ПЕДАГОГ ХОДИМЛАРНИНГ ХИЗМАТ ВАЗИФАЛАРИНИ БАЖАРИШИГА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛИШИ ТЎҒРИСИДА
Кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса, таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ўз хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ҳолларига қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ҳамда уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бироқ педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этиш ҳоллари давом этмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.
Шу сабабли, 51-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилди, яъни
«Худди шундай ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;
1975-модда: номидаги «Таълим муассасаси» деган сўзлар «Таълим ташкилоти» деган сўзлар билан алмаштирилди, яъни биринчи қисми қуйидагича:
«Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;
иккинчи қисмининг санкцияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади»;
283-модданинг еттинчи қисмидаги «Ушбу Кодекснинг 1975-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда (таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш), таълим муассасасининг педагог ходими» деган сўзлар «Ушбу Кодекснинг 1975-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда (таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш), таълим ташкилотининг педагог ходими» деган сўзлар билан алмаштирилди.
Ушбу Қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
Турсунбой Тангриев,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Баҳрилло Жабборов,
Жиноят ишлари бўйича Олот туман судининг раиси