НОТАРИАТДА ЯНГИ БОСҚИЧ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нотариат институтини янада ривожлантириш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори хусусида
Айтиш жоизки, мамлакатимиз президенти томонидан чиқарилган ушбу қарор Нотариатда янги босқич: ислоҳотларнинг сиёсий аҳамияти ва жамият ҳаётидаги ўрнини белгилаб бера олади.
Сўзимиз аввалида, Нотариат нима, деган саволга тўхталиб ўтсак. Нотариат, бу – ҳуқуқий жараёнларни расмийлаштириб, уларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигини тасдиқлаб берувчи давлатга оид тизим. Жумладан, битимлар, васиятнома, ишончнома, мулк олиш-сотиш каби ҳужжатларни расмийлаштиради. Шунингдек, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилади, ҳужжатларнинг ҳуқуқий кучга эга бўлишини таъминлайди. Оддий тилда тушунтириладиган бўлса, Нотариат инсонлар ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий асосда мустаҳкамлаб беради.
Ўзбекистонда охирги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш ва адолатни мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли жараён эканлиги барчага маълум. Президентимизнинг Нотариат институтини янада ривожлантиришга оид ушбу қарори соҳада чуқур технологик модернизация ва ҳуқуқий янгиланишларни белгилаб берди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб, нотариуслар айрим низосиз талаблар бўйича ижро хатларини ёзиш ваколатига эга бўлади. Бу фуқаролар ва тадбиркорларнинг судга бормасдан, тез ва қулай ҳуқуқий ечим олиши имконини яратади. Судларнинг юки камаяди, фуқароларнинг адолатга етишиши тезлашади.
Янги қарорга кўра, ижара тўлови ёки коммунал қарзлар каби оддий масалаларни энди нотариус орқали ҳал қилиш мумкин бўлади. Бу одамларнинг вақтини тежайди, ташвишини камайтиради. Шу билан бирга, ҳуқуқий маданиятнинг ҳам ошишига ёрдам беради.
Қарордаги яна бир муҳим жиҳат – нотариуслар учун ёш чегарасининг 70 ёшгача кўтарилиши. Бу ўз соҳасида катта тажрибага эга мутахассисларнинг фаолиятни давом эттиришига шароит яратади. Бироқ, бу чекловсиз эмас: Олий малака комиссияси суҳбати орқали малакани тасдиқлаш талаб этилади.
Шу билан бирга, нотариус бўлишни истаганлар учун ягона танлов жараёнини жорий этиш тизимни очиқ, адолатли ва замонавий ахборот технологияларига асосланган ҳолга келтиради. Тест синовлари, амалий топшириқлар ва электрон платформалар орқали баҳолаш бевосита коррупция хавфини камайтиради, ҳақиқий билим ва малакага асосланган танловни таъминлайди.
Ушбу қарор нотариат соҳасида рақамлаштиришни кучайтириб, жараёнларнинг очиқ ва шаффофлигини таъминлайди. Бу эса ўз-ўзидан фуқароларнинг тизимга бўлган ишончини янада орттиради.
2025–2027 йилларга белгиланган “йўл харитаси” бевосита, нотариат тизимини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган.
Маълумки, 2025 йил 1 декабрдан бошлаб, никоҳ шартномалари электрон базада мажбурий сақланган. Нотариал ҳаракатларнинг аудио ва видеоёзувлари ҳам тизимга бириктирилган. Бу, албатта, келгусидаги низоларнинг олдини олиб, жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаб келди.
2026 йил 1 январдан эса фуқароларнинг шахсини идентификация қилишда биометрик маълумотлардан фойдаланиш тизими йўлга қўйилиши белгиланган. Бу, албатта, замонавий, хавфсиз ва тезкор хизмат кўрсатиш йўлидаги катта қадамдир.
Мазкур қарор орқали кўчмас мулк билан боғлиқ жараёнлар, яъни бир дарча ва автоматлаштириш тамойили борасида ҳам эътибор кучайтирилиши кўзда тутилган. Қарорга кўра, 2026 йилдан бошлаб, кўчмас мулкка оид барча битимлар нотариус орқали автоматик тарзда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу амалиётнинг жорий этилиши натижасида солиқ, энергия, сув таъминоти ва бошқа тизимлар ўртасидаги маълумот алмашинувини автоматлаштиради. Мулкдорлар учун ортиқча сарсон-саргардонликлар камаяди. Ва асосан, коррупция эҳтимоли йўқолади. Бу “бир дарча” тамойилининг амалдаги яна бир намунасидир.
Президентимизнинг ушбу қарори фақат нотариат соҳасини тартибга солиш билан чекланмайди. У, энг аввало, фуқароларнинг давлат органларига ишончини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий хизматларнинг сифатини ошириш ва давлат бошқарувини замонавийлаштиришга қаратилган. Айниқса, тадбиркорларнинг ишончини оширади, фуқаролар ҳуқуқларини кафолатлайди ва мамлакатнинг рейтингига ижобий таъсир кўрсатади.
Нотариат ҳақидаги ушбу янги қарор мамлакатда олиб борилаётган кенг қамровли ҳуқуқий ислоҳотларнинг яна бир муҳим ҳалқаси, десак адашмаган бўламиз. Зеро, бу инсон ҳуқуқлари, бизнес эркинлиги, тезкор ва адолатли хизмат кўрсатиш, давлат ва фуқаро ўртасидаги ўзаро ишончни кучайтиришга хизмат қилади.
Тубдан янгиланиб, рақамлаштирилаётган нотариат тизими бевосита бугунги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини намоён этади. Шубҳасиз, мазкур ислоҳотлар амалга ошган сари юридик хизматлар бозорида рақобат ошади, хизмат сифати яхшиланади. Энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси янада мустаҳкамланади.
Нодирбек Файзиев,
Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари
Феруз Шарапов,
Бухоро вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар
бўлими бош консультанти.






