Бир суд – бир инстанция тамойили
Ўтган йиллар давомида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Хусусан,
мазкур соҳадаги ислоҳотлар давом эттирилиб, амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон хукукдарини химоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Президентимиз томонидан имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон айнан мана шундай ҳақиқий одил судловни амалга ошириш ва пировардида инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида муаммоларнинг ечимини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қайд этиш керак, ушбу Фармон қабул қилингунга қадар Олий Мажлис ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари жойларга чиқиб, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида муаммоларни таҳлил қилиш ва жойлардаги аҳволни кўздан кечириб, аҳоли, жамоатчилик вакиллари, нодавлат-нотижорат ташкилотларидан бу борадаги мавжуд камчиликларни бартараф қилишга қаратилган фикр ва таклифлар олинди.
Эндиликда, Фармон билан юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликларнинг аниқ ечимига қаратилган ҳуқуқий механизмлар яратиб берилмоқда. Хусусан, ушбу ҳужжат билан ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд — бир инстанция” тамойилини жорий этиш белгиланди. Яъни суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади ҳамда бир судда ишларни икки босқичда (биринчи ҳамда апелляция ёки кассация) кўриш амалиётига барҳам берилмоқда.
Фармон билан қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Улар жамласига, Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб, фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, онлайн тартибда мурожаат қилиш имконияти, шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши кабиларни киритиш мумкин.
Бироқ, шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, авваламбор, бу ислоҳотлар ислоҳот учунгина эмас балки, инсон учун, унинг манфаатлари учун хизмат қилишга замин яратиб келмоқда.
Шу билан бирга, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Адолат давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.
Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
27-бобида ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни юритиш назарда тутилган бўлиб, кодекснинг 215-моддасига кўра ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги аризалар билан судларга назорат қилувчи органлар мурожаат этишга ҳақли. Бироқ, назарий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, мазкур муносабат маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари билан боғлиқ бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс қоидаларига кўра маъмурий судалр томонидан мазмунан кўриб чиқилиши лозим. Чунки, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш билан боҳлиқ ишларда бир тараф назорат қилувчи орган (давлат ҳокимияти органи), аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак солиқ органи ҳисобланади, ваҳоланки, “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти ПФ-4966-сон Фармони билан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий судлар ташкил этилган. Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларнинг маъмурий судлар тоонидан кўриб чиқилиши қонунга мувофиқ келишини ҳам таъкидлаш жоиз.
Кодекснинг 189-моддаси бешинчи қисми мазмунига кўра қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш мажбуриятларни юклаши белгиланган.
Амалиётда дастлаб иш бўйича тарафнинг маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан берган ариза (шикоят)ига кўра қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилса, тарафнинг ундан кейинги ҳаракатлари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун фуқаролик ишлари бўйича судларга ёки иқтисодий судларга зарарни ундириш ёхуд мол-мулкни қононуний эгаликдан талаб қилиб олиб бериш юзасидан даъво ариза киритилиши одатий ҳодиса. Шундан сўнг иш бошқа суд томонидан кўрилиб қонуний тўхтамга келинади. Аммо, айнан ўша нотўғри қабул қилинган маъмурий қарор ёки мансабдор шахснинг қонунга хилоф хатти-ҳаракати бўйича бир суд томонидан нуқта қўйилиши керак эмасми. Муаммонинг ечими сифатида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиб, қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда суднинг тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига юкланадиган мажбуриятлар доирасини кенгроқ белгилаш мақсадга мувофиқ. Ахир қачонгача фуқаролар суд идораларида сарсон юришади, бунга чек қўйишнинг айни вақти.
Шунингдек, бугунги кунда амалиётда корпоратив низолар корпоратив низолар бўйича ишларни кўриш иқтисодий судларга тааллуқли ҳисобланади.
Бироқ, ишни кўриш жараёнида юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш талаби қўйилагн бўлса, мазкур талаб иқтисодий судга тааллуқли бўлмасдан уни амалга ошириш маъмурий органнинг ваколатига кириши сабабли маъмурий судга тааллуқли бўлиб қолади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 25-моддасининг олтинчи қисмига кўра ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.
Қонун ҳужжатида келтирилган иккита модда ишда иштирок этувчи шахсларни ҳуқуқларини бир судда тўлиқ ҳимоя қилинишига тўсқинлик қилаётгандай кўринади. Аслини олганда корпоратив низолар бўйича иш кўрилаётганда унинг давлат рўйхатидан ўтказиш масаласи ҳам айни шу судда ҳал этилиши “Бир суд – бир инстанция” тамойилининг айни ўзгинаси эмасми?
Шу сабадан келгусида корпоратив низолар бўйича иш кўрилаётганда унинг давлат рўйхатидан ўтказиш талаби қўшимча талаб сифатида келтирилганда ҳамда низони ўз вақтида ва тўғри ҳал этишга олиб келса ушбу талабни ҳам иқтисодий судларда кўриб чиқилиши юзасидан қонунларни ўзгартирмоқ зарур.
Яна бир масала, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси 32-моддаси иккинчи қисмига кўра Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар иқтисодий судлари:
тарафлардан бири Ўзбекистон Республикаси норезиденти — чет эл шахси бўлган ишларни;
чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни кўради. УШбу модданинг бешинчи қисмига кўра инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади.
Шу ўринда Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларининг иш ҳажмига тўхталадиган бўлсак, рақамлар шуни кўрсатадики, —–
Албатта бир судьянинг иш юритувида кўрилиши мураккаб тоифа бўлган инвестициявий низоларнинг ҳам юқори инстанция сифатида кассация инстанциясида кўриладиган ишнинг мавжудлиги жисмоний ва ақлий жиҳатдан толиқтириши ҳеч кимга сир эмас, айниқса буни судья вазифасида ишлаган инсон билади. Шу сабабли, ушбу тегишлилик қоидаларини қайтадан кўриб чиқиб, уни биринчи инстанция суди судловига тегишлилик масаласини ўйлаш керак. Бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Олий суди иш юритишига кўмаклашибгина қолмасдан сифат даражасини оширишга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, аҳолининг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш мақсадида қабул қилаётган қонун ва қонуности ҳужжатларимизни янада такомиллаштириш, уларни ислоҳ қилиш давр талаби.
Умуман олганда, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мукаммаллиги ва ошкоралиги, давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилувчиларга янада қулайликларни яратиш олдимизда турган устувор вазифадир.
Салимжон АБДУРАСУЛОВ,
Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари
Муззаффар БОЛТАЕВ,
Когон туманлараро иқтисодий
суди раиси