Жиноят процессида жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш институтининг шаклланиш тарихи
Миллий давлатчилигимизнинг деярлик уч минг йиллик тарихидан маълумки, жиноят-процессуал ҳуқуқи тарихида жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар ривожланишининг илк кўринишларини шартли равишда тўрт босқичга бўлиб ўрганиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.
Биринчи босқич. Давлатимиз ҳудудида мавжуд бўлган қадимги давлатларда жиноят ва жазо тизими милоддан аввалги V асрдан милодий VII асрларигача бўлган даврда одат ҳуқуқи ҳамда зардуштийлик динининг асосий манбаси “Авесто” китоби асосида тартибга солинган. Авестодаги “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” шиори бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган десак хато бўлмайди. Мазкур китобда инсоннинг муқаддаслиги ҳақида сўз боради. Унга кўра, “кимда-ким ғазаб билан бировни урмоққа қасд қилса, унинг гуноҳи аридуш”, яъни инсоннинг бошқа бир кишига жабр-зулм етказиши оғир гуноҳ эканлиги таъкидланган. Бизгача “Авесто”нинг 4 дона китоби етиб келган бўлиб, улар ичида 22 бобдан иборат “Видэвдат” 3-китоби ҳуқуқ манбаси бўлиб, турли соҳадаги муносабатларни тартибга солган қонунлардан иборат. “Авесто” китобида ҳам жиноятдан жабрланганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг оммалашганлиги кузатилади. “Авесто”да жиноятлар: 1) динга; 2) шахсга; 3) ҳайвонотга; 4) мулкка; 5) ахлоққа; 6) табиатга қарши жиноятлар каби турларга бўлинган.
Эрамизнинг VII асрида Турк хоқонлиги давридаги ҳуқуқ манбаларига оид камроқ маълумотлар етиб келган. Бироқ ўша вақтда ҳукмронлик қилган туркий халқлар ичида қайси динга эътиқод қилишига қараб, зардуштийлик, будда, манехейлик динларининг муқаддас китоблари, одат ҳуқуқлари, хоқон ва жабғуларнинг буйруқ, фармон ва бошқа ҳужжатлари бўлганлиги, улар асосида турли ҳуқуқий муносабатлар тартибга солинганлиги тўғрисидаги маълумотлар учрайди. Турк хоқонлигидаги қадимий туркларнинг одатига кўра, аёл киши – она ниҳоятда қадрланган. Турк одат ҳуқуқларига кўра, хотин- қизлар тўла ворислик ҳуқуқига эга бўлганлар. Қонун аёлларни қаттиқ ҳимоя қилган. Агар бирор эркак аёлнинг номусига тегса, эркак ўлимга маҳкум қилинган ёки эркак ёш қизнинг номусини поймол қилса, унга уйланиши шарт бўлган. Номусга тегиш энг оғир жиноятлар (қўзғолон, хоинлик, одам ўлдириш, йўлга шайлаб қўйилган отни ўғирлаш) билан бир қаторга қўйилган.
Безорилик оқибатида тана аъзоларига шикаст етказишга мулкий жазо – зарарни тўлатиш (қоплаш) жазоси берилган. Бунда келтирилган зарарнинг даражаси эътиборга олинган. Масалан, безорилик орқасида бирор кишининг кўзига жароҳат етказилса, жабрланувчига қизини эрга бериши, қизи бўлмаса, уйланиши учун зарур мулкни тақдим этиши лозим эди. Аъзоларининг бирортасини ишдан чиқарса, бу зарар ишга яроқли от билан қопланган. От ёки бошқа ашёларни ўғирлаганлик учун ўғирланган ашё қийматининг ўн баробарини ундириб олиш билан чекланилган.
Ана шу маълумотларга таянган ҳолда, кўпгина тарихий асарларда Турк хоқонлиги давридаги махсус “Жиноят ва жазо” қонунлари тўплами ҳақида маълумот келтирилади. Демак, хулоса қилиш мумкинки, Турк хоқонлиги ўзининг ёзма тўплам ҳолига келтирилган қонунчилигига эга бўлиб, у ўша даврда ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқ манбаини ташкил қилган, шунингдек, жазо тизимида қабила, уруғ ёки жамоа жавобгарлиги VII асрда ҳам сақланиб қолган. Жазо сифатида келтирилган зарарни қоплаш, тўлатиш ёки жиноят содир этган шахсни жазолашдан иборат бўлган.
Иккинчи босқич. Маълумкиўрта асрлар даври VIII асрдан то XIX асрнинг биринчи ярмигача бўлган даврни ўз ичига олган. VIII асрда Марказий Осиё ҳудуди араб ҳукмронлиги остига ўтди ва унинг ҳудудида яшовчи халқлар эътиқоди ислом динига мослаштирилди. Ислом динининг жамиятдаги барча соҳаларга кириб келиши эски ижтимоий-ҳуқуқий одат, анъаналарнинг сиқиб чиқарилиши ва мусулмон ҳуқуқига асосланган қадриятларнинг жорий этилишига олиб келди. Ўзбекистон ҳудудида деярли ўн уч аср давомида фаолият кўрсатган қозилик ва бий судлари шариатга асосланган ҳолда халқ одатлари ва анъаналарига таяниб қарорлар қабул қилган.
Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Мукашафатул қулб» (Қалблар кашфиёти) номли рисоласида қайд этилганидек, Пайғамбаримиз (с.а.в): “Кучлилардан заифларнинг ҳаққини олиб бермаган миллатни Оллоҳ ҳеч қачон азиз қилмагай” деганлар.
Буюк бобоколонимиз Амир Темур ўзининг “Темур тузукларида”: «Кимки бировнинг молини зўрлик билан тортиб олган бўлса, мазлумнинг молини золимдан қайтариб олиб, эгасига топширсинлар. Агарда, кимда-ким кўзни кўр қилса, қулоқ, бурун кесса, шароб ичса, зино ишлар қилса, девондаги шариат қозиси ёки аҳдос қозисига олиб бориб топширсинлар» деб буюрган.
Юқоридаги манбалар таҳлили шуни кўрсатадики, мусулмон ҳуқуқи бўйича жабрланувчи мақоми ўша даврларда ҳам мавжуд бўлиб, «хусусий даъво» мазмунида намоён бўлган. Лекин жиноятдан жабрланган шахс айнан «жабрланувчи» мақомига эга бўлмаган. Жиноят иши юритувида жабрланувчилар томонидан айблов юритуви бошланиб, бу ҳолат унинг ўзи ва айрим ҳолларда қариндошлари томонидан ҳам амалга оширилган. Айбланувчи ва арз қилувчи – жабрланувчи жавобгар ва даъвогар, деб номланиб, улар бир хил ҳуқуқларга эга бўлиб, ўз мавқеларини ўзлари ҳимоя қилганлар.
Бухоро амирлигида, агарда одам ўлдириш ёки тан жароҳати етказиш содир этилган бўлса, оталиқ айбдорни тутиб ўлдирган ёки ярадор қилинган одамни қариндошларига ушлаб берган. Улар эса айбдорни мусулмон ҳуқуқидаги «тишга-тиш» қоидасига кўра ярадор қилган бўлса, ярадор, ўлдирган бўлса, ўлдиришган.
Қўқон хонлигида Қуръондаги: «Биз жонга-жон, кўзга-кўз, бурунга-бурун, тишга-тиш жароҳатларини буюрдик», деган кўрсатмалари асос қилиб олинган. Аммо Қўқон хонлигида қонунсизлик илдиз отган эди. Тарихий манбаларда ёзилишича, қароқчилик авж олган бир вақтда, кўплаб фуқаролар жабрланган ҳолатларни олдини олиш учун 1843 йилги воқеалар баёнида Бухоро амири Амир Насруллоҳ ва Хива хони Оллоқулихоннинг ўғли Муҳаммад Амин иноқ ўзаро элчилик орқали ҳар иккала давлат ҳудудида қароқчиларнинг талончилигидан жабрланганларни қайси ҳудудларига яқин масофада бўлса, ихтиёрий равишда ҳимоясига олиши иккала давлат келишувга асосан етказилган зарарни хонлик ёки амирлик томонидан тўлаб беришга эришган».
XX асрнинг бошларида Чор Россияси ҳарбий ҳокимияти ўрнатилишига қарамасдан, Бухоро амирлиги ва Хива хонликлари ҳуқуқий тизими (шариат қонунлари) 1917 йилги давлат тўнтаришига қадар жиддий ўзгаришсиз сақланиб қолган.
Учинчи босқич. Ўзбекистоннинг бир асрлик ўтмишининг ижтимоий хусусиятларини сиёсий-ҳуқуқий тизим нуқтаи назардан баҳолайдиган бўлсак, уларни мустамлакачилик даври, мустабидлик даври ва мустақиллик даври каби уч даврга ажратсак бўлади:
Мазкур тарихий даврларнинг ижтимоий-ҳуқуқий тавсифи, уларнинг бошқарув хусусиятлари бир-биридан кескин фарқ қилиб, уларни шахс ва жамиятнинг мақсад ҳамда манфаатларига қай даражада мос ёки йўқлигидан ажратиб олиш мумкиндир.
Россия империяси Туркистон ўлкасида ўз ҳуқуқий анъаналарини жорий қилишдан бир неча йил олдин ўзининг суд-ҳуқуқ ислоҳотларини бошидан кечирган эди. Дастлаб XVIII асрда Европа, сўнгра АҚШда рўй берган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар замонавий судлов фаолиятини вужудга келтирди. Ғарбда рўй берган ўзгаришлар таъсирида 1864 йилда Россияда ҳам янги, яъни шахс, жамият, давлат муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тенглик ва ўзаро манфаатдорлик асосида тартибга солиш ғоясини ўзида мужассам этган Судлов Устави қабул қилинди. Судлов юритув амалиётига баҳс юритаётган тарафларни яраштиришга уринувчи «келиштирувчи судьялар» (мировой судья) шакли жорий этилди ҳамда «жабрланувчи» институти уставда ўз аксини топди. Унга кўра, «жабрланувчи» тушунчаси «жабр кўрмоқ» феълидан олинган бўлиб, илк маротаба айнан шу ҳужжатда қайд этилган. Уставда жабрланувчи тушунчасига таъриф берилмасада, мазкур тушунча қонунан киритилган. Бу тоифадаги шахслар «жиноятдан жабрланган шахс», «жисмоний ва моддий зарар кўрган» ва «ранжиган» деб ҳисобланган.
Туркистон ўлкаси Чор Россияси томонидан босиб олинганидан кейин бир томондан дунёвий судлов тизими ҳамда иккинчи томондан диний-ақидавий ва одатга асосланган судлов юритуви вужудга келган. Бу ҳолат Чор Россиясининг ўлка халқларининг миллий анъаналарини сақлаб қолишга ён босганлигидан далолат беради.
И.В.Мисник: «Совет даврида жабрланувчи фақат иккита ҳолатдагина –хусусий айблов ва фуқаровий даъвогар сифатида жиноят процессининг мустақил иштирокчиси бўлган. У, одатда, гувоҳ билан тенглаштирилган эди» деб таърифлаган.
1867 йилда «Туркистон ўлкасида судлов юритуви қисмини ташкил қилиш тўғрисидаги Низом лойиҳаси» жорий қилинди ва судлов юритуви соҳасидаги муносабатларни тартибга солиб келди. Ушбу ҳужжатга асосан жиноят процесси иштирокчиларининг процессуал мақоми билан боғлиқ икки муҳим хусусиятни англаш мумкин:
биринчиси, бу жиноят қилмишни содир этган шахснинг «айбланувчи» эмас, балки «гумон қилинувчи» мақомида бўлиши (мазкур ечим формал тарзда айбсизлик презумпцияси принципининг ғоясига мос келади);
иккинчиси, бу жиноий қилмишдан жабр кўрган шахснинг «жабрланувчи» мақомида эмас, «фуқаровий даъвогар», деб эътироф этилиши (яна формал процессуал қоидалардан келиб чиқадиган бўлсак, фуқаровий даъвогардан даъвони исбот қилиб бериш вазифасини фаол амалга ошириш талаб этилади. Бу хусусият ҳам айбсизлик презумпцияси принципига мос процессуал ечимдир).
В.Случевский, ушбу ҳолатни шарҳлаб: «Шахсни жабрланувчи тариқасида эътироф этиш мураккаб масала ҳисобланишини» таъкидлаб ўтган. Бироқ ушбу тамойил асосида маҳаллий аҳоли ва рус миллатига мансуб шахс жиноят содир қилса ёки жиноятдан жабрланса уларни судлов тартиби бир хил бўлмаган. Мисол учун, агар рус миллати ёки насроний динига мансуб шахслар томонидан жиноий қилмиш содир этилганида, уларнинг ишлари рус судларига топширилган бўлса, мабодо жиноий қилмишдан жабрланган шахс – рус ёки насроний динига мансуб бўлганда, маҳаллий миллатга мансуб шахснинг жиноят иши «сиёсий агент»нинг ихтиёрига топширилган.
Ўз навбатида Чор Россиясининг Туркистонда амалга оширган суд ислоҳотлари қози (бий) судларининг функциявий ва ташкилий тизимининг ислоҳ этилишига олиб келди. Қози судлари соф диний-ақидавий суддан ўлкада рус ҳукуматининг иштирокида таркиб топган маҳаллий анъана ва одатлар, турмушдаги хусусиятларга мослаштирилган судга айлантирилди.
Қозилик (бий) судларини ислоҳ этишдан Чор ҳукумати кўзлаган асосий мақсад ҳам, айнан маҳаллий аҳоли онгига диний-мафкуравий таъсирни камайтиришга йўналтирилган бўлиб, унинг ижобий жиҳати ўлкамиз тарихида илк марта дунёвий мафкурага асосланган суд-ҳуқуқини жамият ижтимоий турмушига олиб кирди ҳамда дунёвий судлов юритувидаги дастлабки ислоҳотларни бошлаб берди. Бу эса жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизими такомиллашиши ҳамда ривожланишига туртки берган ижтимоий омилга айланди.
1919 йил 10 июлда қабул қилинган «Революция трибунали ҳақида»ги декретга мувофиқ жабрланувчи жиноят ишларининг барча босқичларидан ҳеч қандай чекловсиз иштирок этиши, жиноят процессининг мустақил иштирокчиси сифатида айбловни қўллаб-қувватлаши, келтирилган далилларни текшириш жараёнида иштирок этиш, суд ҳукми юзасидан шикоят келтириш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилган эди.
1922 йилги Иттифоқнинг Жиноят-процессуал кодексида жабрланувчи иштирокчи сифатида ўрин олган бўлсада, лекин унинг процессуал мақоми белгиланмаган. 1926 йилги Жиноят-процессуал кодекси қабул қилингандан кейин ҳам ўзгармаган. Бироқ 1929 йилда қабул қилинган Жиноят процессуал кодексининг 86-моддасига мувофиқ агар терговчи, прокурор жиноят иши юзасидан давлат айбловини қўллаб-қувватламаса ёки айбловдан воз кечса, жабрланувчи шу Кодекснинг 3-моддасига мувофиқ ўзи айбловни қувватлаш ҳуқуқи берилган.
Ўзбекистон ССРнинг 1959 йил 21 майда қабул қилинган ЖПКда жабрланувчи жиноят процессининг мустақил иштирокчиси сифатида белгиланиши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга туб бурилиш сифатида намоён бўлди ва биринчи марта жабрланувчининг мақоми ва жиноят процессининг мустақил иштирокчиси, хусусий айбловчи ва фуқаровий даъвогар сифатида вужудга келди. Унда «Суд ва процесс иштирокчилари» деб номланган 2-боб
36-моддасида жабрланувчининг, 37-моддада эса фуқаровий даъвогарнинг таърифи белгиланган.
Жабрланувчининг ҳуқуқларининг кенгайиши фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишнинг асосидир.
Ҳақиқатдан ҳам ҳар қандай қонун инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини кўзлайдиган, муҳофаза қиладиган шаклда яратилиши зарур.
Тўртинчи босқич. Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг биринчилардан бўлиб жиноят-процессуал муносабатларни тартибга солувчи демократик ва инсонпарвар ғояларни ўзида мужассам этган янги Жиноят-процессуал кодексини қабул қилганини қайд этиш ўринлидир. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатда жабрланувчининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини янада кенг таъминлаш мақсадида хусусий айблов институти жорий этилди. Бу эса жиноят ишини қўзғатиш ёки қўзғатмаслик масаласини бевосита жабрланувчининг аризасидан келиб чиққан ҳолда ҳал этиш тартибини вужудга келтириши билан бирга, жиноят процессида шахс ҳуқуқий мақомининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Мустақиллик йилларида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари тизими ташкил этилди. Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилик тизими ишлаб чиқилди. Жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш бўйича янги институтлар фаолияти йўлга қўйилди. Суд жараёнида айблов ва ҳимоянинг тенглигини таъминлашнинг таъсирчан ҳуқуқий механизмлари, суд-ҳуқуқ тизимининг конституциявий ва жиноят-процессуал кафолатлари яратилди.
Хулоса қилиб айтганда, жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мамлакатимиз ҳудудида давлат ва ҳуқуқ ривожланишининг умумий қонуниятларидан келиб чиққан ҳолда ўзига хос ривожланиш йўлини босиб ўтган бўлиб, жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунда белгиланган бўлса-да, жиноят процессида доимий равишда такомиллашиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, аввало, инсон манфаатларини олий қадрият сифатида тан олиниши асосида шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам тизими шаклланди, десак муболаға бўлмайди.
Шунингдек, хулоса ўрнида жиноят қонунчилигида жабрланувчига етказилган зарарни тез ва тўла бартараф этиш мақсадида жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир деб ҳисоблайман.
Жиноят ишлари бўйича
Бухоро шаҳар суди раиси У.Жўраев
Жиноят ишлари бўйича
Бухоро шаҳар суди судьяси Ж.Авезов