Ватан мустақиллиги, миллат тақдири учун кураш-абадий кураш

Ватанни қанчалик севишнинг, ватанпарварликнинг ягона ўлчови йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки, бундай мезонлар бўлган нуқтада ватанпарварлик чекланади, таъбир жоиз бўлса, тугайди. Шоиримиз Абдулла Орипов “Мен нечун севаман Ўзбекистонни” деб, агарда тарих ҳукми халқимизга мангу музликларни, қорликларни макон этганда ҳам ўша музларга меҳр бериши, юртни фақат бойликлар учун севган фарзандларни кечирмаслиги ҳақида куйлаганида ўзгача маъно ва мазмун мужассамдир.

Дарҳақиқат, Ватан хизматида бўлиш, халқни ҳимоя қилиш, унинг тинчлиги учун жонини бағишлай олиш – виждон, иймон билан хизмат қилиш ҳамда ҳалоллик ва адолат йўли – тараққиёт йўли ҳисобланади.

Ҳалоллик, ўз маъносига кўра, тўғрилик, адолат, софдиллик, самимийлик, иймон сўзлари билан уйғундир. Тўғрилик, ҳалолликни сингдириш инсоният тарихида энг қийин ишлардан бўлган. Буни юксалишга эришган давлатлар тарихини ўрганиш давомида ҳам кўриш мумкин.

Буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари ҳам ҳалоллик, ростликни ички ва ташқи сиёсатни юргизишда, оила тарбиясида, тўғри йўлга риоя этишда бош қадрият деб билганлар. У кишининг тузукларида “Рости русти” деган ёзув ҳам “Куч тўғриликдадир”, деган маънони ифода этган. Адолат сўзи ҳам араб тилида “ҳалол, тўғри, рост, ҳаққоний” деган маъноларни ифода этиб, дунёдаги барча катта ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ислоҳот ҳамда ўзгаришлар айнан адолат, ҳалолликни ўрнатишга даъватдан бошланган.

Хусусан, уч минг йиллик буюк тарихимизга олтин ҳарфлар билан битилгувчи Тўмарис, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳриддин Муҳаммад Бобур ҳукмронлигидаги давлатларда илм-фан, санъат, ҳунармандчилик, бунёдкорлик ривожига айнан ҳалоллик ва адолат омиллари кенг йўл очган. 

Шавкат Зиядуллаев,

            Бухоро вилоят суди судьяси

Бобир Умедов,

            Бухоро вилоят суди судья катта ёрдамчиси