Суд хабарномалари ва чақирувлари, улар бўйича суд амалиётидаги муаммолар
Ҳозирги жадал ривожланиб бораётган бозор, молиявий ва ҳуқуқий муносабатлар шароитида тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини эркинлаштириш ҳамда уларнинг рақобатбардошлигини ошириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, янги Ўзбекистоннинг жаҳон рейтингидаги ўрнини ошириш борасида ҳам тадбиркорлик фаолиятини янада эркинлаштириб борилиши мақсадга мувофиқдир.
Шу ўринда тадбиркорлар ҳуқуқларини янада таъминлаш борасида суд муҳокамаси ўтказилиши тўғрисида ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиш масаласи ҳам муҳим ўрин касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК)да иқтисодий судларда манфаатдор шахсларни иштирокини таъминлаш масалаласи ҳам тартибга солинган.
Жумладан, ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида суд ажрими орқали хабардор қилинади, ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки ушбу шахсларга тилхат олиб топширилади ёхуд хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилинади. Иқтисодий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ажрим орқали, зарур ҳолларда эса суд чақирув қоғозлари, телеграммалар, факслар, телетайплар ҳамда бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади ва судга чақирилади.
Агар суд иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиси ўзига юборилган ажримнинг кўчирма нусхасини олганлиги ёки ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилинганлиги тўғрисида суд мажлиси бошлангунига қадар маълумотларга эга бўлса, ушбу иштирокчи тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади.
Иқтисодий суд ишларини юритиш иштирокчиси қуйидаги ҳолларда ҳам суд томонидан тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади, агар:
ажрим йўлланган шахс ажримнинг кўчирма нусхасини олишни рад этган ва ушбу рад этиш қайд этилган бўлса;
суд томонидан юридик шахснинг судга маълум бўлган охирги жойлашган ери (почта манзили), фуқаронинг яшаш жойи бўйича юборилган ажримнинг кўчирма нусхаси олувчи кўрсатилган манзилда йўқлиги сабабли топширилмаган ва бу ҳақда алоқа муассасаси судни хабардор қилган бўлса;
ажримнинг кўчирма нусхаси суд томонидан электрон почта орқали ёки хабардор қилинганлик фактини тасдиқловчи бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда юборилган кундан эътиборан уч кун ўтган бўлса.
Ишда иштирок этувчи шахслар иш юритиш вақтида ўз манзили ўзгарганлиги ҳақида судга хабар бериши шарт. Бундай хабар мавжуд бўлмаган тақдирда, ажримнинг кўчирма нусхаси судга маълум бўлган охирги манзилга юборилиб, гарчи олувчи шу манзилда бўлмаса ҳам ёки яшамаса ҳам у етказиб берилган деб ҳисобланади.
Агар ишда иштирок этувчи шахслар ўз телефон ва факс рақамларини, электрон манзилини судга маълум қилган бўлса, уларнинг иш юритиш вақтида ўзгарганлиги тўғрисида судни ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида хабардор қилиши керак.
Ишни суд муҳокамасига тайёрлашда суд манфаатдор шахсларни иш бўйича иш юритиш ҳақида ИПК 127-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилади.
Суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилинган жавобгар судга келмаган ҳолда, агар суд башарти унинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин эмас деб ҳисобламаса, иш унинг иштирокисиз қўриб чиқилиши мумкин.
Агар даъвогар биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса, у ҳолда ИПК
107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъво кўрмасдан қолдирилади. Прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида киритган аризалари асосида қўзғатилган иш бўйича ушбу шахсларнинг келмаганлиги ИПК 107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъвони кўрмасдан қолдиришга асос бўлмайди, агар суд мажлисида иштирок этаётган манфаати кўзланган шахс даъвони қўллаб-қувватлаётган бўлса. Бундай ишлар бўйича даъво аризаси билан мурожаат қилган шахслар ва манфаати кўзланган шахс суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса, бу ҳолда ИПК 107-моддасининг 6-бандига мувофиқ даъво аризаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда шуни инобатга олиш лозимки, тегишли тартибда суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинмаган шахснинг иштирокисиз ишнинг кўрилишига йўл қўйилмайди ва бу ҳар қандай ҳолда суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади (ИПКнинг 279 ва 302-моддалари).
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда шуни хулоса қилиш мумкинки, ҳар бир юридик шахснинг манфаатини ва бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш иқтисодий судларнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд муҳокамасида иштирокини таъминлаш долзарб масала сифатида аҳамиятга эга. Ва шу ўринда айтиш керакки, ҳозирда суд тизимида амалга оширилаётган муҳим ўзгаришлардан бири сифатида суд ажримлари ва қарорларини гибрид почта орқали юбориш институтининг жорий қилинганлигини эътироф этиш лозим.
Бухоро вилоят суди судьяси М.Болтаев