқаради, унинг кўчирма нусхалари ижро ишининг тарафларига ва давлат ижрочисига юборилади.
Тўпланган материаллар йўқолган ижро ишини юритишни аниқ тиклаш учун етарли бўлмаса, суд ажрим чиқариб, ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни тугатади. Бу ҳолда аризачи умумий тартибда даъво тақдим этишга ҳақли.
Аризачи йўқолган ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги
иш кўриб чиқилиши чоғида суд томонидан қилинган суд харажатларини тўлашдан озод қилинади. Била туриб ёлғон ариза берилганда суд харажатлари аризачидан ундириб олинади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди раиси И.С.Джураев
Фуқаролик ишлари бўйича
Пешку туманлараро суди судьяси Ҳ.Р.Қорёғдиев






