Фуқаролик судларида регресс талаблар билан боғлиқ ишларни кўриш амалиёти

Фуқаролик судларида регресс талаблар билан боғлиқ ишлар даъво тартибда кўриладиган ишлар тоифасига мансуб бўлиб, мазкур институт шахсларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг ўзига хусусияти бўлиб бунда  бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга бўлади.

Жумладан: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1001-моддасига мувофиқ ҳисобланган, бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

Биргаликда етказилган зарарни тўлаган зарар етказувчи зарар етказувчиларнинг ҳар биридан жабрланувчига тўланган товоннинг ҳар бир зарар етказувчининг айби даражасига мос улушини талаб қилишга ҳақли. Айбнинг даражасини аниқлаш имконияти бўлмаганда улушлар тенг баравар деб ҳисобланади.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарарни тўлаган давлат бундай шахсларнинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ҳолларда, бу шахсларга нисбатан регресс ҳуқуқига эга.

Террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаган давлат содир этилган айбли ҳаракатлари террорчиликка қарши операция ўтказилишига сабаб бўлган шахсга нисбатан тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

            Фуқаролик судларида жисмоний ва юридик шахсларнинг қарздорнинг айби билан етказилган зарар учун учинчи шахсга тўлаган тўловларнинг қайта ундиришни кўриб чиқишда  юқоридаги қонун талабларига риоя қилган ҳолда, қарздорнинг айби ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳолатларга  баҳо бериб хулоса қилинади.

            Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманларо суди томонидан
2022 йил ва 2023 йилнинг январ-май ойларида прокуратура органларининг давлат бюджетидан молиялаштириладиган корхона ташкилотлар манфаатида тақдим қилган, суғурта ташкилотлари фуқаролик тусдаги шартномалар юзасидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг регресс талаблар бўйича тақдим қилган 20 га яқин даъво аризалари қабул қилинган бўлиб, барча даъволар қаноатлантирилган.

            Хулоса қилиб айтганда мазкур институт жисмоний ва юридик шахсларнинг қарздорнинг қонун ва шартнома мажбуриятини бажармаганлиги оқибатида унинг етказган зарари учун тўлаган тўловларини қайта ундириш бўйича ҳуқуқларини амалга ошириш учун хизмат қилади.

Файзулло Кадиров, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси

Нурбек Рахимов, Бухоро вилоят судининг бош консультанти