“Гиёҳвандлик – давр вабоси”
Бугун давр муамосига айланиб улгурган гиёҳвандлик иллати ўзининг жирканч кўринишлари билан дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда. Биз яшаб турган кўҳна дунёда инсонга, оилага, жамиятга қаратилган таҳдидлардан мудҳиши бу гиёҳвандлик саналади. Бу борада неча йилларким тарғибот ташвиқот ишлари гиёҳвандликни олдини олиш борасида амалий тадбирлар кенг кўламдаги сай ҳаракатлар олиб борилаётган бўлса-да, заҳри қотилнинг домига ёшлар, ҳаттоки вояга етмаганлар ҳам тушиб қолаётгани ачинарли ҳол.
Биз мамлакатимизда аввал бошқа минтақаларга қараганда яхши деб хотиржамликка берилмаслигимиз керак. Таниқли адиб Абдулла Қаххор «Микроб қанчалик хавфли бўлса уни шунчалик катталаштириб кўрсатадиган заррабин зарур» деган эдилар. Демак гиёҳвандлик яраси катталашиб кетмасидан унинг аянчли оқибатини борича бутун даҳшати билан кўрсата олишимиз зарур. Токи кишилар гиёҳвандликдан ҳазар килишсин.
Гиёҳвандлик ижтимоий касаллик бўлиб, у нафақат инсоннинг жисмоний ва руҳий ҳолатини издан чиқаради, балки унинг оиласига, атрофдагиларга, жамиятга зарарли таъсир кўрсатади, турли ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради.
Ҳозирги кунда ёшлар орасида гиёҳванд моддалар ва психотроп воситаларининг тарқалишини олдини олишга қаратилган
чора-тадбирларга қарамасдан, бу муаммо ёшлар орасида кенг тарқалмоқда. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш ақл-идрокнинг бузилишига, кучли ҳаяжонланиш, ғазабланиш, шафқатсизлик, бефарқлик ва қизиқишлар доирасининг қисқаришига олиб келади, ёш организмни издан чиқаради.
Гиёҳвандликнинг салбий таъсири қуйидагиларда намоён бўлади. Биринчидан, наркотик моддаларнинг истеъмоли одам организмига кучли салбий таъсир кўрсатади, жумладан, иммун тизими, юрак-қон томир тизими, асаб тизими ва бошқа органларга зиён етказади. Уларнинг узоқ муддатли истеъмоли ўлимгача олиб бориши мумкин.
Иккинчидан, гиёҳвандлик инсон маънавиятини йўқотиши, шахсий ҳаётини бузиши ва оилавий муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Учинчидан, наркотик моддаларнинг тарқалиши билан боғлиқ жиноятлар кўпайиб, жамиятда қонунбузарлик ҳолатлари ортади.
Наркотик моддаларнинг тарқалишига ёшлар ўртасидаги эътиборсизлик ва билимсизлик, ижтимоий тармоқларда наркотик моддаларнинг тарғиб қилиниши ҳамда иқтисодий қийинчиликлар ва ишсизлик сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Бу қонун нормалари жамиятнинг соғлом турмуш тарзини асраш, ёшларни турли иллатлардан ҳимоя қилиш ва гиёвандликка қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга.
Гиёвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар турли шаклларда намоён бўлади: уларни етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, сотиш ёки тарғиб қилишдан тортиб, Интернет орқали тарқатишгача. Қонун ҳар бир ҳолат учун аниқ санкциялар мавжуд.
Гиёҳвандликка қарши курашиш, аниқроғи, унинг келиб чиқиш сабаб ва омилларига қарши кураш олиб бориш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.
Гиёҳвандлик муаммосига қарши курашиш фақат давлат органларининг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифасидир. Бу борада оила, маҳалла, таълим муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали бу глобал муаммога қарши самарали кураш олиб бориш мумкин.
Шу боис ҳар биримиз бу каби иллатлардан узоқ бўлиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишимиз зарур.
Нурбек Рахимов,
Жиноят ишлари бўйича
Вобкент туман суди раиси