Мулк ижараси шартномасидан келиб чиқадиган низоларни судда кўриб чиқишнинг айрим жиҳатлари

Маълумки, мамлакатимиз иқтисодиётининг негизини турли шакллардаги мулк ташкил қилади ва қонунда мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкдан ўз хоҳишига кўра фойдаланиш, даромад олиш ва тасарруф қилиш кафолатлари белгиланган.

Шунга кўра фуқаролик ҳуқуқи муомаласи иштирокчилари бўлган фуқаролар, тадбиркорлар субъектлари ва давлат мулкдор сифатида ўзига тегишли мулкни ижара шартномаси асосида бошқа тарафга ҳақ эвазига даромад олиш мақсадида вақтинча фойдаланишга беришлари мумкин.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти жадал ривожланаётган бир пайтда турли субъектлар ўртасида мулк ижарасига оид ҳуқуқий муносабатлар ҳам сезиларли ошганлигини кузатиш мумкин. Шу билан бирга ижара шартномаси тарафлари ўртасида турли низолар пайдо бўлиб, судларда мазкур тоифадаги ишлар кўпайиб бормоқда.

Маълумки, иқтисодий судлар томонидан мулк ижараси шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилишда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ер кодекси, «Ижара тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулкини ижарага бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2023 йил 14 декабрдаги 660-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом ва бошқа қонунчиликни қўллаб келмоқдалар. Бундан ташқари, мазкур тоифадаги низоларни ҳал қилишда амалиётда Ўзбекистон Республикаси Олий Хўжалик суди Пленумининг 2011 йил                                  1 декабрдаги “Мулк ижараси шартномасига оид фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини иқтисодий судлар томонидан қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 234-сонли Қарори тушунтиришларидан фойдаланиб келинмоқда.

          Шуни эътиборга олиш керакки, ижарага берувчининг ижарага олувчи билан муносабатларини тартибга солувчи асосий ҳужжат бўлиб ижара шартномаси ҳисобланади. Ижара шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган бўлса, тарафлардан биронтаси юридик шахс бўлган ҳолларда эса муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Мулкнинг эгаси ёхуд қонун ёки мулкдор томонидан мулкни ижарага бериш ваколати берилган бошқа шахслар ижарага берувчи бўлиши мумкин. Ижарага олувчининг ижара ҳақини тўлаш мажбурияти ижарага берилган мулк унга топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Бир йилдан ортиқ муддатга тузилган кўчмас мулк ижараси шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурий ҳисобланади. Кўчмас мулк ижараси шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш талабига риоя қилмаслик ФКнинг 112-моддасига асосан унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади. Бунда ФКнинг 114-моддасида назарда тутилган битимларнинг ҳақиқий эмаслигининг оқибатлари қўлланилади.

Қайд этилганлардан келиб чиқиб, иқтисодий судлар бундай низоларни қонуний ҳал қилиш учун ижара шартномаси шартларини, ижара берувчининг мулкдор эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (олди-сотди шартномаси, кадастр ҳужжатлари, транспорт воситасига техник паспорт ва бошқа ҳужжатлар) пухта ўрганишлари, ижара шартномаси қонунга мувофиқ тузилган ёки тузилмаганлигига, ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслигига атрофлича ҳуқуқий баҳо беришлари, ижара ҳақини ҳисоб-китоб қилишда ижарага берилган мулкни топширилганлиги пайтини аниқлашлари лозим.

Суд томонидан ижара шартномаси ҳақиқий эмас ёки ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб топилганда, битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатлари қўлланилади (рестутиция), яъни тарафлар битим тузилишидан олдинги ҳолатга келтирилиши лозим. Бунда шартнома тарафлари ҳар бири бошқасига шартнома бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб беришга мажбур ҳисобланади. Хусусан, ижарага берилган мулкдан фойдаланганлик учун тўлов ижара шартномасида белгиланган ижара ҳақининг миқдоридан келиб чиқиб аниқланади ва ижарага берилган мулк мулкдорга қайтарилиши лозим.  

Таъкидлаш керакки, иқтисодий судларда мазкур тоифадаги низоларни суд мажлисида кўриб чиқишда ишда иштирок этувчи шахслар, хусусан давлат мулки билан боғлиқ ишларда прокурор иштирокини таъминлаш, ишда тўпланган далиллар ва тарафларнинг важларини тўлиқ ўрганиб, ҳар томонлама ва тўғри ҳуқуқий баҳо бериш лозим. Зеро, ушбу талаб судларда мазкур тоифадаги низолар юзасидан қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилишнинг муҳим шарти ҳисобланади.   

                                                               Бухоро туманлараро                                                 

                   иқтисодий суди раиси                            

                              И.Юлдашев

                Бухоро туманлараро                                                 

                     иқтисодий суди судьяси

                                            М.Махсудова