«Рақамли суд» концепциясининг мазмун моҳияти
Ҳар бир соҳа йилдан-йилга такомиллашиб, янгиланиб бораверади. Жумладан, суд тизимидаги қонунчиликни ҳам шулар қаторига киритсак бўлади. Суд фаолиятини рақамлаштириш таҳлили ушбу институтни такомиллаштириш орқали амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 21 августдаги ПФ-140-сонли фармони алоҳида ўрин тутади.
Ушбу Фармон орқали суд тизимини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги босқичлари ва услублари ўз ифодасини топган.
Хусусан, «Рақамли суд» концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш назарда тутилган.
Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш, шунингдек, ушбу йўналишдаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш алоҳида таъкидланган. Бундан ташқари, ушбу Фармон билан иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантириш ҳам ўрин олган.
Бундан буён маъмурий ва иқтисодий судларда иш кўрилаётганда, тарафлар масофавий тарзда, суд мажлислари залига шахсан бориб қатнашмасдан, видеоконференцалоқа орқали амалга оширишлари, мурожаатлар электрон шаклда юборилиши, судья тарафлар томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар асосида ишни холис ва адолатли кўриб чиқиши имконияти пайдо бўлади. Бу эса ўз навбатида шаффоф суд тизимини шакллантиришга хизмат қилади.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида «Рақамли суд» концепциясини амалга ошириш доирасида судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантириши, мурожаатлар судга электрон шаклда юборилиши, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этиши, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилиши, суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланиши ва тўланиши, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилиши, суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилиши, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланиши, суд ҳужжатлари лойиҳалари автоматик шакллантирилиши кўзда тутилган.
Суд одилона қарорлар чиқариш, қарорларнинг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг амалга киритилган янги тартиби бир хил суд амалиётини шакллантириш, қуйи судлар томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни тузатиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини тиклаш билан боғлиқ узвий ҳуқуқлари таъминланишини, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бухоро туманлараро
иқтисодий суди судьяси М.Махсудова