Интеллектуал мулк ҳимоясида медиация ва ҳакамлик судларининг ўрни

Бугунги кунда интеллектуал мулкка оид қонунчилик изчил ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилиш, интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш, интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш, муаллиф ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилишга катта эътибор берилмоқда.

Мамлакатимизда барча ҳуқуқ соҳалари каби интеллуктуал мулк ҳуқуқи соҳаси ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Интеллектуал мулк ҳуқуқи ўз моҳиятига кўра, инсон ижодий фаолияти маҳсулларини яратиш, улардан фойдаланиш, фикрлаш белгиларининг муамалада бўлиши билан боғлиқ муносабатларни, шунингдек интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқларини муҳофаза қилишни тартибга солувчи нормалар йиғиндиси ҳисобланади.

Шунингдек, интеллектуал мулк соҳасидаги низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиблари кенг жорий қилинган бўлиб, қонуний
ҳимояланган.

Интеллектуал мулк ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзининг асосларига эга бўлиб, Конституциянинг
42-моддасида ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиши ҳамда давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилиши белгилаб берилган. Умуман олганда, интеллектуал мулк ҳуқуқи илмий-техник тараққиёт ютуқлари, инсон ижодий фаолияти ва унинг мақсадларидан фойдаланишни, мутлақ ҳуқуқларни муҳофаза қилиш
ҳамда ғоят кенг қамровли ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Гарчи, улар мавжуд қонунларда назарда тутилмаган бўлса ҳам, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган қоидалар мазмунидан келиб чиқиб, интеллектуал мулк ҳақидаги қоидалар қўлланилади. ФКнинг 4-бўлими интеллектуал мулкка бағишланган.

Бундан ташқари, интеллектуал мулкнинг алоҳида объектлари бўйича тегишли қонунлар ва қарорлар мавжуд.

Интеллектуал мулк ҳуқуқи нисбатан янги йўналиш бўлишига қарамасдан, мамлакатимиз миллий ҳуқуқ тизимида энг тез суръатлар билан ривожланаётган йўналишлардан ҳисобланади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасида фан, адабиёт ва санъат асарларини (муаллифлик ҳуқуқи), ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришларини (турдош ҳуқуқлар) яратиш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солиш мақсадида, 2006 йил 21 июлда “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.

Мазкур қонуннинг 65-моддасига мувофиқ, муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузардан қуйидагиларни: ҳуқуқларни тан олишини, ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклашини ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиш хавфини юзага келтирадиган ҳаракатларни тўхтатишини, ҳуқуқ эгасининг
ҳуқуқи бузилмаган тақдирда, у фуқаролик муомаласининг одатдаги шароитларида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромади миқдоридаги зарарларнинг ўрнини қоплашини;

Агар ҳуқуқбузар муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқларни бузиш оқибатида даромадлар олган бўлса, ҳуқуқ эгалари бошқа зарарлар билан бир қаторда бой берилган фойдани бундай даромадлардан кам бўлмаган миқдорда қоплашини, зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорида тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини, ушбу қонунда белгиланган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган, қонунчиликда назарда тутилган бошқа чоралар кўришини талаб қилишга ҳақли.

Муаллиф ва ижрочи ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда, ҳуқуқбузардан маънавий зиён қоплашини талаб қилишга ҳақлидир. Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот мулкий ҳуқуқларини бошқариш шундай ташкилот томонидан амалга оширилаётган шахсларнинг бузилган муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, қонунда белгиланган тартибда ўз номидан ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгилаб берилган.

Шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 апрелда “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айни соҳани янада ривожлантиришга қаратилган десак, муболаға бўлмайди.

Ушбу қарор билан мамлакатда иқтисодиёт тармоқларига интеллектуал фаолият натижалари ва инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш, минтақавий брендларни яратиш, контрафақат маҳсулотлар реализациясининг олдини олиш, интеллектуал мулкнинг ишончли ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, шу билан бирга, интеллектуал мулк объектларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, соҳада содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга ўз вақтида чора кўриш, муаллифларнинг ва бошқа ижодкорларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, хорижий компанияларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувида янада такомиллаштириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда контрафакт маҳсулотларга самарали қарши курашиш назарда тутилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, интеллектуал мулк соҳасининг мазкур қонун ва қарорлар билан мустаҳкамланиши жамиятда интеллектуал мулк муҳофазасини таъминлаш, унинг ҳуқуқий
асосларини янада яхшилаш, ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаравонлигини оширишга хизмат қилади.

Ўткир Разиков,

Фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро суди раиси

Мақсад Матякубов,

Фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро суди судьяси