Иқтисодий низоларда судгача мажлис ўтказиш

 
Ўзбекистон   Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида 2019 йил 23 майда қабул қилинган 541-сонли Ўзбекистон Республикасининг қонунига асосан  Иқтисодий процессуал кодекси “163-1-модда” билан тўлдирилиб  “Судгача мажлис” ўтказиш тартиблар ва қоидалари мустаҳкамлаб қўйилган. Аслида “Судгача мажлис” ўтказиш қонунчилигимизда ҳамда Иқтисодий суд ишларини юритиш амалиётида том маънода янгилик бўлди.
Бу орқали тадбиркорлар ва инвесторларнинг ортиқча овогарчиликларини олдини олиш кўзланган. “Судгача мажлис” ўтказиш тартиби фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича (соддалаштирилган тартибда кўриладиган низолар бундан мустасно) даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган ва иш қўзғатилган кундан эътиборан 10 кун ичида ўтказилади.
Судгача мажлис ўтказиш чоғид
а судья, даъвогарни ўзи арз қилган талабларнинг моҳияти бўйича сўроқ қилади, ундан жавобгар билдириши мумкин бўлган эътирозларни аниқлайди, агар бу зарур бўлса, даъвогарга қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилади, шунингдек арз қилинган талабларидан воз кечиш ҳуқуқини ҳамда воз кечишнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтиради ҳамда ишнинг ҳолатлари бўйича жавобгарни сўроқ қилади, даъвогарнинг талабларига қарши унинг қандай эътирозлари борлигини ва бу эътирозлар қандай далиллар билан тасдиқланиши мумкинлигини аниқлайди, шунингдек жавобгарга даъвогарнинг талабларини тан олиш ёхуд қарши талаблар қўзғатиш ҳуқуқини тушунтиради, жавобгарга иш юзасидан ёзма тушунтиришлар тақдим этишни таклиф қилади ушбу ҳаракатлар орқали суд мажлисида тарафларга ҳар томонлама ҳуқуқий тушунтириш берилади.
Бундан ташқари  тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал қилишнинг муқобил усуллари эҳтимолини аниқлайди ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш орқали тарафларнинг келишувчанлик имкониятлари оширади, тарафлар ўртасидаги низони тинч йўл билан ҳал этиш тарафларнинг кейинги фаолиятлари учун уларга замин яратиб бериш ҳамда ишчанлик муҳитини яхшилашга хизмат қилади.
 Даъвогар ва жавобгарнинг ҳуқуқларини инобатга олган ҳолда, ишнинг мураккаблигини ҳисобга олган ҳолда суд муҳокамасининг прогноз қилинаётган, шу жумладан низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган илтимосномалар ва ҳужжатларни судга топшириш, гувоҳлар мавжуд бўлганда уларнинг рўйхатларини алмашиш муддатларини назарда тутувчи жадвалини аниқлайди.
Судгача  мажлисида ҳозир бўлган тарафлар ва бошқа манфаатдор шахслардан улар ўртасида ушбу ишнинг судга тааллуқлилиги масаласи бўйича келишув, бошқа ҳаракатларни амалга ошириш зарурияти мавжудлигини аниқлайди.
Судгача мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида тарафлар ва бошқа манфаатдор шахслар хабардор қилинганлик фактини қайд этишни таъминлайдиган суд чақирув қоғозлари, буюртма хатлар, телефонограммалар, телеграммалар ва бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади.
Судгача мажлис ўтказилганлиги тўғрисида баённома тузилиб, унда қуйидагилар кўрсатилади: судгача мажлис ўтказилган йил, ой, сана ва жой; ишни юритаётган суднинг номи; судьянинг ва мажлис котибининг (судья ёрдамчисининг ёки катта ёрдамчисининг) фамилияси ҳамда исми-шарифининг бош ҳарфлари; тарафлар, бошқа манфаатдор шахслар ҳақидаги ва уларга процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар; тарафлар томонидан берилган тушунтиришлар.
Тарафлар келмаган тақдирда, судья Иқтисодий процессуал кодекси 163-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳаракатларни амалга оширади. Бундай ҳолда судгача мажлис баённомаси тузилмайди.
Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, судгача мажлисда иш юритиш тўхтатиб турилиши ёки тугатилиши, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилганлигининг ўзи ҳам “судгача мажлис” ўтказиш тартибининг нечоғли аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб туради.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, судгача мажлис ўтказилишидан кўзланган асосий мақсад тарафларнинг низо юзасидан келишувга эришиш имкониятларини ошириш, судда ишни ҳар томонлама адолатли ва тез кўриб чиқилишига эришишдан иборатдир.
 
 
Мехринисо ҚОДИРОВА,
Бухоро вилоят суди судьяси,
 
Сухроб ҚЎШШАЕВ,
Пешкў туманлараро иқтисодий суди раиси