Ўгай онанинг зулмига чек қўйилди
2022 йил 30 май куни жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди томонидан судланувчи Ражабова Зарина Саёдовнага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 110-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан ҳукм ўқилди.
Иш тафсилотлари кўра, З.Ражабова 2021 йилнинг январь ойи охирларидан 2021 йилнинг май ойи охирларига қадар бўлган давр давомида, ўзининг Пешку туман “Хуррам” МФЙ, “Калласанг” қишлоғида жойлашган яшаш уйида, ўгай қизи вояга етмаган Рашидова Шаҳзода Раҳим қизини мунтазам равишда уриб, танасини турли қисмларига қайнатилган сув билан куйдириш орқали муттасил равишда қийнаб, суд тиббий экспертиза илмий амалий маркази Ромитан филиалининг 2022 йил 31 январдаги 28-сонли хулосасига кўра, “соғлигининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати” етказиб, вояга етмаган шахсга нисбатан қийнаш жиноятини содир этган.
Гарчанд судда судланувчи З.Ражабова айбига қисман иқрорлик билдириб, ўгай қизи вояга етмаган Ш.Рашидова унинг жаҳлини чиқарганида урган бўлса-да, унинг қўли, оёғи ва танасидан бошқа жойларига қайноқ сув тўкиб қийнамаганлигини, оғзига пешоб қилмаганлигини, резина шланг билан танасидан урмаганлигини, икки қўлига матони ўраб эшик ва деразага боғлаб қўймаганлигини билдирган бўлса-да, унинг вояга етмаган Ш.Рашидовани муттасил равишда уриб қийнаганлигида ифодаланган айби, жабрланувчи вояга етмаган Ш.Рашидованинг суддаги 2021 йил январь ойининг охирларида ўгай онаси Зарина қайнаб турган иссиқ сувни қўлига қуйганлиги, 2021 йил февраль ойининг бошларида иккала оёғига қайноқ сув тўкканлиги, 2021 йил 25 апрель куни уйга киравериш эшиги олдидаги бетон зинага сочидан ушлаган ҳолда урганлиги, резина шланг билан орқа томон бел қисмидан урганлиги, 2021 йил май ойи бошларида барча рўмолларни бир-бирига боғлаб, уни қўлини эшик ва деразага тортиб эрталабгача боғлаб қўйганлиги, 2021 йил май ойи ўрталарида ошхонанинг ёнидаги уйга олиб кириб оғзига пешоб қилганлиги, кейин эса ташқарига олиб чиқиб челакда турган иссиқ сувни устига сепганлиги ҳақидаги кўрсатуви;
– гувоҳ А.Ҳаитов, А.Холов, Г.Мақсудова ва Д.Жумаевнинг суддаги кўрсатувлари;
– РСТЭИАМ Бухоро вилояти Ромитан туман пунктининг 2022 йил 30 январдаги вояга етмаган Ш.Рашидовага оид “чап болдир олд юзасидан ярадан кейинги чандиғи суд тиббий экспертиза ўтказгунга қадар узоқ муддат ўтганлиги сабабли муддатини аниқлаш имконияти бўлмаганлиги, ушбу юқори ҳароратга эга бўлган омил, яъни текширулувчи айтган ҳолатда юзага келган бўлиши мумкинлиги, оғирлик даражаси бўйича соғлигининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати тоифасига кириши ҳақида”ги 28-сонли суд тиббий экспертизаси хулосаси;
– вояга етмаган Ш.Рашидова ва гумон қилинувчи З.Ражабова ўртасида ўтказилган юзлаштиришдаги кўрсатувлар билан ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз исботини топган деб ҳисоблади.
Суд, судланувчи З.Ражабовага нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни, жиноят содир этиш пайтидаги ва содир этилганидан кейинги хулқ-атворини, мазкур жиноят вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилганлигини, жабрланувчининг қонуний вакили даъво қилиб судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини талаб қилганлигини инобатга олиб, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, содир бўлган ҳолатлар қай даражада вояга етмаганнинг ҳаётига ва руҳий ҳолатига салбий таъсир қилганлигини ҳуқуқий баҳолаб, унинг қилмишини жазога сазовор ва уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатиш мумкин эмас деган тўхтамга келган бўлса-да, судланувчи томонидан содир этилган жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киришини, судланувчининг унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи маротаба содир этганлигини, унинг аёллигини ва қарамоғида 1 (бир) ёшга тўлмаган фарзанди борлигини шунингдек, ЖКнинг 50-моддасининг 10-қисмида қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазо уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга нисбатан тайинланмаслиги қайд қилинганлигини инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 110-моддаси 2-қисми “а” банди билан куннинг кеч соат 21:00дан эрталаб соат 7:00гача яшаш жойидан чиқишни чеклаган ҳолда 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, жазо ўташ даврида Ражабова Зарина Саёдовнанинг зиммасига бир қатор қўшимча тақиқлар (чеклашлар) юкланиб, жабрланувчи вояга етмаган Ш.Рашидованинг битган ярасини янгиламаслик ҳамда судланувчи билан учрашуви унинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатишини олдини олиш мақсадида судланувчининг зиммасига вояга етмаган Ш.Рашидова ва унинг оила аъзолари билан учрашмаслик, улар билан алоқа ўрнатмаслик каби мажбурият ҳам юклатилди.
Зариф Шеров,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Фаррух Икрамов,
Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман судининг раиси