ЎЗБЕКИСТОНДА СУД ТИЗИМИНИ РАҚАМЛАШТИРИШ
ВА СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ЖОРИЙ ЭТИШ БЎЙИЧАЯНГИ ҚАДАМЛАР
Мамлакатимизда сўнгги саккиз йил давомида фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш, одил судлов самарадорлигини таъминлаш, бузилган ҳуқуқларни суд орқали тиклаш имкониятларини кенгайтириш борасида қабул қилинган қонун, Фармон ва қарорлар эътиборга молик.
Қабул қилинган ҳужжатларнинг самарасини сўнги йилларда Ўзбекистон Республикаси судлари маъмурий биноларининг қиёфаси замон нафаси билан уйғунлашганлиги, аҳоли ва суд тизими ходимлари учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги, айниқса суд ходимлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганлигида ҳам кўриш мумкин.
Барча соҳалар қатори рақамли ва сунъий интеллект технологиялари суд тизимида ҳам жорий этилиши қувонарли ҳолат албатта.
Суд тизимида рақамли ва сунъий интеллект технологиялари жорий этилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил
21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сонли Фармони дастуруламал бўлиб ҳисобланиб, Фармонда бир қатор чора-тадбирлар ўрин олган.
Ушбу қадамлар «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлиб, стратегиядаги чора-тадбирларнинг бир қисми сифатида судлар фаолиятидаги самарадорликни ошириш ва адолатли судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришдан иборатдир.
Суд ишларини электронлаштириш, ҳужжатлар билан ишлашни соддалаштириш ва фуқароларга қулай хизматлар кўрсатиш, натижада суд жараёнларини бошдан-оёқ электрон шаклда юритилиши, судда иштирок этувчи шахслар суд биноларидан иштирок этмасдан, масофадан туриб иш юритиш имкониятлари берилиши одил судловга эришиш сифатини ва судга бўлган ишончни ошириш учун химзат қилади.
Фармонга кўра, 2025 йилнинг охирига қадар Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида «Рақамли суд» концепцияси асосида суд ишлари юритилиб, буни амалга ошириш учун махсус ахборот тизимлари ва интерактив платформалар ишлаб чиқилади.
Судларда сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамаларининг тахминий натижаларини ва суд харажатларини автоматик равишда ҳисоблаш имкониятлари яратилади.
Рақамлаштириш натижасида келгусида суд ишлари тўлиқ электрон шаклга ўтказилади ва қоғоз ҳужжатлардан фойдаланишдан узоқлашилади. Судга электрон аризалар, суд ҳужжатларини электрон шаклда қабул қилиш ва қўллаш учун янги имкониятлар яратилади.
Шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида суд ҳужжатлари лойиҳалари ва баённомалар автоматик равишда тузилади.
Бундан ташқари, суд жараёнларига доир барча маълумотлар автоматик равишда фуқароларга етказилади. Хусусан, ҳуқуқий ёрдам платформалари ва виртуал маслаҳатчи лойиҳалари ёрдамида ҳар қандай шахсга онлайн ҳуқуқий хизматлар тақдим этилади.
2025-2030 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, суд биноларини қуриш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, янги суд биноларини қуришда рақамли технологияларга асосланган суд мажлиси заллари ташкил этилади.
Ўзбекистонда суд тизимининг рақамлаштирилиши нафақат суд жараёнларини соддалаштиради, балки мамлакатда адолатли судловга ва шу орқали фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясига катта ҳисса қўшади.
Мазкур Фармон қабул қилиниши мамлакатимизда суд тизимида замонавий технологияларни жорий этиш, фуқароларга қулайликлар яратиш ва ёш судьяларнинг рақамли саводхонлигини оширишга қаратилган муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Ғиждувон туманлараро суди раиси Ў.С.Разиков






