Фуқаролик ишлари бўйича судларда никоҳ ва ажримнинг ҳуқуқий аҳамияти
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
Никоҳ тегишли туман (шаҳар) Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан қайд этилади. Никоҳдан ажратиш Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ва фуқаролик ишлари бўйича суди томонидан кўриб чиқилади. Фуқаролар никоҳдан ажратиш масаласида фуқаролик судига мурожаат қилишда қонунда белгиланган тартибда давлат божи ва почта харажатларини тўлаши лозим.
Суд никоҳдан ажратишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг
40-моддаси 2-кисмига кўра, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 15-бандида ярашиш учун бериладиган муддат уч ойдан кам бўлмаслиги белгиланган.
Ажрим нусхаси тарафлар яшайдиган туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига ва маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси зиммасига тарафларни яраштириш чораларини кўриш учун юборилади.
Барча чоралар кўрилиб, Оила ва хотин-қизлар бўлими ва маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси ўрганиб чиқилиб ва Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 41-моддасига кўра, агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.
Статистик маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, биргина, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди томонидан 2021 йил 01 январдан
30 мартга қадар жами 89 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалари кўрилган бўлиб, шундан 45 таси қаноатирилган, 7 таси тугатилган, 7 таси кўрмасдан қолдирилган ва 30 таси рад этилган бўлсада, 2022 йил 01 январдан 30 мартга қадар жами 103 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалари кўрилган бўлиб, шундан 58 таси қаноатирилган, 16 таси тугатилган, 8 таси кўрмасдан қолдирилган ва
21 таси рад этилган. Бундан фуқаролик ишлари бўйича судларда никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалар 2021 йилга нисбатан 14,6 % ошганлиги кўринади.
Хулоса қилиб айтганда, бу борада фуқаролик ишлари бўйича судлари энг аввало, Оила ва хотин-қизлар бўлими, Маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси ва Ички ишлар органлари билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.
Озоджон Новрузов,
Бухоро вилоят суди судьяси
Рустам Кенджаев,
Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси