Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби

Дарҳақиқат очиқлик, ошкоралик, барча муаммоларни баралла айтиш, айрим ҳолларда эса фуқароларнинг оғир бўлса-да, ўз ўрнида ҳақли эътирозларига юзма-юз жавоб бериш тараққиётимиз янги босқичида ҳаёт тарзимиз ва фаолиятимиз мезонига айланиб бормоқда.
Бундан кўзланган асосий мақсад эса, халқ билан юзма-юз бўлиб, уни рози қилиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш демакдир.
Кези келганда, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки судлар томнидан оқлов ҳукмларининг чиқарилиши, шунингдек жиноий таъқиб натижасида етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф қилиш билан боғлиқ ҳуқуқларининг тикланиши таҳсинга сазовор.
Биргина фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судида кўрилган иш мисолида.
ЖИБ Жондор туман судининг 2013 йил 2 августдаги ҳукми билан С.Ҳ ЖК 210-моддаси 2-қисми “б” банди билан ЖК 45-моддаси қўлланиб, 2 йил мансабдорлки ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда ЖК 57-моддасини қўллаб 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ЖИБ судлов ҳайъатининг 2021 йил 10 февралдаги ажрими билан ЖИБ Бухоро вилоят кассация инстанциясининг 2014 йил 7 ноябрдаги ажрими ва шу суд раёсатининг 2016 йил 3 февралдаги қарори бекор қилинган.
Бухоро вилоят суди ЖИБ судлов ҳайъатининг 2021 йил 1 июндаги ҳкеми билан ЖИБ Жондор туман судининг 2013 йил 2 августдаги ҳукмининг С.Ҳга оид қисми бекор қилиниб, унинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси ЖК 210-моддаси 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли жиноят иши ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилган.
С.Ҳ айбсиз деб топилиб, ОҚЛАНГАН.
С.Ҳга Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 304-313-моддаларига назарда тутилган тартибда жиноий таъқиб натижасида етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф қилиш ҳуқуқига эга эканлиги эътироф этилган.
Жуда оғир ҳолатларни бошидан кечирганлиги, ҳам иқтисодий ҳам маънавий тушкунлик юзага келганлилигини, адолатсизлик сабаб азият чекиб, кун санаб, сабр-тоқат билан айбсизлигини исботлаш учун кутганлигини, маънавий зарар миқдорини белгилашда “судланган”, “жиноятчи” деган тамғалар билан юрганлигини ва натижаси бўйича чеккан ички изтиробларини инобатга олишни сўрашини келтириб, даъвогар С.Ҳ судда даъво қўзғаган.
Ўзбекистон Республикаси ФПК 75-моддасининг 4-қисмига асосан, жиноят иши бўйича қонуний кучга кирган суд ҳукми суд томонидан ҳукм этилган шахс ҳаракатларининг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатлари тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган суд учун фақат шу ҳаракатлар содир этилганлиги ёки содир этилмаганлиги ва улар мазкур шахс томонидан содир этилганлиги ёки этилмаганлиги масалалари юзасидан мажбурийдир.
Ўзбекистон Республикаси ФК 991-моддасининг 1-қисми талабига кўра, қонунга хилоф тарзда ҳукм этиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф қўлланиш, қамоқ тариқасидаги маъмурий жазони қонунга хилоф тарзда бериш натижасида фуқарога етказилган зарар терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъий назар, қонунда белгиланган тартибда давлат томонидан тўла ҳажмда тўланади. Суднинг қарори билан зарарни қоплаш зарар етказилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин.
Ушбу кодекс 1022-моддасига асосан, маънавий зарар пул билан қопланади.
Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади. Зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим.
Жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади.
Маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар қопланади.
 Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2000 йил 28 апрелдаги 7-сонли Қарорининг 13-бандида келтирилишича, маънавий зарарнинг миқдорини белгилашда судлар жабрланувчининг унга етказилган маънавий зарарнинг оғирлигига берган субъектив баҳосини, шунингдек даъвогарга етказилган маънавий ва жисмоний азобларнинг даражасини кўрсатувчи объектив маълумотларни, тажовуз қилинган объектнинг ҳаёт учун муҳимлиги, фойдаси (ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати, шахсий эркинлиги, уй-жойнинг дахлсизлиги, катта қимматликка эга бўлган мулклари ва бошқалар), ҳуқуқбузарликнинг оғирлиги ва оқибати (яқин қариндошларининг ўлдирилиши, ногиронликка олиб келган тан жароҳати етказилиши, озодликдан маҳрум қилиш, ишдан ёки турар жойдан ва бошқалардан маҳрум қилиш), уялтирадиган нотўғри маълумотларнинг характери ва уларни қанчалик даражада (доирада) тарқатилганлиги, жабрланувчининг яшаш шароитлари, шахсий хусусиятлари (хизмати, оилавий, маиший, моддий томонлари, соғлиғининг ҳолати, ёши ва бошқалар), зарар етказувчининг ва жабрланувчининг айб даражалари, зарар етказувчи шахснинг моддий аҳволи ва бошқа эътиборга молик ҳолатларни ҳисобга олишлари лозим.
Иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, даъвонинг қисман қаноатлантирилиши, яъни, жавобгар Бухоро вилоят Молия бош бошқармаси орқали қонунчиликда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан С.Ҳ фойдасига 50 000 000 сўм маънавий зарар ундирилиши оқиллик, одиллик, қонунийлик ва ижтимоий адолат тамойилларига мос келади деб ҳисоблайди.
Ушбу хулосага келишда ҳамда маънавий зарар миқдорини баҳолашда суд, даъвогар С.Ҳ суднинг бекор қилинган ҳукмига асосан 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланганиб, 2013 йил 6 мартдан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиб, 2013 – 2016 йилларда озодлиги чекланиб, жисмоний ва руҳий оғриқ кўринишида маънавий зарар кўрганлигини, ўтган 2013 – 2021 йилларда турли ташкилотлар қатори, суд инстанцияларига мурожаат қилиб келганлигини, ҳукм натижасида молиявий қийин аҳволда қолиб, руҳий ҳамда жисмоний азоб кўринишидаги маънавий азобни бошидан кечирганлигини, мазкур ҳолатлар ишдаги мавжуд ҳужжатлар, жумладан жиноят ишлари судларнинг суд ҳужжатлари билан ўз исботини топганлигини, С.Ҳнинг жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятини, унинг шахсий хусусиятлари, маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъий назар қопланишини инобатга олади.
Шунингдек, суд маънавий зарар фақатгина реабилитация этилган шахсгагина етказилишини, бунда маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатларни инобатга олинганлигини алоҳида таъкидлайди.
 
Фирузжон ЁДГОРОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича
Бухоро туманлараро судининг раиси