Иқтисодий судлар томoнидан медиация тартиб–таомилини қўллаш: Ўзбекистон ва хориж тажрибаси

Бугунги кунда иқтисодиёт соҳасидаги муносабатларнинг мураккаблашуви натижасида низолар сони ва турлари ортаяпти. Анъанавий суд иш юритуви орқали бу муаммоларни ҳал қилиш самарадорлиги ҳамиша ҳам юқори бўлмайди: жараён вақт ва харажат талаб қилади, ишбилармонлик муносабатларига путур етказади. Шу боис, замонавий ҳуқуқий тизимда альтернатив низо ҳал қилиш усуллари, хусусан, медиация институти алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонда ҳам иқтисодий судлар медиацияни қўллашни фаол тарғиб қилмоқда. Мазкур мақолада иқтисодий судлар томонидан медиацияни қўллаш амалиёти таҳлил қилиниб, хорижий давлатлар тажрибаси билан қиёсий ўрганилади.

Мустақилликдан кейинги иқтисодий ислоҳотлар натижасида тадбиркорлар сони ошди, иқтисодий муносабатлар кенгайди. Судларга мурожаатлар ортиши судлар юкини камайтириш ва низоларни тезкор ҳал қилишнинг муқобил механизмларини излаш заруратини келтириб чиқарди. Бу даврда амалга оширилган ишлар: альтернатив низо ҳал қилиш (ADR) механизмларини жорий этиш бўйича концептуал ғоялар муҳокама қилинди, халқаро ташкилотлар (ЕОБР, USAID, UNDP) билан медиацияни жорий этиш масалалари ўрганилди, иқтисодий судларда низоларни ярашув билан тугатиш амалиёти фаол тарғиб қилинди, бу кейинчалик медиация учун замин яратди.

Ўзбекистонда медиация институти 2018 йил 3 июлда қабул қилинган “Медиация тўғрисида”ги Қонун билан ҳуқуқий асосга эга бўлди. Иқтисодий суд ишларида медиациядан фойдаланиш имконияти Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига киритилган тегишли моддалар билан мустаҳкамланган.

Қонунга кўра медиация ихтиёрийлик асосида амалга оширилади, тарафлар судгача ёки суд жараёнида медиацияга мурожаат қилиши мумкин, келишув суд томонидан тасдиқланса, ижрочи ҳужжат кучига эга бўлади.

Қонун медиациянинг қуйидаги тамойилларини белгилади: ихтиёрийлик, муносабатларнинг тенглиги, медиаторнинг бетарафлиги, махфийлик, тарафларнинг ўзаро манфаатли келишувга эришиши.

Иқтисодий судлар учун аҳамияти: иқтисодий низоларда судгача ва суд медиациясини қўллаш ҳуқуқий асос пайдо бўлди, иқтисодий процессуал кодексга медиация тартиб-таомили бўйича нормалар киритилди, судлар медиаторга йўналтириш ваколатига эга бўлди. Қонун кучга кирганидан сўнг иқтисодий судларда медиация амалиёти босқичма-босқич жорий этилди.

Амалга оширилган ишлар: барча иқтисодий судларда медиация ҳақида ахборот стендлари ўрнатилди, судьялар учун махсус ўқув курслари ташкил этилди, тадбиркорларга медиациянинг афзалликлари бўйича тушунтириш ишлари бошланди, адлия органлари қошида медиаторлар реестри шакллантирилди. Натижада иқтисодий судларда медиация қўлланган ишлар сони йилдан-йилга ошди, судьялар ишни кўриш жараёнида тарафларга медиацияни таклиф этишни йўлга қўйди, айрим вилоятларда медиация орқали ҳал қилинган низолар улуши 8–10 фоизга етди.

“Медиацияни янада ривожлантириш концепцияси” қабул қилиниши. Унда иқтисодий судларда медиацияни кенг жорий этиш устувор вазифа сифатида белгиланди. Судлар учун махсус медиация хоналари ташкил этилди. Бу медиатор ва тарафлар учун қулай муҳит яратишга хизмат қилди. Медиаторлар тайёрлаш тизими такомиллаштирилди. Ўқув марказлари сони кўпайди, иқтисодий низолар бўйича ихтисослашган медиаторлар тайёрлана бошлади. Суд статистикасини юритишда медиация ишлари алоҳида категория сифатида ажратилди. Натижада иқтисодий судларда медиация орқали ҳал бўладиган ишлар улуши 2–3 баравар ошди. Сўнгги йилларда медиацияни иқтисодий судлар амалиётига тўлиқ интеграция қилиш, рақамлаштириш ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш тенденцияси кучайди. Асосий йўналишлар электрон медиация платформаларини жорий этиш (онлайн медиация), иқтисодий судьяларнинг медиация бўйича малакасини оширишнинг доимий тизими, халқаро тижорат низоларида медиацияни қўллашни кенгайтириш, медиация муассасалари ва бизнес-омбудсман ҳамкорлигини кучайтириш, трансчегаравий низоларни медиация орқали ҳал этиш механизмларини ишлаб чиқиш.

Сўнгги йилларда иқтисодий судларда медиация қўлланилиш динамикаси ўсмоқда. Бу қуйидаги омиллар билан боғлиқ: Ишларни тезкор ҳал этиш. Медиация 1–5 кунда ҳам якунланиши мумкин, бу эса ишбилармон субъектлар учун жуда муҳим. Харажатларни камайтириш. Суд йиғимлари ва адвокат хизматлари билан боғлиқ харажатлар сезиларли камаяди. Ишбилармонлик муносабатларини сақлаб қолиш. Тарафларнинг ўзаро манфаатли келишувга келиш имконияти бизнес муносабатларининг узилишини олдини олади. Судлар юкини камайтириш. Медиация орқали ҳал бўлган низолар суд статистикасини енгиллаштирмоқда.

Шу билан бирга, медиацияни иқтисодий судларда тўлиқ амалга оширишда қатор муаммолар мавжуд: тадбиркорлар ва адвокатлар орасида медиациянинг ҳуқуқий аҳамияти бўйича маълумот етарли эмас, айрим вазиятларда тарафлар суд қарорига ишонч юқори деб ҳисоблаб, медиациядан воз кечади, профессионал медиаторлар етарли эмаслиги айрим ҳудудларда сезилади.

АҚШда иқтисодий низоларда медиация кенг қўлланилади. Деярли барча федерал судларда мажбурий “mediation program” амал қилади. Судьялар ишни суд муҳокамасига ўтказишдан аввал тарафларни медиацияга юбориш ҳуқуқига эга. Амалиёт шундан далолат бермоқдаки: ишларнинг 60–70 фоизи медиацияда ҳал этилади, медиация натижасида компаниялар ўртасидаги муносабатлар сақланиб қолади, медиаторлар кўпинча собиқ судьялар ёки малакали ҳуқуқшунослардир.

Европада медиация суд тизимининг муҳим қисми сифатида шаклланган:

Германияда “Суд медиацияси” институти мавжуд бўлиб, иқтисодий низоларнинг катта қисми суд медиаторлари орқали ҳал қилинади.

Францияда медиация иқтисодий низоларни ҳал қилишда мажбурий давр сифатида қўлланилади: тарафлар аввал медиацияга мурожаат қилиши, кейин судга юборилиши мумкин.

Нидерландияда 2000-йиллардан буён “суд-халол медиатор” тизими жорий этилган ва судьялар низони медиацияга йўналтиришда фаол.

Сингапур дунёда бизнес низолари бўйича энг ривожланган медиация марказларидан бири бўлган SIMC (Singapore International Mediation Centre)ни ташкил этган. Кенг қўлланиладиган “arb-med-arb” (арбитраж–медиация–арбитраж) модели халқаро тижорат низолари учун самарали бўлмоқда.

Хитойда эса иқтисодий судлар ёнида “халқ медиаторлари” институтлари мавжуд бўлиб, судьялар медиация жараёнида бевосита иштирок қилади. Низоларнинг 40–50 фоизи судгача медиация орқали бартараф этилади.

Хориж тажрибаси шундан далолат берадики, медиацияни самарали қўллаш учун қуйидаги шартлар муҳим:

Профессионал медиаторлар тайёрлаш – АҚШ, Европа ва Сингапур тажрибаси таъкидлаганидек, медиаторнинг малакаси жараён натижасига бевосита таъсир қилади.

Судьяларнинг медиацияни тарғиб қилишдаги ролини кучайтириш – хорижда судьялар тарафларни медиацияга фаол йўналтирди.

Қонунчиликни такомиллаштириш – айрим давлатлар медиацияни иқтисодий низоларда мажбурий босқич сифатида жорий этган.

Тадбиркорлик субьектлари ўртасида хабардорликни ошириш – медиациянинг иқтисодий афзалликлари ҳақида тушунча бериш низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш маданиятини оширади.

Ўзбекистонда иқтисодий судлар томонидан медиация тартиб-таомилини қўллаш босқичма-босқич ривожланиб бормоқда. Норматив база яратилгани, судлар муносабати ва амалиётнинг кенгайиши медиация институтининг истиқболли эканлигини кўрсатади. Хориж тажрибаси билан қиёсланганда, халқаро талабларга мос институционал ислоҳотларни давом эттириш, медиаторлар малакасини ошириш ва тадбиркорлар орасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш медиациянинг янада самарали тизимга айланишига хизмат қилади.

         Ғиждувон туманлараро

          иқтисодий суди раиси                                      М.Набиев

         Ғиждувон туманлараро

          иқтисодий суди судьяси                                   О.Жамилов