Б Е З О Р И Л И К
Ҳурматли китобхон. Безориликни квалификация қилиш мазусини осон деб ўйлаб, ушбу китобда биринчи бўлиб шу масалани ёритишдан бошлаганман. Бироқ, кейинчалик мазкур мавзу мураккаблиги аён бўлди.
Ўзи безори одамларни кўришга кўзим йўқ. Уларга нисбатан қонуннинг тўлиқ кучидан фойдаланиб, жавобгарлик масаласини ҳал қилмас эканмиз, жамиятда тартибни таъминлай олмаймиз. Бунинг учун эса безорилик белгиларини яхши англаб олишимиз зарур.
– Бир фуқаро хотинини болалари билан бирга уйдан ҳайдаб юборган. Улар қайтиб келгандан сўнг эса, маст ҳолатда дарвозадан чиқиб, бақир чақир қилиб, қўни қўшнилар олдида уларни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, урмоқчи бўлиб, дағдаға қилиб, орқаларидан яна қувиб солган. (1-мисол)
– Ижтимоий хизматларни амалга ошираётган ҳамшира қизлар бир фуқаронинг уйига бориб унинг ёш фарзандини кўрикдан ўтказиш, муолажа қилишга боришганида, фуқаро маст ҳолатда дарвозадан чиқиб, булар мени дам олаётган вақтимда безовта қилди деб қўни қўшнилар олдида уларни ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, урмоқчи бўлиб, дағдаға қилиб, орқаларидан қувиб солган. (2-мисол)
Юқоридаги ҳар иккала мисолда ҳам айбдор томонидан жамоат тартиби, бошқа фуқароларнинг осойишталиги бузилганлиги кўриниб турибди. Бироқ, уларнинг фарқи шундаки, 2-мисолда жамоат тартиби бузилишидан ташқари айбдорнинг ҳаракатларида жамиятга ўзини қарши қўйиш, ҳеч бир сабабсиз ёки арзимаган сабаб билан (мени дам олаётган вақтимда безовта қилди деб) ҳаракат қилиш белгиси мавжуд ва шу боис улар безорилик деб баҳоланиши лозим.
1-мисолда эса айбдорнинг ҳаракатларида ўзини жамиятга қарши қўйиш белгиси мавжуд эмас. Бу мисолда шахсий, оилавий келишмовчилик мотиви яъни маълум сабаб билан ҳаракатланиш белгиси мавжуд бўлади.
Чекиш учун сигарет сўраб, сигарети бўлмаганлиги сабабли жабрланувчини ҳақорат қилган, атайин шунчаки соат неча бўлганлигини сўраб жавоб ололмагандан сўнг фуқарони ҳақорат қилган, жабрланувчининг афти ёки кийиниши ёқмаётганлигини, унинг йўлини кесиб ўтганлигини, автомашинасини унинг уйи ёнида қўйганлигини баҳона қилиб уни урган айбдорнинг шу ва шунга ўхшаш ҳаракатларида ҳам ҳеч бир сабабсиз ёки арзимаган сабаб билан ҳаракат қилиш белгиси мавжуд бўлади.
Аслида мазкур ҳолатларда жабрланувчи шахс айбдор уни ҳақорат қилиши, уришига, мулкига зарар етказишига сабаб бўладиган бирор бир ҳаракат қилмаган бўлади. Ёки қандайдир ҳаракат қилган тақдирда ҳам айбдорнинг жабрланувчига қарши ҳаракатлари номутаносиб бўлади. Масалан, ёш боланинг ўзганинг боғидан довуча-ўрик ўғирлаш бўйича ҳаракатларини айбдор учун арзимаган сабаб деб ҳисоблаймиз. Айбдорнинг ёш болани ножўя сўзлар билан ҳақорат қилиб, уришга қаратилган ҳаракатларини боланинг қилмишига номутаносиб деб ҳисоблаб, уларни безорилик деб баҳолаш тарафдоримиз.
Юқорида айтилганидек, безориликда жабрланувчи шахс айбдор уни ҳақорат қилиши, уришига, мулкига зарар етказишига сабаб бўладиган бирор бир ҳаракат қилмаган бўлади. Ҳаётга, соғликка, мулкка қарши жиноятларда (ҳуқуқбузарликларда) эса жабрланувчи одатда айбдорга нисбатан ножоиз ҳатти-ҳаракатларни содир этган бўлади (масалан жанжал жабрланувчи томонидан бошланган бўлади ёки низога унинг ғайриҳуқуқий хулқ атвори сабаб бўлади) ёки улар ўртасида шахсий келишмовчиликлар мавжуд бўлади. Бундай ҳолларда айбдорда ҳам жабрланувчига нисбатан қарши ҳаракат қилиши учун арзирли сабаб мавжуд бўлади.
Шу боисдан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 13-сонли қарорининг 16-бандида “……агар уруш-жанжал жабрланувчи томонидан бошланган бўлса ёки низога унинг ғайриқонуний хулқ-атвори сабаб бўлган бўлса, айбдор безорилик оқибатида одам ўлдириш жинояти учун жавобгар бўлмайди” – деб тўғри тушунтириш берилган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман судининг 2024 йил 22 май кунидаги ҳукмига кўра, фуқаро Т. ЖК 104-моддаси 2-қисмининг “е” банди (безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан судланган. У маст ҳолатда қишлоқдаги овқатланиш шаҳобчасида фуқаро А. билан ҳеч бир сабабсиз жанжаллашиб, унга оғир шикаст етказишда айбдор деб топилган. Аниқланишича, жанжал жабрланувчи А. маст ҳолатда бўлиб, судланувчи Т.ни онасидан олиб ҳақорат қилганлиги сабабли бошланган. Судланувчи Т. жабрланувчининг оғир ҳақоратларига чидай олмасдан унинг юз соҳасига мушти билан бир маротаба уриб, оғир тан жароҳати етказган. Унинг ҳаракатларида безорилик белгилари мавжуд бўлмаганлиги боис, Бухоро вилоят суди судлов ҳайъатининг 2024 йил
25 июлдаги ажрими билан судланувчининг ҳаракатлари ЖК 104-моддасининг
1-қисмига қайта квалификация қилиниб, суд ҳукми ўзгартирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумини юқоридаги қарорининг 5-бандида “……. қотиллик безорилик туйғулари билан эмас, балки ўзаро жанжал ёки уришиш натижасида, рашк туфайли, ўч олиш, ҳасад, адоват, нафрат оқибатида содир этилган бўлса, қасддан одам ўлдириш жинояти ЖК 97-моддасининг биринчи қисми бўйича квалификация қилинади” – деб тушунтириш берилган.
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2016 йил
30 ноябрдаги ҳукмига кўра, фуқаро М. ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “л” банди (безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш) билан судланган. У отаси И.ни жабрланувчи А. ва унинг тоғалари ўзаро жанжал натижасида уришиб, енгил тан жароҳати етказишганидан ғазабланиб, деҳқон бозорида савдо ишлари билан шуғулланиб турган А.нинг олдига келиб, “кеча нима учун тоғаларинг билан отамни уриб кўзини кўкартирдинг?”- деб ўзаро тортишиб, жамоат жойи ҳисобланган бозорнинг ичида жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ҳақорат қилиб, бозорга савдо сотиқ учун келган фуқароларнинг тинчлигини бузиб, ўзида бўлган қайчи билан А.нинг бўйин соҳасига икки марта санчиб, ҳаёти учун хавфли бўлган оғир шикаст етказиб, безорилик оқибатида қасддан ўлдирганликда айбдор деб топилган. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2016 йил
15 сентябрдаги қарорига кўра, жабрланувчи А. ва унинг тоғалари бозорда қилган безорилиги учун МЖтКнинг 183-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилганлар. Иш материалларидан кўринишича, М. воқеа содир бўлган куни отаси И.нинг ўчини олиш мақсадида А.ни бўйин соҳасига қайчи билан уриб, қасддан ўлдирган. Мазкур ҳолатда биринчи инстанция суди М.нинг ҳаракати жамоат тартибига эмас, балки шахсий келишмовчилик замирида жабрланувчи А.нинг унинг отаси И.га қилган ножоиз ҳатти-ҳаракатларига қаратилган жиноятга сабаб бўлганини эътибордан четда қолдирган. Қайд этилганлар инобатга олиниб, Олий суд судлов ҳайъатининг 2017 йил 04 сентябрдаги ажрими билан М.нинг ҳаракатлари ЖК 97-моддаси 2-қисмининг “л” бандидан 97-моддасининг 1-қисмига қайта квалификация қилинган.
Олий суд Пленумида берилган тушунтиришга қўшимча равишда биз юқоридаги ҳолатлар (яъни, ўзаро жанжал ва бошқа)да айбдорда жабрланувчига нисбатан қарши ҳаракат қилиши учун арзирли сабаблар мавжуд бўлади ва шунинг учун ҳам унинг ҳаракатларини безорилик сифатида баҳолаб бўлмайди, чунки арзирли сабаблар билан ҳаракат қилаётган айбдор ўзини жамиятга эмас, балки шу сабабни вужудга келтирган жабрланувчига қарши қўяди деб ҳисоблаймиз.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шундай хулоса қилиш мумкинки, айбдорнинг ҳаракатларига тўғри баҳо бериш учун у ҳаракатларини маълум бир сабаб билан ёки ҳеч бир сабабсиз содир қилганлиги, сабаб билан содир қилинган бўлса бу сабаб арзирли ёки арзимас эканлиги аниқланиши лозим. Айбдор ўзини жамиятга қарши қўйган, сабабсиз ёки арзимас сабаб билан ҳаракат қилган ҳолатлар безорилик сифатида баҳоланиши лозим бўлади.
Жиноят ишлари бўйича
Бухоро туман суди
тергов судьяси Суръат Найимов