Шартнома интизомини бузиш оқибати ёхуд хорижий компанияга қимматга тушган шартнома
Маълумки, халқаро миқёсда давлатлар ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро, мазкур йўналишда ўзаро манфаатли ташқи иқтисодий муносабатларнинг самарали йўлга қўйилиши мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланиши учун муҳим стратегик аҳамият касб этади.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз томонидан тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо фаолиятни олиб боришда кенг имтиёз ва преференциялар берилган бўлиб, унинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Тадбиркорларимиз томонидан ташқи савдо фаолияти юритишда хорижий компаниялар билан эркин ва манфаатли келишувлар асосида ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқдалар. Шу билан бирга хорижий компанияларига миллий қонунчилигимизда мувофиқ республикамиз ҳудудида ўз савдо фаолиятларини эркин юритишда тенг ва қулай шароитлар яратилган. Шу ўринда айтиш керакки, мазкур фаолиятни юритишда албатта шартнома интизомига риоя қилиш жуда муҳим ҳисобланади. Йўқса, бунинг оқибати қонунга мувофиқ мулкий жавобгарлик чоралари белгиланиб, айбдор томонга қимматга тушиши мумкин. Буни суд амалиётидаги бир низо юзасидан кўриб чиқилган иш юзасидан мисол келтириш ўринлидир.
Маълум бўлишича, Корея Республикаси резиденди ҳисобланган “Hankook agricultural materials Co.” компанияси (матнда “хорижий компания” деб юритилади) “BUH TRANS VOSITA” масъулияти чекланган жамияти (матнда “тадбиркор” деб юритилади)га ўзаро тузилган 2019 йил 17 июндаги 17/06-2-сонли шартнома (контракт) тузилган. Мазкур шартномага асосан хорижий компания баҳоси 880 000 АҚШ доллари бўлган иссиқхона ускунасини етказиб бериш ва қуриб фойдаланишга тайёр ҳолатда топшириш, тадбиркор эса ушбу ускуна ҳақини тўлаш мажбуриятларини олишган. Тадбиркор шартнома мажбуриятини бажариб, ускуна баҳосининг 90 фоизи миқдорида 792 000 АҚШ доллари тўловни амалга оширади. Тўловнинг қолган 10 фоизи миқдорида 88 000 АҚШ долларини иссиқхона ускунаси қурилиб, фойдаланишга тайёр ҳолатда топширилгандан сўнг амалга ошириши лозим бўлган.
Хорижий компания тадбиркорга шартномага асосан келишилган муддатда иссиқхона ускунасини етказиб берган. Бироқ, шартнома интизомига риоя қилмасдан, мазкур ускунани шартнома шартида келишилган тартибда маркировка қилинмаган ҳолатда топширган. Бу ҳолатда, хорижий компания шартнома интизомини бузганлик учун жавобгарлик чораси белгиланганлиги, яъни шартнома шартида маркировка қилинмаган ёки лозим даражада маркировка қилинмаган маҳсулот етказиб берганлик учун сотувчи харидорга мазкур маҳсулот қийматининг 15 фоизи миқдорида жарима тўлаши мумкинлигини эътиборга олмаган, шекилли.
Бундан ташқари, тадбиркорнинг бир неча огоҳлантиришларига қарамасдан, хорижий компания шартнома шартларига асосан тадбиркорга иссиқхона ускунасини қуриб бериш ва фойдаланишга тайёр ҳолатда топшириш мажбуриятини келишилган муддатларда бажармасдан келган. Мазкур ҳолатда хорижий компания томонидан шартнома шартларида келишилган иссиқхона ускунасини фойдаланишга тайёр ҳолатда топшириш мажбуриятини бажармаганлик ҳаракатсизлиги натижасида шартномани жиддий ривишда бузган. Бунинг оқибатида тадбиркор иссиқхона ускунасидан фойдалана олмаган ва табиийки тадбиркорлик фаолиятини юритиб даромад олиб билмаган.
Натижада тадбиркор бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хорижий компаниядан шартнома интизомини бузганлик учун жарима суммасини ундиришни ҳамда шартномани бекор қилиш ҳақида иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Албатта, давлатимизда қонун устуворлиги таъминланган бўлиб, ҳар бир юридик шахс мулкчилик шаклидан ва қаерда жойлашганлигидан қатъий назар, қонун талабига риоя этмаганлик, хусусан шартнома интизомини бузганлик тегишли жавобгарликка тортилиши муқаррар.
Зеро, фуқаролик қонунчилигимизда мажбурият келишилган ва тарафлар учун мақбул усулда бажарилиши шартлиги, қарздор айби бўлган тақдирда мажбуриятни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, жавоб бериши лозимлиги қатъий белгиланган.
Суд томонидан тарафлар ўртасида келиб чиқан мазкур низо юзасидан иш ҳолатлари ва далилларни атрофлича ўрганиб, тадбиркорнинг даъво аризасини асосли деб топилди. Шартнома интизомини бузиш оқибати хорижий компанияга қимматга тушди. Хорижий компаниядан тадбиркор фойдасига 44.000 АҚШ доллари миқдорида жарима ва иш юзасидан барча суд харажатларини ундириш ҳамда тарафлар ўртасида тузилган шартнома (контракт)ни бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинди. Апелляция инстанцияси судида хорижий компаниянинг суд қароридан норози бўлиб ёзган апеллция шикоятини қаноатлантириш рад этилиб, ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, барча тадбиркорлик субъектлари ташқи савдо муносабатларида контрагентлар билан ўзаро шартномавий муносабатларда шартнома интизомига риоя қилишлари лозимлиги, аксинча бундай интизомсизлик қонунга мувофиқ тегишли мулкий жавобгарлик чоралари қўлланилиши билан бирга келгусида уларнинг ишбилармонлик обрўсига салбий таъсир кўрсатишини эътиборга олишлари лозим.
Илҳом Юлдашев, Бухоро вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси