Қўшнисига қасддан оғир тан жароҳати етказиб, унинг ўлимига сабаб бўлган шахс озодликдан маҳрум этилди

Судланувчи Н.Нодирбеков 2023 йил 24 ноябрь куни соат 20:00да қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, Бухоро шаҳар, “Фурқат” МФЙ, Бўстон кўчаси, 24-уй олдида қўшниси С.Хамдамов билан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида унинг юз соҳасига қўл мушти билан қасддан уриб, суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, С.Хамдамовнинг бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия лат ейиши каби жароҳатлар билан С.Хамдамовнинг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир қилган.

Судланувчи Н.Нодирбековга оид жиноят иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби ўзининг айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, нарсани кўздан кечириш ва олиб қўйиш, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш баённомалари, жабрланувчи ва гувоҳларнинг сўроқ баённомалари, суд-тиббий экспертиза хулосаси билан ўз исботини топган.

Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2024 йил
11 мартдаги ҳукмига кўра, судланувчи Н.Нодирбеков Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди билан 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Суд ҳукмига нисбатан Н.Нодирбеков жазони енгиллаштириш масаласида апелляция шикояти келтирган.

Шикоятга асосан иш вилоят судида кўриб чиқилиб, Н.Нодирбеков томонидан содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси борлиги инобатга олиниб, апелляция инстанциясининг 2024 йил 17 апрелдаги ажримига кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Нозимжон Жураев,

Бухоро вилоят судининг судьяси

Завқий Қурбонов,

Бухоро вилоят судининг судьяси