АЛИМЕНТ ТЎЛОВИДАН ОЗОД ЭТИШ ТАРТИБИ
Савол: Мендан суднинг қарорига асосан икки нафар вояга етмаган фарзандларимнингтаъминоти учун турмуш ўртоғим фойдасига алимент ундириш белгиланган, яқинда аёлим болаларни тарбиялай олмаётганлиги важи билан уларни менга ташлаб, ўзи Россия Федерациясига ишлаш мақсадида кетган, ушбу ҳолатда қандай қилиб алиментни бекор қилсам бўлади.
Саволга жавобни фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро суди раиси Ў.С.Разиков беради.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси
146-моддасига кўра, алимент миқдори суд тартибида белгиланганидан кейин тарафлардан бирининг моддий ёки оилавий аҳволи ўзгарса, суд улардан ҳар бирининг талабига кўра алиментнинг белгиланган миқдорини ўзгартиришга ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахсни алимент тўлашдан озод қилишга ҳақли. Алимент миқдорини ўзгартиришда ёки уни тўлашдан озод қилишда суд тарафларнинг эътиборга лойиқ бошқа манфаатларини ҳисобга олишга ҳақли.
Шу боис судга юқоридаги асосларни кўрсатган ҳолда алимент тўлашдан озод этиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиниши мумкин.
Суд амалиётидан мисол, даъвогар А жавобгар Бга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда 1 нафар фарзанди таъминоти учун алимент тўлашдан озод қилишни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.
Маълум бўлишича тарафлар А ва Бларнинг қонуний никоҳларидан 6 нафар фарзандлари бўлиб, улар судиннг ҳал қилув қарорига асосан қонуний никоҳдан ажрашишган ҳамда 3 нафар фарзанд онасининг, яна 3 нафари отасининг тарбиясида қолдирилган.
Ҳар иккала тарафлар қарамоғида бўлган фарзандлар таъминоти учун тегишли суд буйруқларига асосан алимент ундирш белгиланган. Шундан сўнг ота қарамоғидаги бир нафар фарзанд онасининг тарбиясига келиб, айни вақтда унинг қарамоғида бўлиб ҳисобланади.
Суд мазкур ҳолатда тарафлардан бирининг оилавий аҳволи ўзгарганлиги боис даъвони қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.
Шунингдек, Оила кодексининг 121-моддасига кўра, эр-хотиннинг бир-биридан таъминот олиш ҳуқуқи ушбу Кодекснинг 117 ва 118-моддаларига мувофиқ таъминот олиш учун асос бўлган шартлар тугаган тақдирда, шунингдек никоҳдан ажралган ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин янги никоҳга кирганда тугайди. Бундай ҳолларда, агар таъминот учун маблағ суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилган бўлса, уни тўлаши шарт бўлган эр (хотин) бундан буён алимент тўлашдан озод этиш ҳақидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Ўткир Разиков,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди раиси
Мақсад Матякубов,
Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди судьяси
Шахобиддин Ғафуров,
Девонхона мудири