Мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўриниши – инсон ҳуқуқларининг бузилишидир

Ўзбекистон Конституциясининг 37-моддасига биноан ҳар кимнинг иш билан шуғулланиши, ишни эркин танлаши, адолатли меҳнат шароитлари ва қонун билан белгиланган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи бор.

Мажбурий меҳнатни тақиқлаш умум қабул қилинган халқаро ҳужжатларда ҳам акс эттирилган бўлиб, унинг ҳар қандай кўриниши бутун дунёда қаттиқ қораланади.

 Мажбурий меҳнат нима ва унинг қандай турлари мавжуд?

Мажбурий меҳнат – жазо таҳдиди остида ишлаш учун мажбурлашдир. Ҳеч ким ишдан бўшатиш, иш ҳақини камайтириш, пасайтириш ва бошқа баҳоналар билан мажбурий меҳнат билан шуғулланишга ҳақли емас.

Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, қонунчилик бўйича қуйидаги ҳалатлар мажбурий меҳнат ҳисобланмайди:

• ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида;

• фавқулодда ҳолатларда;

• қонуний кучга кирган суд ҳукмига кўра;

• қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Бу шуни англатадики, юқорида кўрсатилган ҳолатларни истисно қилган ҳолда, зўравонлик ёки таҳдидлардан фойдаланиб, ходимнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилинишигина мажбурий меҳнат деб эътироф этилиши мумкин.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Мажбурий меҳнат қурбони бўлган шахс қандай йўл тутиши керак?

Бундай ҳолларда ходим Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлимларидаги меҳнат инспекторига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши лозим.

 Мажбурий меҳнат учун жазо тизими.

Фуқароларни иш берувчи ёки мансабдор шахс томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекси 51-моддасига биноан, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг ижтимоий хавф-хатар даражасига қараб, мансабдор шахслар Жиноят кодексининг 205, 206-моддалари бўйича айбдор деб топилиши мумкин. Бундай ҳолатда жавобгарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан
600 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо чораси қўлланилиши мумкин.

Мажбурий меҳнат муаммосининг долзарблиги шундаки, бу кўрсаткич давлатнинг халқаро миқёсдаги рейтинггига ҳам жиддий таъсир ўтказади. Биргина Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, пахта терими мавсумида узоқ йиллар мобайнида болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланилгани ортидан Ўзбекистон Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ)нинг “қора рўйхат”ига киритилган бўлиб, “Cotton Campaign” халқаро каолицияси томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкот эълон қилинган эди. Меҳнат бозорида янги ижтимоий ҳимоя муҳити ва муносиб меҳнат шароитларини  таминлаш борасидаги сай-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон кўплаб халқаро мамлакатлар, хусусан АҚШ томонидан мажбурий меҳнатнинг “қора рўйхати”дан чиқарилди. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Вашингтон офиси директори Кевин Кассиди ўзбек пахтасига бўлган бойкотни асоссиз деб эътироф этди. “Ўзбекистон мажбурий меҳнатни йўқ қилиш билан боғлиқ қийинчиликларни бартараф этди ва кейинги босқич – барқарор иқтисодий тараққиётга эришишдир”, – дея такидлади Кассиди. Бу эътирофлар шуни англатадики, одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик масаласи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ислоҳотларнинг асосий мезонларидан бири сифатида қаралмоқда. Галдаги вазифа эса бу борадаги ишларни жадаллаштириш орқали “Cotton Campaign” халқаро каолицияси томонидан ўзбек пахтасига қўйилган бойкотни олиб ташланишига эришишдир.

 Бу каби мақсадларни амалга оширишнинг самарали йўлларидан бири бу, шубҳасиз, миллий қонунчиликни такомиллаштириш. Олий Мажлис қонунчилик палатаси томонидан меҳнат кодексингинг янги лойиҳаси қабул қилингани ва унда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тақиқлаш масаласи бир нечта алоҳида модда сифатида киритилаётгани бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг  акс садоси дейишимиз мумкин. Жумладан, янгиланган кодексда меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш алоҳида принцип сифатида белгиланмоқда.

Бундан ташқари, жамоа шартномаси, жамоа келишувлари ва меҳнат шартномаларида мажбурий меҳнатни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузувчи шартлар бўлса, бундай шартлар ҳақиқий эмаслиги кўрсатилмоқда.

Бу каби қоидаларнинг Меҳнат кодексида акс этиши мажбурий меҳнатга  муросасиз муносабатнинг мустаҳкамланишига асос бўлиб хизмат қилади.

Ихтиёр Холов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Маъруф Саидов, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси