Пудрат шартномалари бўйича низоларни судда кўриш хусусиятлари

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминланишига, бизнес юритиш учун қулай муҳит ва шарт-шароит яратишлишига, шунингдек мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Шу жумладан, қурилиш соҳаси тизимида инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича танлов (тендер) ўтказиш тартиб-таомиллари ва молиялаштириш механизмларини соддалаштириш, мазкур соҳада фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес субъектларига нисбатан преференция бериш ва қулайликлар яратиш ҳисобига улар томонидан иқтисодиётимизга қўшаётган ҳиссаси йилдан-йилга ўсиб бориоқда.

Бундан ташқари, мамлакатимиз қурилиш саноатини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни изчил давом эттириш, ички бозорни маҳаллий қурилиш материаллари билан тўлдириш ва экспорт салоҳиятини оширишга доир бир қатор вазифалар белгиланган.

Хусусан, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳаларда:

тадбиркорларга маслаҳат-сервис ва техник кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш;

ички бозор талабини маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига тўлиқ таъминлаш ҳамда импорт ҳажмини оптималлаштириш;

жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, замонавий кўп қаватли бино-иншоотларни қуриш масалаларини ҳал этиш учун талаб этиладиган янги инновацион қурилиш материалларини ўзлаштириш ҳамда юқори қўшилган қийматли рақобатбардош қурилиш материаллари экспорти ҳажмини оширишни рағбатлантириш;

энергия тежамкор ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ва экспортчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

тармоқда экологик назоратни янада кучайтириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қарор лойиҳасида қурилиш кластерларини ташкил этиш, унда автоклав усулида газобетон, пенобетон ва бошқа турдаги замонавий энергия тежамкор арзон қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, қурилиш кластерларига шаҳар ва қишлоқ жойларида намунавий типдаги арзон уй-жойлар қурилиши дастурлари доирасида уй-жойлар қуриш учун ер майдонларини ажратиш, мазкур дастурларни молиялаштираётган тижорат банклари томонидан қурилиш кластерларига қулай шартларда узоқ муддатли имтиёзли кредитлар берилиши таклиф этилмоқда. Ҳозир қарор лойиҳаси мутасадди вазирлик ва идоралар билан ўрнатилган тартибда келишилмоқда.

​         Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қурилиш соҳаси тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгаймоқда, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик ошиб бормоқда. Жумладан, мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 19 май куни “Ҳудудларда кўп қаватли бинолар қуриш ишларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан 2021 йил
1 январгача импорт қилинадиган янги қурилиш ва махсус техникалар ҳамда юк ташиш транспорт воситалари божхона тўловидан озод этилди. Бундан ташқари, 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача импорт қилинадиган бетон қуйиш қолиплари, бетон тайёрлаш машина ва механизмларини олиб кириш учун қўйилган божхона тўловлари ҳам бекор қилинмоқда.

Қарорга асасан 2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача бўлган муддатда божхона тўловларини тўловчилар импорт қилинадиган қурилиш соҳасида фойдаланиладиган машина ва механизмлар, технологик жиҳозлар, кичик механизация воситалари, асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар бўйича божхона тўловларини (қўшимча қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи ҳам бериляпти.

Шу билан бирга, хўжалик юритувчи субьектларнинг пудрат шартномалари бўйича пудратчининг ўзига буюртмачи томонидан қурилиш учун олдиндан тўланган пул маблағлирини мақсадсиз ишлатилиши, талон-тарож қилиниши, сохта тадбиркорлик орқали асоссиз равишда бойлик орттириш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Шунингдек, пудрат шартномасининг иштирокчиси ҳисобланадиган буюртмачи ёки пудратчи томонидан мазкур шартномалардан келиб чиқадиган низолар юзасидан тақдим қилинган даъво аризаларини кўриб чиқишда маълум бир қийинчиликларни тарафларнинг ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги ҳам келтириб чиқаради.

Пудрат шартномаларидан келиб чиқадиган низоларни ўз вақтида ва тўғри ҳал қилиш учун ҳар бир даъво аризани иш юритишга қабул қилиш, тайёрлаш босқичида судья томонидан пухта ўрганиш ва процессуал ҳаракатларнинг тўлиқ бажарилиши суд ҳужжатини қабул қилиш жараёнидаги хатоларнинг олдини олиб, низонинг узоқ муддат чўзилмаслигига сабаб бўлади.

Нурмурод Зоиров,

Қоракўл туманлараро иқтисодий суди раиси

Бекзод Турсунов,

Қоракўл туманлараро иқтисодий суди девонхони мудири