Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг Конституциявий-ҳуқуқий асослари

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг Конституциявий-ҳуқуқий асослари

Узоқ мозийга назар ташлайдиган бўлсак, минг йиллар давомида шаклланиб, миллатлар онгида мустаҳкамланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари ягона бир ҳужжат, яъни Конституция шаклига келтирилганлигини кўрамиз.

Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим ҳуқуқи, умуман олганда барча ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини, шу жумладан, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларининг тимсоли сифатида, инсонни олий қадрият даражасига кўтарди.

Янги Ўзбекистон Конституциясининг қабул қилиниши халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар учун конституциявий-ҳуқуқий асосни янада мустаҳкамлаб берди.

Янги Ўзбекистон Конституциясининг 30-31 моддаларига асосан, ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.

Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади. Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, инсоннинг шахсий дахлсизлик, турар жой дахсизлиги ҳуқуқи, ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқларининг Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилиши, айбсизлик презумпцияси институтининг мазкур ҳужжатда ўз ифодасини топганлиги мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланаётганлиги ҳамда кучли демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қурилаётганлигидан далолат беради.

Бухоро вилоят суди

иқтисодий ишлар бўйича судьяси                                                                М.Болтаев