ФИРИБГАРЛИК ОҒИР ГУНОҲДИР
Фирибгарлик ўзга бир кишига ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказади. Бу қилмиш ҳар бир шахсни жиноятга етаклаши аниқ.
Фирибгарликни ўзига касб қилиб олган Пешкў туманида яшовчи фуқаро Мавлонов Эргаш (исм ва фамилияси ўзгартирилган) ҳам нафси ҳакалак отганлар тоифасидан.
У 2022 йил сентябрь ойидан 2023 йил 29 ноябрь кунига қадар Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочиси лавозимида ишлаб келиб, ўзгаларнинг мол-мулкини алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли орқали қўлга киритиш мақсадида фуқаро Тошев Миршод (исм ва фамилияси ўзгартирилган) автомашина сотиб олиш мақсадида юрганлигидан ҳақида хабар топиб, ундан алдов йўли билан моддий қимматликлар олиш режасини тузиб, шу мақсадда М.Тошевга давлат ҳисобига мусодара бўлган Мажбурий ижро бюросига қарашли жарима майдонидаги “Малибу 2” русумли автомашинани бир ой ичида аукцион савдо орқали 12.000 АҚШ доллари эвазига сотиб олиб беришини ҳамда барча ҳужжатларни ўзи расмийлаштиришни ваъда қилиб, М.Тошевни ишончига кириб, 2023 йил декабрь ойида МИБ маъмурий биноси олдида М.Тошевдан уч мартада Ўзбекистон Республикаси пул бирлиги ҳисобланган сўмга нисбатан жами қиймати 43.068.095сўмни ташкил қилган 3.500 АҚШ долларини хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда алдов йўли билан қўлга киритиб, ваъда қилинган муддатларда М.Тошевга автомашина аукцион савдолари орқали сотиб олиб бермасдан, пулларни ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юбориб, ўзига билдирилган ишончни суиистеъмол қилган ҳолда жабрланувчи М.Тошевга 43.068.095 сўмлик анча миқдорда моддий зарар етказиб, хизмат мавқеидан фойлаланган ҳолда фирибгарлик жиноятини содир қилган.
“Қинғир ишнинг қийиғи, қирқ йилдан кейин ҳам очилади”, – деб бежизга айтишмайди.
Мавлонов Эргашнинг фирибгарлиги фош бўлиб, қонун олдида жавоб берди.
Жиноят ишлари бўйича Когон туман суди томонидан унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “в” банди билан Жиноят кодексининг 45,57-моддасини қўллаб, Жиноят кодекси
59-моддасининг 8-қисмига асосан илгарги ҳукм билан тайинланган жазонинг тўлиқ миқдоридан келиб чиқиб, жазоларни қисман қўшиб, узил-кесил 2 йил
6 ой муддатга мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 120 (бир юз йигирма) баравари миқдорида 40.800.000 (қирқ миллион саккиз юз минг) сўм жарима жазоси тайинланди.
Тайинланган жарима давлатга ундирилиши белгиланди.
Унутманг! Жиноят ҳеч қачон жазосиз қолмайди.
ҚОСИМ ХОЛОВ
Жиноят ишлари бўйича Когон туман суди раиси
НОДИР ШАРОПОВ
Бухоро вилоят суди судьяси






