Зўравонлик бу нима?

Зўравонлик – бир кишининг бошқасига жисмоний ёки руҳий таъсири, фуқароларнинг шахсий яхлитлик ҳуқуқини бузиши (жисмоний ва маънавий маънода). Жисмоний зўравонлик инсон танасига тўғридан-тўғри таъсир қилиш билан ифодаланади: калтаклаш, тан жароҳати, турли йўллар билан қийноққа солиш (шу жумладан ҳар қандай нарса ва моддаларни ишлатиш) ва бошқалар. Жисмоний зўравонлик натижасида жабрланувчига қийноқ ва зарар етказилиши мумкин. Руҳий зўравонлик қурбоннинг қаршилик кўрсатиш иродасини синдириш, унинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қўрқитиш, жисмоний зўравонлик таҳдиди орқали инсон руҳиятига таъсир қилишдан иборат. Зўравонлик асабий ёки ҳатто руҳий касалликларга олиб келиши мумкин. Зўравонлик оғирлаштирувчи ҳолат бўлиши мумкин (айниқса, шафқатсизлик ёки жабрланувчини масхара қилиш билан жиноят содир этишда). Зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар жамоат хавфини оширади ва қаттиқ жиноий жавобгарликка олиб келади.

Зўравонлик ҳаракатларининг турлари сифатида жисмоний, руҳий ва жинсий кабиларни кўрсатиш мумкин.

Кўпчилик назариётчи олимлар зўравон хатти – ҳаракатларга инстинктив эмас, балки ўрганилган деб қарашади.

Ҳозирги кунда кўплаб соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари меҳнат муносабатларида ходимлар ўртасидаги муносабатлар баъзида мукаммал эмаслигини тан олишади. Хусусан, хўжайин ва бўйсунувчилар ўртасидаги муносабатлар қўрқитиш ва таъқиб қилиш элементларини ўз ичига олиши мумкин ва жинсий ёки ирқчи мотивлар кенг тарқалган деган қарашни илгари суришади.

Жисмоний зўравонлик дўппослашда, итариш, уриш, тепиш каби ҳаракатларни содир этишда намоён бўлади. Бунга бўғиб ўлдириш, қурол ишлатиш, ҳайдаш пайтида эҳтиётсизлик ҳам киради. Баъзида, узоқ вақт қийноқлар билан, жабрланувчи охирги йўл сифатида зўрловчини ўлдириш ёки қотилликни кўради.

Психологик зўравонлик – инсоннинг ўзига бўлган ишончини пасайтириши мумкин бўлган турли хил усуллар, масалан, масхара қилиш, ҳақорат қилиш, қўполлик, жисмоний зўравонлик ёки изоляция билан таҳдид қилиш каби ҳаракатларда намоён бўлади. Бунда жабрланувчининг охирги йўли ўз жонига қасд қилиш ёки ўз жонига қасд қилиш фикрлари шаклланиши бўлиши мумкин.

Жинсий зўравонлик – бу инсоннинг (аксарият ҳолларда аёлнинг) хоҳишига қарши жинсий алоқа. Бу турдаги зўравонлик турли шаклларни ўз ичига олади: мажбурий жинсий алоқа, зўрлашга уриниш, зўрлаш, иш жойида жинсий зўравонлик, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик, аёлларни фохишаликка мажбурлаш ва ҳоказо. Уларнинг барчаси инсон қадр – қимматини камситади, натижада зўравонлик қурбони ҳар доим уялади ва ўзини заиф ҳис қилади.

Оилавий зўравонлик – бу бир ёки бир нечта оила аъзоларининг бошқа оила аъзоларининг куч ёки қудратидан фойдаланиб, ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид соладиган ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиши (руҳий ва жисмоний). Бу ҳаракатлар зўравонлик қурбонига зарар етказади ва азоб-уқубат келтиради.

Ўтказилган сўровномада аниқланган оилавий зўравонлик сабаблари 6 асосий тоифага бўлинади:

1. Иқтисодий муаммолар:

· Ишсизлик (эркак ва аёл);

· Моддий ва уй-жой муаммолари;

Хотиннинг иқтисодий қарамлиги

2. Мастлик ва гиёҳвандлик.

3. Таълим:

· Маданий -маърифий савиянинг пастлиги;

· Ёшларнинг иқтисодий масъулиятга тайёр эмаслиги;

· Aёллар ва эркакларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги.

4. Хулқ-атвор, фикрлашнинг стереотиплари:

· Оилада аёлларга муносабат стереотипларини қайта ишлаб чиқариш;

Бошқаларнинг таъсири;

· Ота -оналарнинг аралашуви;

5. Ижтимоий тенгсизлик;

6. Эрта турмуш.

Халқаро статистикага кўра, оиладаги зўравонлик моддий бойлик ва барқарор даромадли оилаларда ҳам учрайди.

Зўравонликка қарши кураш. Жиноий тақиб.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳуқуқбузарликка чек қўйиши ва зўравонлик билан боғлиқ ҳаракатларни содир этган шахсга қонуний чора кўриши учун бир нечта шартлар бажарилиши керак:

Жабрланганлар баёноти. Зўрланган шахснинг ҳаракатлари қурбони ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиши керак. Шундан кейин жиноят иши очилади ва тергов бошланади.

Ишнинг барча ҳолатларини аниқлаш. Бунинг учун нафақат жабрланувчи ва жиноятчи, балки мумкин бўлган гувоҳлар ҳам сўроқ қилинади. Бу судда айбланувчининг жиноятда айбли ёки айбсизлиги тўғрисида ишончли далил бўлади.

Ишни судда кўриб чиқиш. Иш шаҳар (туман) суди томонидан кўриб чиқилади. Суд ҳукм чиқараётганда жиноятнинг барча белгилари ва ҳолатларини, қилмишнинг жабрланувчининг саломатлиги ва ҳаёти учун хавфлилигини ҳисобга олиши зарур.

Яна шуни ҳам алоҳида такидлаш лозимки, атрофдагиларнинг муносабати ҳам бўлаётган зўравонликларга таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Сабаби ҳар бир инсон атрофида бўлаётган бу каби салбий ҳолатга бефарқ бўлмай, ўзининг фуқаролик масъулиятини ҳис этган ҳолда фаол муносабат билдириши келажакда бундай нохуш ходисаларнинг кескин камайишига замин яратади.

Ихтиёр Холов, Бухоро вилоят маъмурий судининг судьяси

Маъруф Саидов, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси