Ижтимоий ҳуқуқларнинг кафолатланиши Конституцияда янада мустаҳкамланди

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 46-моддасига асосан, “Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас”.

Янги таҳрирдаги Конституциямиз жамият ва давлат ўртасидаги янги “жамоат келишуви” бўлиб, энг асосий бурилиш – ижтимоий мажбуриятларга доир нормалар 3 баробарга ошаётганлигидадир. Айни шу мақсадда Конституциямизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат”, деб алоҳида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Бу эса ижтимоий таъминот соҳасида давлат сиёсатини юритишда маълум қоидаларга амал қилишни тақозо этади.

Амалдаги Конституциянинг 39-моддасидан фарқли ўлароқ янги таҳрирдаги конституциянинг 46-моддаси янада мукамаллаштирилган бўлиб, янги таҳрирдаги Конституцияга кўра ишсизлик ҳолатида ҳам ижтимоий таъминот ҳуқуқи конституциявий ҳуқуқ сифатида белгиланди.

Давлат ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратади ҳамда пенсия, нафақалар ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турларини белгилайди. Пенсиялар, нафақалар ва ижтимоий ёрдамнинг бошқа турлари миқдори расман белгилаб қўйилган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас. Айрим хорижий давлатларнинг қонунчилигида пенсия ва нафақалар миқдори белгиланган минимал истеъмол саватчаси ёки яшаш минимумидан кам бўлмаслиги белгиланган. Бу албатта ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолини келажакка бўлган ишончини кафолатлайди.

Шунинг учун пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдам турлари миқдорининг энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги – фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаш, харид қобилиятини сақлаб қолиш, соғлиғини, меҳнат қилиш салоҳиятини сақлаган ҳолда жамиятнинг ҳеч бир аъзосини эътибордан четда қолмаслигини таъминлайди.

2022 йил йилда тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Мисол учун, 2017 йилда кам таъминланган 500 минг оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилаларга кўмак берилмоқда. Ажратилаётган маблағлар эса, 7 баробар кўпайтирилиб, йилига 11 триллион сўмга етди.

Илхом Юлдашев,

Бухоро вилоят суди судьяси

Фарида Рахимова,

Бухоро вилоят суди судья катта ёрдамчиси