Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш

Умумий мол-мулкни бўлиш эр ва хотиннинг даъвоси бўйича никоҳ давомида, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишни кўриш билан бир вақтда, шунингдек никоҳ бекор бўлгандан кейин ҳам амалга оширилиши мумкин.

Эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш ҳақидаги даъво билан судга эр ва хотиндан ташқари, улардан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш зарурати туғилган ҳолатларда кредитор ҳам мурожаат қилишга ҳақли.

Муомалага лаёқатсиз эр ёки хотиннинг манфаатида умумий мол-мулкни бўлиш тўғрисидаги даъво аризасини унинг васийси бериши мумкин.

Вафот этган эр ёки хотиннинг умумий мол-мулкдаги улушини аниқлаш ва бўлиш ҳақидаги даъво аризаси билан унинг меросхўрлари мурожаат қилишга ҳақли.

Мазкур тоифадаги ишлар бўйича даъво аризалари судловга тегишлиликнинг умумий қоидаларига кўра, жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади.

Суд тартибида тарафлар ёки бирор-бир асосга кўра учинчи шахсларнинг (масалан, ижара, мулкдан текин фойдаланиш, омонат сақлаш ва шу каби шартномалар бўйича) эгалигида ёки фойдаланишида бўлган мол-мулк бўлинишини инобатга олиб, судлар даъво аризасини қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлашда мол-мулклар ҳақида тегишли маълумотларни аниқлаб олишлари зарур.

Бу тоифадаги ишларни суд муҳокамасига тайёрлашда, суд тарафларнинг аризаси ёки ўз ташаббусига кўра, даъвони таъминлаш чораларини кўриши лозим.

Даъвони таъминлаш чораларининг сақланиш муддати ва уларни бекор қилиш масалалари талаблари асосида тартибга солинади.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга оид низоларни тўғри ҳал қилиш учун судлар, биринчи навбатда, уларнинг эгалигида ва фойдаланишида бўлган мол-мулкнинг қайси бири қонунга кўра эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мулки ва қайси бири ҳар бирининг ўз мулки эканлигини аниқлашлари зарур.

Мол-мулкни умумий биргаликдаги мулк деб топиш масаласини ҳал қилишда мол-мулк эр ёки хотиндан қайси бирининг номига расмийлаштирилганлиги ёхуд пул маблағлари қайси бири томонидан киритилганлиги аҳамият касб этмайди.

Эр ва хотиннинг ёзма келишуви асосида алимент мажбуриятларини бажариш юзасидан улардан бирининг номига олинган мол-мулк эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мулки ҳисобланмайди.

Эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, улардан ҳар бирининг никоҳ давомида бепул олган мол-мулки, шунингдек никоҳ давомида умумий маблағлари ҳисобига олинган эр ва хотиннинг шахсий фойдаланишдаги буюмлари ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади ва бўлинмайди. Никоҳ давомида умумий маблағлари ҳисобига олинган қимматбаҳо буюмлар ва зеб-зийнатлар бундан мустасно.

Никоҳ даврида эр ёки хотиндан ҳар бирига тегишли бўлган мол-мулкнинг қиймати анча ошган бўлса, ушбу мол-мулк манфаатдор эр ёки хотиннинг талаби бўйича суд томонидан биргаликдаги мулк деб топилиши мумкин. Бундай талабни ҳал этишда мол-мулкнинг қиймати қандай маблағлар, яъни умумий мол-мулк, эр-хотиндан ҳар бирининг мол-мулки ёхуд эр ва хотиндан бирининг меҳнати ҳисобига анча ошганлиги, шунингдек мол-мулкнинг никоҳга қадар ва никоҳ даврида маблағ қўшилгандан кейинги ҳолати аниқланиши лозим.

Эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш ҳақидаги масалани ҳал қилишда, башарти уларнинг ўртасида никоҳ шартномаси тузилмаган бўлса, судлар Оила кодексида назарда тутилган нормаларга риоя этишлари лозим.

Эр ва хотин ўртасида нотариал тартибда тасдиқланган никоҳ шартномаси мавжуд бўлган ҳолларда мол-мулк никоҳ шартномасида назарда тутилган шартлар асосида бўлинади.

Даъво муддати фақат тарафнинг биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори қабул қилиш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар берган аризасига асосан қўлланилади. Суд даъво муддатини ўз ташаббуси билан қўллашга ҳақли эмас.

Умумий мол-мулкни бўлишда, Оила кодексининг 28-моддасида асосан эр ёки хотиндан бири томонидан эр ёки хотиннинг эркига зид равишда ва оила манфаатига мос бўлмаган тарзда сарфланган мол-мулк ёхуд унинг қиймати ҳисобга олинади.

Агар эр ёки хотин умумий мол-мулкни яширган, унга зарар етказган ёки йўқ қилган бўлса, суд оила ва фуқаролик ҳуқуқининг умумий тамойиллари (ҳуқуқ ўхшашлиги), шунингдек ҳалоллик ва адолат тамойилларидан келиб чиқиб, мол-мулкни бўлишда ушбу мол-мулкни ёки унинг қийматини ҳисобга олиши мумкин.

Эр-хотиндан бирига мол-мулкни асл ҳолида бериш масаласини ҳал этишда суд мол-мулкнинг хусусияти ва нима учун мўлжалланганлиги, уни сотиб олиш шартлари ва бошқа эътиборга молик ҳолатларни инобатга олиши лозим.

Бўлиниши лозим бўлган мол-мулк қиймати иш кўрилган вақтдаги бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Турар жой ёки бошқа кўчмас мулкнинг қиймати низоли объект турган жойдаги нархдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Эр ва хотиннинг умумий мол-мулки қиймати юзасидан низо бўлганда тегишли экспертиза тайинланиши мумкин.

Умумий мол-мулкни бўлишда суд эр ва хотиннинг ҳар бирига қайси мол-мулк берилишини белгилайди.

Эр ва хотиннинг биргаликдаги умумий мулкида икки ёки ундан ортиқ турар жой мавжуд бўлса (уй, квартира) суд эр ва хотиндан қай бирининг эгалигига у ёки бу турар жой ўтишини белгилаши лозим.

Тарафлардан бирига унинг мол-мулкдаги улушидан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулк берилган ҳолларда суд бошқа тарафга пул компенсацияси тўлашни белгилайди.

Суд ҳужжатининг хулоса қисмида айнан қайси мол-мулк қайси тарафга берилганлиги, компенсация миқдори ва уни тўлаши лозим бўлган шахс аниқ кўрсатилиши лозим.

Ў.С.Разиков

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди судьяси