Зарарни қоплаган фирибгар қамоқдан озод қилинди

Саламов Азамат “SALAMOV GLOBAL GROUP” МЧЖни ташкил этиб, 2021 йил 28 октябрь куни фуқаро Р.Гулямова ва С.Джахановни алдаб, ишончини суиистеъмол қилиб, уларга Польша давлатига виза расмийлаштириб бериб, ишга юборишни ваъда қилиб, ишонтириш мақсадида ўрталарида шартнома тузиб, эвазига 2021 йил 31 октябрь кунидан 7 ноябрь кунига қадар Бухоро шаҳридан Р.Гулямова номидан Ева Соколовская номига “Капиталбанк” томонидан берилган пластик картага уларнинг 10.000.000 сўм пулларини кўчириб олишга эришиб, уларга Польша давлати компаниясидан таклифнома юборилганлиги тўғрисидаги сохта ҳужжатларни тақдим этиб, уларни алдаб келиб, пулларни ўзининг эҳтиёжи учун ишлатиб, жабрланувчиларга моддий зарар етказиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро туман судининг 2023 йил
12 январдаги ҳукмига кўра, А.Саламов 168-моддаси 3-қисмининг
“б” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Судланувчи А.Саламов апелляция инстанциясига шикоят билан мурожаат қилиб, жабрланувчиларга етказилган 10.000.000 сўм зарарни қопланганлигини инобатга олиб, унга енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.

Бухоро вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 30 мартдаги ажрими билан А.Саламов томонидан жабрланувчиларга етказилган зарар тўлиқ тўлаб берилганлиги сабабли, унга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартирилди.

Нозимжон Жураев,

Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Нурбек Рахимов,

Бухоро вилоят судининг бош консультанти