АЖРИМГА САБАБ НИМАЛАР ВА УНИ ҚАНДАЙ ОЛДИНИ ОЛИШ МУМКИН

Ҳаммамизга маълумки, Конституциямизнинг XIV боби (63-66-моддалар) жамиятнинг ажралмас бўғини ҳисобланган “Оила”га бағишланган бўлиб, унинг жамиятдаги муҳим ўрни ва давлат муҳофазасида эканлигига урғу берилган. Бунда, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга бўлиши, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаб, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантириши, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари ҳақидаги ибратли нормалар ўзининг аниқ ифодасини топган.
Дарҳақиқат, оила – муқаддас қўрғон, ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешигидир. Зеро, халқнинг, миллатнинг келажаги айнан оила билан чамбарчас боғлиқ. Чунки ҳар бир инсон оилада туғилади ва вояга етади. Ҳар бир боланинг келажакда ким ва қандай инсон бўлиб камол топишида оила муҳим ўрин тутади.
Бироқ, афсус надоматлар бўлсинки баъзи фуқароларимиз томонидан муқаддас ҳисобланган оила қадрига етмасдан, ҳаёт синовларига бардош беролмасдан ва буларга сабр қилмасдан судларга ҳали ҳануз никоҳдан ажрашиш борасидаги мурожаатлар қилиб келинаётганлигини кузатиш мумкин.
Шу нуқтаи назардан, ўтган давр мобайнида судда кўрилган оила-никоҳ низоларига оид ишлар таҳлил қилинганда, фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди томонидан унга бириктирилган туманлар, яъни Ромитан ва Жондор туманлари бўйича никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 2019 йилда жами 305 та (2018 йилда бу кўрсатгич 358 та) фуқаролик иши мазмунан кўриб чиқилиб, шундан 192 та (2018 йилда 211 та) иш қаноатлантирилган, 51 та (2018 йилда 45 та) иш қаноатлантиришдан рад қилинган, 14 та (2018 йилда 24 та) иш кўрмасдан қолдирилган ва 48 та (2018 йилда 78 та) иш юзасидан тарафлар ярашганлиги сабабли иш юритиш тугатилган.  Кўриниб турибдики, никоҳдан ажралишларнинг камайишига эришилган бўлсада, бироқ батамом бартараф этилиш имконияти қийин кечмоқда.
Суд амалиётига яна бир назар соладиган бўлсак, асосан никоҳдан ажрашиш ҳақидаги даъволарда тарафларнинг бир бировининг характери тўғри келмаганлиги, оилага қайнона ёки опа-сингил ёхуд ака-укалар (учинчи шахслар)нинг аралашуви, бир томоннинг бошқа чет элларда узоқ вақт кетиб қолиши, ишсизлик, хиёнаткорлик каби иллатларнинг важ қилиниши кўпроқ учрайди.
Бундан кўринадики, никоҳдан ажрашишларнинг келиб чиқиш сабабларини ҳар икки томоннинг оила қуришга тайёр эмаслиги, ўз меҳнати ва машаққатисиз ота-оналар орзуси билан осонгина оила қуришга эришиш, оиладаги арзимас келишмовчиликлар яъни қилдан қийиқ қидириш, оила қурган ёш келинларни ёлғиз қолдириб, куёвларнинг Россия ёки бошқа чет элларга ишлаш учун кетиб қолиши, ҳуқуқий онг ва маданиятнинг пастлиги, қўл телефонлар орқали интернет ижтимоий тармоқларидан мақсадсиз фойдаланиш, бегона шахслар билан ёзишмалар қилиниши, натижада эр-хотин ўртасидаги ишончга путур етиб, хиёнатларнинг юзага келиши, оиладаги тақчиллик, шунингдек қайнона-келин муносабатларининг кескинлашиши кабилар ташкил қилмоқда.
Натижада эса, муқаддас оила қўрғонига путур етиб, болалар тирик етимга айланиб қолмоқда. Бундан ташқари, жамиятда янги муаммолар вужудга келиб, болаларнинг таъминоти ва аёлларнинг турар жойсиз сарсон саргардон бўлишига сабаб бўлмоқда.
Маълумки, 2018 йил 20 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган Меморандум талабларига асосан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойилларига таянган ҳолда, аёлларни мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлари билан яқиндан таништириб бориш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини янада ошириш, никоҳдан ажратиш ва эрта никоҳга киришиш ҳолатларини олдини олиш, улар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олиш, биринчи марта жиноят содир қилиш йўлига кириб қолганларга, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик оқибатида жабрланганларга ҳуқуқий кўмак бериш, мулкий муносабатдаги муаммоларни ҳал этиш, уларни тадбиркорлик соҳасида яратилаётган имкониятлардан яқиндан хабардор қилиб бориш каби ишларни ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш вазифалари белгилаб олинган.
Бугунги кунда айнан юқоридаги меморандум асосида мутасаддилар ҳамкорлигида оилаларни яраштириш чораларини кўриш ишлари жадал давом этмоқда. Шунга қарамай, никоҳдан ажрашиш ҳолатларига узил кесил барҳам берилмаётганлиги кишини ташвишга солмоқда.
Ҳатто, куни кеча муҳтарам Президентимиз ёшлар билан бўлган учрашувда ҳам айнан оилалардаги никоҳдан ажрашиш муаммоларига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Бу бежизга эмас албатта, чунки ҳар қандай давлатнинг келажак тақдири ва ривожи  айнан оила мустаҳкамлиги билан боғлиқдир. Ушбу масала бугун барчамиз учун оғриқли муаммо десак муболаға бўлмайди. Қолаверса, юртбошимиз ажримларнинг олдини олиш борасида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари билан яқиндан қизиқдилар.
Шу ўринда биз ҳам никоҳдан ажрашишни олдини олиш борасида ўзимизнинг қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларимизни беришни жоиз деб билдик, жумладан:
–         Жамиятда ишсизликка барҳам бериш;
–         Эрта никоҳга йўл қўймаслик;
–         Никоҳ шартномасини оммалаштириш, чунки никоҳ шартномаси тузиш оила мустаҳкамлигининг гарови ва кафолати сифатида тавсия этилади. Зеро, никоҳ шартномаси эр-хотин ўртасида ишончсизлик эмас, балки бир-бирига ва оилага нисбатан масъулият ҳиссини уйғотади;
–         Йигит ва қизларни оила қуришга олдиндан тайёрлаш механизмини жорий қилиш;
–         Дабдабабозлик ва ким ўзарликка чек қўйиш;
–         Оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш;
–         Оила қуришда ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш яъни оиладаги ҳуқуқий-ахлоқий тарбия борасида мактаб, лицей ва олий таълим муассасаларида алоҳида дарсларни жорий қилиш. Бу орқали оиланинг чинакам муқаддас қўрғон эканлигини ёшлар онгига сингдириш.
Шу билан бир қаторда, халқимизда қизиқувчанлик ва эмоционаллик туйғулари кўпроқ шаклланганлигини инобатга олиб, айнан ажримларни олдини олиш ва оила муаммоларини ўзида акс эттирувчи таъсирчан кинофильм ва телесериалларни психолог ҳамда тажрибали режиссёрларимизни жалб қилган ҳолда кенг оммага тарғиб қилиш орқали ҳам мақсадга эришишимиз мумкинлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.
Халқимизда «Онасини кўриб, қизини ол», деган мақол бор. Бу пурҳикмат сўзларнинг асл маъносига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг замирида – она тарбияли бўлса, қизи ҳам тарбияли бўлади, деган оддий ҳақиқат, аниқ маъно мужассамдир.
Қайсики оилада ўзаро ҳурмат, ишонч ва садоқат, тартиб-интизом мавжуд бўлса, шу оила фарзандлари тарбияли бўлиши, оила қургач, яхши яшаб кетиши табиий. «Қуш уясида кўрганини қилади», деб бежиз айтилмаган. Шунга кўра, фарзандни оилавий ҳаётга тайёрлашда аввало ота-она шахсий намуна бўлиши жуда муҳимдир.
Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш бугунги кунда барчамизнинг наинки асосий вазифамиз, балки инсоний бурчимиз ҳам ҳисобланади.
 
Истам ТУРДИЕВ,
Бухоро вилоят суди судьяси.
 
Гулсара САТТОРОВА,
Фуқаролик ишлари бўйича
Ғиждувон туманлараро суди судьяси.