Иқтисодий судлар фаолиятига оид муҳим янгилик
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-140-сон Фармони қабул қилиниши мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар доирасида муҳим янгиликлар ва ўзгаришларни белгилаб берди.
Фармон билан, авваламбор барча соҳалар каби судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитларни яратишни мақсад қилган ҳолда қуйидагиларни амалга ошириш орқали яқин истиқболдаги устувор мақсад ва вазифалар белгиланди. Хусусан:
- эндиликда суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечилади, “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилиши босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилади, рақамлаштириш доирасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига янада қулай ва замонавий шароитлар яратиш мақсадида суд мажлиси заллари ташкил этилади;
- фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини оширилади, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имконияти яратилади, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритилади;
- Олий суднинг ахборот тизимлари негизида суд ҳужжатлари архиви модулини ишлаб чиқилиб амалиётга жорий этилади;
- судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича “Кибер ҳуқуқ” йўналишида илмий тадқиқотлар ўтказилади, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларининг рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб борилади;
- иқтисодий судлар тузилмасини оптималлаштириш орқали уларнинг фаолияти самарадорлигини оширилади ва ягона суд амалиётини шакллантирилади ва бошқалар.
Шу жумладан,Фармонга мувофиқ иқтисодий судлар фаолиятига оид муҳим янгилик сифатида 2026 йил 1 январдан иқтисодий судларни мақбуллаштириш орқали туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судларини тугатиш ҳамда ушбу судларнинг ўрнига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланди. Бундан кўзланган асосий мақсад энг аввало иқтисодий судларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ва ягона суд амалиётини шакллантиришдан иборат ҳисобланади.
Эндиликда эса, мазкур Фармон доирасида муҳим янгиликлар ва ўзгаришларни амалиётга татбиқ этиш учун қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш лозимлиги навбатдаги вазифалардан бири ҳисобланади.
Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига иқтисодий судлар судловига таалуқли бўлган ишларни ҳам мақбуллаштириш, хусусан ҳозирда суд амалиётидаги низосиз туркумдаги ишлар ҳисобланган солиқ органлари ва бошқа давлат органларининг тадбиркорлик субъектларига нисбатан банк ҳисобварақларини ёпиш, молиявий жарималар қўллаш ҳақидаги ишларни кўриб чиқишни ушбу органлар ваколатига ўтказиш, шунингдек базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача бўлган коммунал қарздорликлар ва кредит қарздорликларини ундириш ҳақидаги, шунингдек буйруқ тартибидаги ишларги нотариусларнинг ваколатига ўтказишни назарда тутувчи қонун нормаларини киритиш, агар мазкур тоифадаги ишлар бўйича низо келиб чиққан тақдирда, ушбу ишлар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилиши ҳақидаги нормаларни киритиш ҳақидаги таклиф қилинади. Бунинг самараси ўлароқ, иқтисодий судларда кўриб чиқиладиган ишлар ҳажми сезиларли даражада камаяди, одил судлов сифати ошади, суд ресурсларидан самарали фойдаланилади, судлар фаолияти учун бюджетдан ажратиладиган маблағлар тежалишига олиб келади.
Навбатдаги таклиф сифатида, иқтисодий судларда судьяларни муайян тоифадаги низоларни кўриб чиқишга ихтисослаштириш, хусусан шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган тоифадаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий-ҳуқуқий муносабатлар (солиқ ва божхона низолари, тўловга қобилиятсизлик, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш ва ҳ.қ) бўйича ишларни кўриб чиқишга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш, бунинг ҳуқуқий асосларини қонунчиликка киритиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Бунинг натижасида албатта, иқтисодий суд йўналишида одил судлов самарадорлигини янада ошиши, судьяларнинг тажрибаси ва иш сифати кўрсаткичлари ошиши ҳамда судьяларнинг тегишли ихтисосликлари бўйича илмий изланишлар олиб бориш имкониятлари кенгайиши каби ижобий натижалар ва ютуқларга эришилади.
Бухоро туманлараро
иқтисодий суди раиси
И.Юлдашев
Бухоро туманлараро
иқтисодий суди судьяси
Н.Солиев