КЎЗА КУНДА ЭМАС, КУНИДА СИНАДИ
Эркин яшаш бахти инсонга инъом этилган энг олий бахтдир. Умрни мақсадли яшаб ўтиш ҳар кимнинг ўзига, ақлига, маънавиятига, одобига боғлиқдир.
Судланувчи Пулатов Эркин Эшпулатович (исм шарифи ўзгартирилган) эса ўзининг гулдек ҳаётини гўёки тўполон билан оқаётган дарёга ўзи қўли билан ғарқ қилганлар тоифасига мансуб десак ҳеч муболағаси йўқ.
Гап шундаки, судланувчи Э.Пулатов 2024 йил 22 сентябрь куни кеч соат 23:00 ларда спиртли ичимлик истеъмол қилган маст ҳолатда ўзи яшаб келаётган Когон туман “Ниёз ҳожи” МФЙ, “Ганчкаш” қишлоғида Мурадов Ўткир Турсунович (исм шарифи ўзгартирилган) билан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб, жанжал вақтида совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ошхона пичоғи билан Ў.Мурадовни қорин олди соҳасидан қасддан уриб, унга қасддан баданга оғир шикаст етказган.
Пичоқнинг ўткир тиғи Ў.Мурадовни қорин олди соҳасига уриб суққанлиги, сўнгра ИИБ ходимлари етиб келиб, уни Когон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб кетишганлигини билдирган.
Судланувчи Э.Пулатов судда Ў.Мурадов билан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолганлигини, жанжал вақтида ошхона пичоғи билан Ў.Мурадовни қорин олди соҳасидан қасддан уриб, унга оғир шикаст етказганлигини, қилмишидан пушаймондалигини, жабрланувчи Ў.Мурадовга етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берганлигини, унга нисбатан жабрланувчининг даъвоси йўқлигини, қонуний енгиллик беришни сўраган.
Судланувчи Пулатов Эркин Эшпулатович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 104-моддаси 2-қисмининг “л” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга шу модда билан ЖКнинг
57-моддасини қўллаб 4 (тўрт) йил 6 (олти) ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
ҚОСИМ ХОЛОВ
Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг раиси