ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ: ҚОНУН НОРМАЛАРИ ВА ПЛЕНУМ ҚАРОРИ АСОСИДАГИ ТАҲЛИЛ
«Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг иқтисодий судларда қўлланилиши замонавий ҳуқуқий тизимда долзарб масалалардан бири бўлиб ҳисобланади. Қонун 2021 йилда қабул қилинган бўлиб, у орқали юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлик ҳолатларини ҳуқуқий тартибга солиш белгиланган. Бироқ, Қонунни амалиётга татбиқ қилишда иқтисодий судлар бир қатор ҳуқуқий ва амалий муаммоларга дуч келган. Шу муносабат билан 2025 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми махсус қарор қабул қилди. Ушбу қарор қонун нормаларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш, суд амалиётида ягона ёндашувни шакллантириш ҳамда ҳуқуқий аниқликни оширишга қаратилган.
Ушбу Пленум қарорида биринчи навбатда Қонунни татбиқ этиш доираси аниқ белгилаб берилган. Жумладан, Қонун давлат муассасаларига ва нотижорат ташкилотларга нисбатан қўлланилмайди. Лекин ижтимоий фондлар ва матлубот кооперативлари шаклидаги юридик шахслар бундан мустасно қилиб белгиланган. Бу Қонун амалиётидаги кенг қамровли ёндашувларни қисқартириб, судлар учун юрисдикция масаласини аниқлашга ёрдам беради. Шунингдек, Қонун фақат тижорат характерига эга бўлган иқтисодий муносабатлар учун амал қилади, яъни бюджет ташкилотлари ва нотижорат фаолияти юритувчи субъектлар ундан мустасно этилади.
Қонунни татбиқ этишда ишни қайси суд кўриб чиқиши масаласи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қарздор юридик шахслар учун — уларнинг давлат рўйхатидан ўтган жойи, жисмоний шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар учун — яшаш жойи юрисдикция ҳисобланади. Пленум қарорида чет эллик шахсларга тегишли масалалар ҳам ёритилган. Жумладан, агар қарздор чет эл фуқароси бўлса, у яшаш жойига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар иқтисодий судига мурожаат қилиши лозим. Агар ариза нотўғри юрисдикцияга берилган бўлса, у қайтарилади. Суд томонидан иш қўзғатилгандан кейин қарздор яшаш жойини ўзгартирса, мазкур ҳолат ишни бошқа судга ўтказиш учун асос бўлади.
Қарздор, кредитор ёки манфаатдор шахслар тўловга қобилиятсизлик бўйича судга ариза бериш ҳуқуқига эгадир. Пленум қарорида қайд этилишича, солиқ ва божхона органлари, давлат бюджетига пул мажбуриятлари мавжуд бўлган корхоналар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ариза бериши мумкин. Лекин прокурор, нодавлат ташкилотлар ва бошқа шахслар ариза бериш ҳуқуқига эга эмас, бунга Қонун йўл қўймайди. Бундай ҳолатда ариза қайтарилиши ёки иш юритишга қабул қилинган ҳолда кўрмасдан қолдирилиши мумкин. Судлар, шунингдек, почта харажатларини ҳам ҳисобга олиши керак. Давлат органлари давлат божини тўлашдан озод этилган бўлса-да, почта харажатларини тўлаш мажбурияти улар учун ҳам сақланиб қолган.
Суд аризани қабул қилишда у билан бирга тақдим этилган ҳужжатларга эътибор қаратади. Уларнинг рўйхати Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида кўрсатилган. Масалан, молиявий ҳисоботлар, қарздор муассисларининг йиғилиш баённомалари, кредиторлар рўйхати ва бошқалар. Агар ушбу ҳужжатлар етмаса, ариза қайтарилади. Агар ариза қарздор раҳбари томонидан берилаётган бўлса ва у Қонун билан мажбур қилинган бўлса, етишмаётган ҳужжатлар кейинчалик талаб қилиб олинади.
Кузатув таомили Қонунда белгиланган асосий босқичлардан биридир. У иш қўзғатилгандан кейин тўловга қобилиятсизлик масаласини таҳлил қилиш ва кейинги босқичлар — реабилитация ёки банкротликни белгилаш учун хизмат қилади. Судлар ариза билан бирга муваққат бошқарувчининг номзодини ҳам кўриб чиқади. Агар номзод кўрсатилмаган бўлса, суд аризачидан ёки бошқа манбалардан номзод таклиф этишни сўрайди. Бироқ, кузатув таомили жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Суд аризани иш юритишга қабул қилгандан кейин кредиторлар қарздорга нисбатан даъво билан алоҳида тартибда мурожаат қилишга ҳақли эмас. Бунда истиснолар бор — мулкий даъволар, маънавий зарар ёки жорий тўловлар бўйича даъволар. Бу кредиторлар ҳуқуқларини тизимлаштиришга ёрдам беради. Пленум қарорида шунингдек, кредиторлар йиғилиши ва унинг қарорларига нисбатан шикоят қилиш тартиби, уларнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ҳолатлари ҳам баён этилган.
Пленум қарорида суд бошқарувчиси институти алоҳида ўрин эгаллайди. Суд бошқарувчиси бўлиб фақат махсус аттестациядан ўтган, тегишли лицензияга эга бўлган, камида икки йил тажрибаси бор шахслар тайинланиши мумкин. Суд бу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги юритадиган реестр орқали олади. Суд бошқарувчиси нотўғри ҳаракат қилган тақдирда, у моддий жавобгарликка тортилиши мумкин. Шунингдек, агар у сохта тўловга қобилиятсизлик ҳолатларини яширган бўлса, у жавобгарликка тортилади ва бу ҳақда суд прокурорга хабарнома юборади.
Суд бошқарувчисининг вазифаларидан бири — сохта, яширин ёки қасддан тўловга қобилиятсизлик ҳолатларини аниқлашдан иборат. Бундай ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган алоҳида қоидалар мавжуд. Мазкур қоидаларга кўра, қарздорнинг аризаси бўйича кузатув таомили вақтида муваққат бошқарувчи ушбу ҳолатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида судга хулоса тақдим этиши керак. Агар жиноий аломатлар аниқланса, суд материалларни прокурорга юбориш орқали жиноят иши қўзғатилишини таъминлайди.
Суд ишни кўриб чиқишда унинг муддатларига ҳам эътибор қаратади. Қонунга кўра, ариза қабул қилинган кундан бошлаб икки ойдан ошмаган муддатда иш муҳокама қилинади. Алоҳида ҳолларда ушбу муддат бир ойгача узайтирилиши мумкин. Аммо мазкур муддатлар қарздор ҳозир бўлмаган ҳолларда банкрот деб эътироф этиш тўғрисидаги ишларга татбиқ этилмайди. Бу ҳолатларда бошқа процессуал қоидалар амал қилади.
Мақсад тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги муносабатларни шаффоф ва самарали тартибга солиш экан, ушбу соҳадаги ишларни судьялар томонидан тўғри ва адолатли кўриб чиқилиши муҳим аҳамиятга эгадир. Пленум қарорида батафсил баён этилган ҳар бир қоида судларнинг иш тажрибасини умумлаштиришга, нотўғри ёндашувларни бартараф этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, бу қарор қарздорлар ва кредиторлар учун бир хил ҳуқуқий стандартларни белгилаб, судлар томонидан бир хилда талқин этилишини кафолатлайди.
Пленум қарори асосида суд амалиётида янги ёндашувлар шаклланиши кутилмоқда. Масалан, тўловга қобилиятсизлик жараёнида қарздорнинг ходимлари, муассислари ёки мулк эгалари ҳам ишда иштирок этувчи шахслар сифатида эътироф этилмоқда. Бу уларнинг манфаатларини ҳимоя қилади ва тўловга қобилиятсизлик жараёнидаги ҳуқуқий муносабатларда фаол иштирокини таъминлайди. Шунингдек, суд бошқарувчисини тайинлаш ва уни вазифасидан озод этиш масалаларида ҳам илгаригига нисбатан аниқроқ мезонлар белгиланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Пленум қарори амалдаги Қонунни қўллашдаги ноаниқликларни бартараф этиш, судлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва барқарор ҳуқуқий муҳитни шакллантиришга қаратилган. Бу нафақат иқтисодий судлар, балки тадбиркорлар, инвесторлар ва кредиторлар учун ҳам муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади. Келгусида ушбу институтни ривожлантириш учун судьялар, суд бошқарувчилари ва манфаатдор шахсларнинг малакали тайёргарлиги, қонунчилик базасининг такомиллашуви ва рақамли технологиялардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Когон туманлараро
иқтисодий суди раиси Ф.Муродов