Ер муносбатларида шаффофликни таъминлашда қўйилган яна бир муҳим қадам
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига кўра, ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
Бугунги кунда ер муносбатларини тартибга солиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб ва ислоҳотга муҳтож бўлган соҳага айланган.
Охирги пайтларда мамлакатимизда ер сотиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиб, жиноятнинг фош этилаётганлиги бот-бот оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилиб борилмоқда.
Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбарининг АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилишича, 2021 йил 1 январь куни ҳолатида ер назоратчилари томонидан республика бўйлаб, 49.594 та ҳолатда
11.284 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланган.
Биргина фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлароро суди томонидан 2020 йилда туман ҳокимиятининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонини туман заҳира ер фондига қайтариш, ер майдонини олиб бериш билан боғлиқ бўлган 504 та фуқаролик иши кўрилиб, шундан 486 та фуқаролик иши юзасидан даъво ариза қаноатлантирилган.
2021 йилнинг ўтган беш ойи давомида 187 та шундай мазмундаги фуқаролик иши кўрилиб, 175 та даъво ариза қаноатлантирилган ва фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари туман ҳокимлиги заҳира фондига қайтарилиб, олиб берилган.
Ушбу рақамларнинг ўзи ҳам ер муносабатлари нечоғли ислоҳотга муҳтож эканлигига бир мисол.
Шундай ислоҳотлардан энг муҳими Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июнь кунидаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли Фармони билан амалга оширилмоқда.
Фармон билан 2021 йил 1 августдан бошлаб қўйидаги ўзгаришлар белгиланмоқда.
- ер участкалари хусусий секторга- мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига (кейинги ўринларда-давлат ташкилотлари)- доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;
- мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади;
- ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;
- давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
- барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади;
Кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.
Шунингдек, Фармонда истисно тариқасида, ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага бериш ҳолатлари ҳам кўрсатиб, ўтилган.
Унга кўра, қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий тадқиқот ва тажриба синовлар амалга ошириш учун давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига-Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига асосан;
Агросаноат кластерларига-ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимининг таклифига асосан;
Энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун- лойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг маблағ аввалдан махсус ҳисобрақамга жойлаштирилганда;
Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга- ижарага олиш ҳуқуқини олганлик учун бозор қийматида ҳақ тўлаган ҳолда (халқаро бирлашмалар ва ташкилотлардан ташқари) ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага бериш мумкин.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қуйидаги ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи бекор қилинди.
Жумаладан, ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, бундан мазкур Фармонга мувофиқ ер участкаларини давлат ташкилотларига доимий фойдаланишга ажратиш, очиқ танлов якунларини тасдиқлаш, ижара шартномасини имзолаш, ер участкаларини хусусийлаштириш натижаларини расмийлаштириш бўйича ваколатлар мустасно;
- туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;
- суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;
- жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;
- хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.
Шу билан бирга, 2021 йил 1 августдан бошлаб қонунчилик ҳужжатларида Фармонда белгиланганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар тўлиқ бекор қилиниши ва давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқлаб қўйилди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ушбу фармон ер участкаларини ажратишнинг шаффофлигини таъминлашда яна бир муҳим қадам бўлиб, бунда ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ер эгаларининг айниқса, хусусий мулк эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлашда, ўз вақтида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, бунинг провардида ер ажратиш ва сотиш билан боғлиқ бўлган қонунбузилишларининг олди олиниб, шу турдаги жиноятларнинг содир этилишига чек қўйилади.
Ойбек Шомуродов, Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди судьяси