Фуқаролик судлари томонидан фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш ёки фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 30-моддасига асосан фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тартиби белгиланган руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонунчиликда белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин ва бундай фуқарога васийлик белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни уни васийи амалга оширади. Фуқаронинг муомалага лаёқатсиз деб топилишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд уни муомалага лаёқатли деб топади ва унга белгиланган васийликни бекор қилади.
Мазкур Кодекснинг 31-моддасига асосан, фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш тартиби белгиланган бўлиб, спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши мумкин. Унга ҳомийлик белгиланади. Бундай фуқаро майда маиший битимларни мустақил тузиш ҳуқуқига эга. У бошқа битимларни ҳомийнинг розилиги билангина тузиши, шунингдек иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин. Бироқ бундай фуқаро ўзи тузган битимлар бўйича ва етказган зарари учун мустақил равишда мулкий жавобгар бўлади. Фуқаронинг муомала лаёқати чекланишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд унинг муомала лаёқатини чеклашни бекор қилади. Фуқарога белгиланган ҳомийлик суд қарори асосида бекор қилинади.
Васийлик ва ҳомийлик муомалага лаёқатсиз ёки муомалага тўлиқ лаёқатли бўлмаган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун белгиланади. Вояга етмаганларга васийлик ва ҳомийлик уларни тарбиялаш мақсадида ҳам белгиланади. Васийлар ва ҳомийларнинг бунга тегишли ҳуқуқ ва бурчлари қонунчилик билан белгиланади.
Васийлар ва ҳомийлар ўз ҳимояларидаги шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар қандай шахслар билан муносабатларда, шу жумладан, судларда ҳам махсус ваколатсиз ҳимоя қиладилар.
Вояга етмаганларга васийлик ва ҳомийлик уларнинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари бўлмаган, ота-онаси суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинган тақдирда, шунингдек бундай фуқаролар бошқа сабабларга кўра ота-она ҳимоясидан маҳрум бўлиб қолган, хусусан, ота-она уларни тарбиялашдан ёхуд уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган ҳолларда белгиланади.
Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги иш унинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари берган аризалар бўйича қўзғатилиши мумкин.
Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ариза мазкур фуқаро яшаб турган жойдаги, агар бу шахс даволаш муассасасига жойлаштирилган бўлса, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги судга берилади. Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги аризада спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилувчи шахс ўз оиласини моддий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўяётганлигидан далолат берувчи ҳолатлар баён этилиши керак. Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги аризада шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги), шунинг оқибатида у ўз хатти-ҳаракатларини англай олмаслигидан ёки бошқара олмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар баён қилиниши керак. судья аризани олгач, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тартибида фуқаронинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд бўлса, унинг руҳий аҳволини аниқлаш учун суд-психиатрия экспертизасини тайинлайди.
Суднинг фуқаpони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғpисидаги ҳал қилув қаpоpи васийлик ва ҳомийлик органининг муомала лаёқати чекланган шахсга ҳомий тайинлаши, муомалага лаёқатсиз шахсга эса васий тайинлаши учун асос бўлади. Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топганда суд ҳал қилув қарори кучга кирганидан сўнг уч кун ичида бу ҳақда мазкур шахс яшаб турган жойдаги ҳомийлик ва васийлик органига хабар қилади ва унинг устидан ҳомий ёки васий тайинлаш учун ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасини юборади.
Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишларни юритиш билан боғлиқ суд харажатлари аризачидан ундирилмайди. Агар суд ариза фуқаронинг оила аъзолари томонидан инсофсизлик қилиб, асоссиз равишда фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ёки уни муомала лаёқатидан маҳрум этиш мақсадида атайлаб берилган деб топса, суд харажатларини оила аъзоларидан ундиради.

Зафар Усмонов,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди раиси

Азиз Шарипов ва Гулсара Сатторова,
Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди судьяси