ИШОНЧНОМА ОРҚАЛИ ИШ ЮРИТГАНДА…
Республикамизнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқаролар ва ташкилотлар ўз ишларини шахсан ёки ваколатлари ишончнома билан тасдиқланиши керак бўлган вакиллар орқали юритишлари мумкин.
Фуқаролик кодекси (ФК)нинг 134-моддасида белгиланишича, бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Бунда ишончли вакил фақат ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради ва, агар ишончномада бошқа нарса назарда тутилмаган бўлса, ўзи вакил қилинган ҳаракатларни шахсан амалга ошириши керак.
Барча ишончномаларни вазифасига ва ишончли вакилга (вакилга) бериладиган ҳуқуқларга боғлиқ ҳолда 3 турга бўлиш мумкин – бир марталик, махсус ва умумий.
Бир марталик ишончнома ишончли вакилга бир марталик ҳаракатни амалга оширишга ваколат беради. Масалан, товар-моддий бойликлар, банкдан пул суммаси олиш, шартнома имзолаш.
Махсус ишончнома умумий мақсад, предмет ва таомил билан боғлиқ ва бир юридик натижага эришишга йўналтирилган бир турдаги муайян ҳаракатларни амалга оширишга берилади. Масалан, транспорт ташкилотларидан юк олиш билан боғлиқ операциялар бўйича, судда вакил бўлишга ва ҳоказо.
Умумий ёки бош ишончнома ишонч билдирувчининг мол-мулкидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳамда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш бўйича, шу жумладан давлат органлари, тижоратчи ва тижоратчи бўлмаган юридик шахслар, уларнинг бўлинмалари, шунингдек ҳар қандай бошқа шахслар олдида барча масалалар бўйича ва вакил қилган шахс номидан ишларни юритишга вакил бўлишга ваколатлар беради. Филиал ёки ваколатхона раҳбарига бош ташкилот номидан берилган, унинг раҳбари ёки таъсис ҳужжатлари бунга ваколат берган бошқа шахс томонидан имзоланган ишончнома бош ишончномага мисол бўлади.
Шохида Бозорова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди раиси,
Жахонгир Каримов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси