Конституция-адолатнинг бош мезони
Демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш масаласи мамлакатимизнинг энг муҳим амалий мақсади сифатида ўта муҳим ва долзарб илмий-назарий ҳамда сиёсий-аҳамиятга молик муаммолардан бўлиб, унинг барпо этилиши, фаолият кўрсата бориши жамиятимиз олдида турган тарихий вазифадир.
Мамалакатимиз ўз мустақиллигини эълон қилган кундан бошлаб дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, собиқ Иттофоқ давлатлари орасида биринчи бўлиб Конституциянинг қабул қилиниши билан мустақилликнинг ҳуқуқий тамал тоши қўйилган.
Бу борада бош Қомусимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши муҳим ҳуқуқий ҳужжат сифатида жаҳонда янги, суверен, истиқболи порлоқ давлат дунёга келишининг ўзига хос шаҳодатномаси бўлди.
Конституцияда энг аввало, ўзбек миллатининг тарихий анъаналари, миллий тафаккури ўз аксини топган.
Инсон ўз ҳаётини борлиққа, унинг қонунларига эътибор бермасдан ташкил эта олмайди. Шу боисдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Муқаддимасида Ўзбекистон халқининг “инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш…” мақсади аниқ белгилаб қўйилган. Бу олий мақсад мамлакатимизнинг давлатчилик ва ҳуқуқни ривожлантириш сиёсатидан келиб чиқиб, қатор принциплар, омиллар ва шарт-шароитлар билан белгиланади. Бош Қонунимиз жаҳон ҳамжамиятининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуғларини тўла мужассам қилади. Ушбу Конституция инсон ҳуқуқлари соҳасидаги барча муҳим қоидаларни: инсоннинг яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, мулкдор бўлиш ва бошқа шу каби ҳуқуқларни ўз ичига олгандир.
Конституцияга кўра Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Олий Мажлис ва Президент иш олиб бориши белгиланган бўлиб, давлат ҳокимияти- қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинади.
Бош Қомусимизда, давлат ўз фаолиятини инсон ҳамда жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолатга қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши белгиланган.
Бизнинг Конституциямиз нафақат юридик ҳужжат сифатида, балки у миллий мафкурамизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий асосини ташкил этувчи умуминсоний ғояларга хизмат қилади.
Ўтган давр ичида Конституциямиз жиддий ҳаёт синовларидан ўтди. Халқимиз ҳаётида бу муҳим ҳужжат асосида асрлар мобайнида юз бериши мумкин бўлган тенгсиз ўзгаришларни амалга оширди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрь кунидаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4551-сонли Қарори билан Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.
Мазкур Қарор билан Конституция ва қонун устуворлигини, давлат органлари қарорлари, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари қонунларга тўлиқ мувофиқ бўлишини таъминлаш, қонунлар ижросини самарали ташкил этиш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш, ҳуқуқий ахборотни замонавий усуллар орқали кенг оммага етказиш, ҳар бир фуқаро ва мансабдор шахсларда Конституция ва қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмларини такомиллаштириш, мустақил ва холис оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, одил судлов тизимини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг обрўсини ошириш ва чинакам мустақиллигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувида, давлат органларининг кундалик фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни халқ манфаати йўлида хизмат қиладиган идораларга айлантириш, Конституция ва қонунларда белгиланган инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида янада мустаҳкамлаш, мулк дахлсизлигини кафолатлаш дастурни амалга оширишнинг асосий мақсади этиб белгиланган.
Мамлакатда жадал суръатлар билан олиб борилаётган ўзгариш ва янгиланишлар давомида Конституцияга ҳам бир қатор ўзгартиришлар кириб келинмоқда. Ҳозирги кунга қадар Конституцияга 15 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, дастлабки ўзгартириш 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган Қонун билан киритилган бўлса, охирги марта ўзгартириш 2021 йил 8 февраль кунидаги Қонун билан амалга оширилган.
Жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган сайловда қайта сайланган Шавкат Мирзиёв Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилганидан сўнг сўзлаган нутқида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини такомиллаштириш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, “аввало, сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак”, деб таъкидлаб ўтди.
Хулоса ўрнида айтганда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз манафаати йўлида хизмат қилади ва
у ҳамиша адолатнинг бош мезони бўлиб қолади.
Ойбек Шомуродов, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси