Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ва унинг мазмун моҳияти
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистан Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунни тезроқ амалиётга жорий этиш лозимлигини таъкидлаган эди.
Бинобарин, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун 2017 йил январда кучга кирди.
Мазкур Қонунда баён этилганидек, коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик эса, коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмишдир.
Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлигидир.
Ҳозирги кунда жамиятда коррупцияга қарши кураш муаммоси ўта долзарбдир. Бу бир неча омиллар билан белгиланади.
Биринчидан, давлатнинг мансабдор шахслари томонидан ўз мавқеини суиистеъмол қилиш ҳоллари ҳокимият обрўсига, жамиятни демократлаш тириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш жараёнларига путур етказади.
Иккинчидан, иқтисодий мазмуни ресурсларни тақсимлаш жараёнининг деформациялашишидан иборат бўлган коррупция иқтисодиёт ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Коррупцияга қарши курашиш мураккаб жараён, чунки у нафакат яширин тарзда, балки жиноий тил бириктириб содир этилади. Коррупция, одатда, шикоят берилишига сабаб бўлмайди, чунки айбдор тарафлар қонунга хилоф битимдан наф кўрадилар. Ҳатто, товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш устидан ҳам шикоят камдан-кам ҳолларда берилади.
Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлади. Зотан, коррупция давлат органлари ходимларининг моддий ёки мулкий йўсинда ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида ўз мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодиса ҳисобланади.
Давлат хизматчилари коррупция фаолиятининг субъектлари ҳисобланади, чунки коррупция муносабатлари юзага келишига сабаб бўладиган қарорлар қабул қилиш ёки ҳаракатлар содир этиш учун ҳокимият ваколатига фақат улар эга бўлади.
Коррупциянинг барча турларига барҳам бериш учун жиноят қонунчилигининг мувофиқлигини, шу жумладан жиноят-ҳукукий ва процессуал нормаларни тегишли равишда қайта кўриб чиқиш, коррупция ҳамда ҳокимият ваколатини суиистеъмол қилишнинг олдини олиш учун маъмурий механизмлар ва тартибга солиш механизмларини ишлаб чиқиш, коррупция домига илинган мансабдор шахсларни аниқлаш, тергов қилиш ва ҳукм этишнинг махсус таомилларини белгилаш, коррупция натижасида қўлга киритилган маблағлар ва мол-мулкни мусодара қилиш учун ҳуқуқий қоидаларни ишлаб чиқиш мухим аҳамиятга эта.
Коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслиги тарихдан маълум. Бу борада барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ва дунёқарашини ўзгартириш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин.
Умуман олганда, коррупция шунчаки жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, балки маънавий бузилиш ҳолати ҳамдир. Мазкур иллатга қарши курашда давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билангина кутилган натижага эришиш мумкин.
Коррупция деярли дунёнинг барча давлатлари учун катта муаммо туғдираётган ҳуқуқбузарлик тури, умуминсоний халқаро даражада тарқалган иллатдир.
«Коррупция» атамасининг маъноси хусусида турли фикрлар мавжуд. Кенг оммалашган фикр тарафдорларига кўра, «коррупция» лотинча «corruptio» сўзидан келиб чиққан бўлиб «пора эвазига оғдириш», деган маънони англатади. Айрим адабиётларда «коррупция» лотинча «corrumpere» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «бузилиш, айниш, таназзул», бошқа адабиётларда эса лотинча «cor ruptum» сўзидан келиб чиққан бўлиб, «синган, бузилган» каби маънони билдириши ва шахсий ҳаёт ҳамда корпоратив фойда йўлида жамоат манфаатларига путур етказишни англатиши қайд этилган.
Коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсга кўтарилиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалаларидан бирига айланди. Бинобарин, ушбу иллат нафақат ислоҳотлар йўлига жиддий тўсиқ бўлиши, балки ўтиш даврида белгиланган мақсадларга эришишга ҳам бевосита таҳдид туғдириши барчага маълум.
Бугунги кунда коррупцияга мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят сифатида қаралади. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан бири ҳисобланади. Аксарият ҳолларда коррупция деганда, давлат амалдорлари томонидан шахсий манфаатларни кўзлаб, бойлик орттириш мақсадида фуқаролардан пора олиш, қонунга хилоф пул даромадларини қўлга киритиш тушунилади.
Мамлакатимизда мазкур муаммога қарши кураш масаласига мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ жиддий эътибор қаратиб келинмокда. Ўтган давр мобайнида коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база ва тизимли амалиёт шаклланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида қабул қилинган ЭКОСОС (БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий кенгаши)нинг Коррупцияга қарши кураш резолюцияси, Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқ кодекси, Халқаро тижорат ташкилотларида коррупция ва порахўрликка қарши кураш ҳакидаги декларация, Миллатлараро уюшган жиноятчиликка қарши кураш конвенцияси ва бошқа халқаро ҳужжатларнинг қабул қилингани мазкур иллатга қарши курашда муҳим омил вазифасини ўтамокда.
Бу борадаги асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжат БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенция (2003 йил 31 октябрь)дир. Мазкур Конвенция коррупция жиноятининг тавсифини тўлик очиб, унга қарши кураш чораларини белгилаб беради.
Конвенцияга мувофиқ иштирокчи давлатларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида доимий махсус Конференция таъсис этилган, БМТнинг наркотик ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси унинг котибияти этиб белгиланган.
Барча мамлакатлар коррупқия иллатини таг-томири билан қўпориб ташлашда халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилаётган бўлса-да, унга қарши кураш ҳар бир давлатнинг ўзида самарали олиб борилиши катта аҳамиятга эга.
Ўзбекистон бу борада муҳим қадамларни ташлаган. Хусусан, 1997 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепциясида коррупция мамлакатнинг миллий хавфсизлигига таҳдидлардан бири, дея эътироф этилди. Мамлакатимиз 2008 йил 7 июлда БМТнинг юқорида кўрсатиб ўтилган Конвенциясига қўшилди.
Ўзбекистон 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) ҳам қўшилган. Шунингдек, Олий Мажлис томонидан Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битим (Москва, 2011 йил 16 июнь) 2011 йил 13 декабрда ра¬тификация қилинган.
Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаш¬тиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунни қабул қилди.
Бироқ, коррупцияга қарши кураш ҳамон бугунги куннинг долзарб муаммоси бўлиб қолмокда.
Амалда коррупция мамлакатда ислоҳотларни самарали амалга ошириш, олдимизга қўйилган мақсадлар йўлидаги жиддий тўсиқ бўлиб қолмокда.
Коррупция халқнинг давлат ва унинг органларига бўлган ишончига путур етказади, жамиятнинг ахлоқий асосларини емиради, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг вужудга келиши ва чуқурлашишига сабаб бўлади.
Маълумки, Конституциямизнинг 2-моддасига кўра, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар. Кор¬рупция эса мазкур конституциявий қоидага мутлақо зиддир. Шундай экан, давлат ва унинг органлари коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга қарши барча имкониятини ишга солиши керак.
Шу боис, 2017 йил 3 январда қабул қилинган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг ижросини самарали таъминлаш, жами¬ят ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида 2017 йил 2 февраль куни Ўзбекистан Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистан Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.
2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республи¬ка идоралараро комиссияси таркиби тасдиқланди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Ўзбекистан Республикаси Бош прокурори раҳбарлик қиладиган нуфузли таркибда шакллантирилган. Комиссия таркибига парламент аъзолари, бир қатор вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, олимлар, фуқаролик жамиятининг аъзолари киритилган.
Хулоса қилиб айтганда, бундай кенг кўламли амалий чора-тадбирлар «мамлакатимизда коррупциянинг келажаги йўқ», деган башоратни қилишга асосдир.
Ражабов Озоджон, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси
Кадиров Умид, Бухоро туманлараро маъмурий судининг судьяси