Кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларни Давлат рўйхатидан ўтказишнинг ҳуқуқий ва амалий аҳамияти тўғрисида

Нарсалар(мулклар)нинг кўчар ва кўчмасга бўлиниши Рим ҳуқуқида содир бўлган. Рим ҳуқуқшунослари табиий хоссалари туфайли ёки зарар этказмасдан ҳаракатланиши мумкин бўлмаган кўчмас нарсаларни кўчмас мулк деб тушунганлар.
Кўчмас мулкларга ўз хусусиятларига ва тушунчасига кўра: Биринчидан, ер участкалари, иккинчидан эса ер участкаси билан чамбарчас боғлиқ бўлган объектлар (бинолар, иншоотлар ва бошқа) киради. Бундай бўлиниш зарурати, биринчи навбатда, ер участкалари ва бошқа кўчмас мулк объектларини фуқаролик муомаласига жалб қилиш билан боғлиқ.
Собиқ совет ҳукумати даврида нарсаларни кўчар ва кўчмас мулкларга таснифлаш ўз мазмунини ва амалий аҳамиятини йўқотди. Бунга, энг аввало, ернинг миллийлаштирилиши сабаб бўлди. Кўчмас мулкларнинг ҳуқуқий аҳамияти фақатгина 1990 йил 31 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши билан қайта бошлади. Кўчмас мулкларнинг таснифини бериш зарурати қуйидаги қоидалардан келиб чиқиб туғилди:

  • табиий ресурсларнинг мамлакат иқтисодиёти учун кўчмас мулк сифатидаги аҳамияти (агар ер ости бойликлари, сув объектлари ва ўрмонлар кўчар нарсалар каби сотиладиган бўлса, бугунги кунда биз ҳеч қандай табиий ресурсларни келажак авлод учун сақлаб қолмаган бўламиз);
  • ушбу объектларнинг қиймати ва ижтимоий аҳамияти;
  • ушбу объектларнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда уларнинг айланмасини назорат қилиш ва тартибга солишнинг зарурати.
    Кўчмас мулк турларини аниқлаш учун унинг қуйидаги хусусиятлари инобатга олинади. Улар бирламчи ва иккиламчи бўлиниши мумкин. Эътиборли томони, мулк қуйидаги учта асосий хусусиятга эга бўлиши шарт эмас, лекин улардан камида биттаси бўлиши керак. Кўчмас мулкнинг учта асосий хусусияти мавжуд:
  • унинг мақсади (мактаб, уй, бинолар, иншоот);
  • ер билан тўғридан-тўғри боғлиқлиги (ер, ўрмонлар, объектга зарар етказмасдан туриб кўчиришнинг мумкин эмаслиги).
  • объектларни қонун ҳужжатларида кўчмас мулк деб таснифлаш (самолёт, космик кемалар, ички транспорт кемалари).
    Қўшимча хусусиятларига – ҳаракатчанлик, қиймат, мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва бошқалар.
    Юқоридаги белгилар асосида кўчмас нарсаларга қуйидагилар киради:
    ер участкалари (Ўзбекистон Республикаси Ер кодексига мувофиқ ер муносабатлари соҳасидаги ҳуқуқларнинг объекти: табиий ресурс сифатидаги ер; ер участкалари, ер участкасининг бир қисми);
  • ер қаъри участкалари, ер ости бойликлари;
  • изоляция қилинган сув ҳавзалари;
  • ўрмонлар ва кўп йиллик ўсимликлар;
  • бинолар ва иншоотлар;
  • мулкий комплекс сифатида корхона;
  • турар-жой ва нотураржой бинолари;
    Кўчмас нарсаларга, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган ҳаво кемалари ва денгиз кемалари, ички навигация кемалари, космик объектлари ҳам киради. Қонунга кўра, бошқа мулк ҳам кўчмас мулк сифатида таснифланиши мумкин.
    Айтишимиз мумкинки, объектни кўчмас деб белгилашда нафақат унинг табиий хусусиятларидан келиб чиқиш керак балки, амалдаги қонунчиликда ушбу объектнинг кўчмас мулк рўйхатига киритилганлиги бир хил даражада муҳимдир. У кўчмас мулк белгиларига эга эмас, лекин қонунда шундай кўрсатилганлиги сабабли, объект кўчмас мулк мақомига эга бўлади.
    Ўзбекистон Республикасида кўчмас мулкчиликнинг қонунчилик базаси шаклланган. Жумладан хронологик тарзда кўрадиган бўлсак, 1990 йил 31 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги қонун, 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 1995 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонуни (1996 йил 27 декабрда қабул қилиниб, шбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Уй-жой кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда «Давлат уй-жой сиёсатининг асослари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини ўз кучини йўқотган деб топиш ҳақида»ги 2007 йил 8 январдаги ЎРҚ-77-сонли Қонуни билан ўз кучини йўқотган.), 2012 йил 25 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонун ва қонуности ҳужжатларини кўриш мумкин.
    Кўчмас мулк соҳасидаги асосий ҳужжат, бу унинг ҳуқуқий тартибга солишнинг асосий тамойилларини белгилайди.
    Албатта, асосий тамойиллардан бу албатта Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси бўлиб, унга кўра, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.
    Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.
    Асосий қонуннинг 54-моддасига кўра, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт.
    55-моддада ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир.
    Конституциянинг ушбу нормалари Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимояланган ва ҳимоя қилинадиган кўчмас мулкка эга бўлиш ҳуқуқига эга эканлигини айтади.
    Кўчмас мулк бозорининг ривожланиши учун кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотларни максимал даражада жамлашни ва уни жамиятга тақдим этишни, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш ва давлат рўйхатидан ўтказишнинг ягона тизимини яратишни таъминлайдиган қонун ҳужжатлари турлича.
    Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодексини кўчмас мулк айланмасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий меъёрий ҳужжат сифатида ҳам ажратиб кўрсатиш мумкин. Фуқаролик кодекси кўчмас мулк нима эканлигини, қандай объектлар уларга тегишли эканлигини белгилайди, ушбу объектларнинг рўйхатини белгилайди.
    Фуқаролик кодексида, шунингдек, кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, ушбу ҳуқуқларнинг чекланиши, уларнинг пайдо бўлиши, ўтиши ва тугатилиши давлат рўйхатидан ўтказилиши лозимлиги тўғрисидаги норма ҳам ўз ичига олади ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мулкий ҳуқуқлар рўйхатини белгилайди.
    Фуқаролик кодексининг 84-моддасига кўра, кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.
    Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган ҳуқуқ эгасининг илтимосига кўра амалга оширилган рўйхатдан ўтказишни, рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқ ёки битим тўғрисида ҳужжат бериш ёхуд рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқлаши шарт.
    Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузиладиган битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган амалга оширилган рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилган ҳуқуқлар ҳақидаги ахборотни ҳар қандай шахсга бериши шарт.
    Ахборот, рўйхатдан ўтказиш қаерда амалга оширилганидан қатъи назар, кўчмас мол-мулкни рўйхатдан ўтказувчи ҳар қандай орган томонидан берилади.
    Кўчмас мол-мулкка бўлган ҳуқуқни ёки у ҳақда тузилган битимни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд рўйхатдан ўтказиш муддатларининг бузилиши устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
    Давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари қонунчилик билан белгилаб қўйилади.
    Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.
    Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 13-моддасига кўра, турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқага ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.
    Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳамда уй-жойга оид битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва унга доир битимларни рўйхатдан ўтказувчи органда амалга оширилиб, ушбу орган мулк ҳуқуқи, бошқа ашёвий ҳуқуқ ёки битим рўйхатга олинганлиги тўғрисида ҳужжат беради ёхуд рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатга устхат ёзиб қўяди.
    Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқини ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳамда турар жойга оид битимларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд рўйхатдан ўтказиш муддатлари бузилиши устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
    Ушбу кодекснинг 14-моддасига кўра, белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида янги қурилаётган уйга мулк ҳуқуқи уй давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
    Уйнинг, квартиранинг олди-сотди ва айирбошлаш шартномаси ёзма шаклда, тарафлар имзолайдиган битта ҳужжатни тайёрлаш йўли билан тузилади ҳамда у нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.
    Уйнинг, квартиранинг олди-сотди шартномаси шаклига риоя этмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади. Сотиб олувчи сотиб олганидан кейин қонунга мувофиқ турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қоладиган шахслар яшаб турган шу уй, квартирани олди-сотди шартномасининг муҳим шарти – бу шахсларнинг рўйхатини сотилаётган турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқлари кўрсатилган ҳолда тузишдан иборатдир.
    Умрбод таъминлаш шарти билан уйни, квартирани бошқа шахсга бериш тўғрисидаги шартнома Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг қоидаларига риоя этилган ҳолда нотариал тасдиқланиши керак.
    Турар жойни алмаштиришга ушбу Кодексда ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шартлар ва тартибда йўл қўйилади.
    Уйни, квартирани ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.
    Давлатга қарашли уйга, квартирага бўлган мулк ҳуқуқи қонунчиликда назарда тутилган хусусийлаштириш тартибида вужудга келади.
    Кооператив уйга, квартирага бўлган мулк ҳуқуқи уй-жой қуриш ва уй-жой кооперативлари аъзолари пай бадалларини тўлиқ тўлаб бўлганидан кейин вужудга келади.
    Уй-жой облигацияларини олиш ва уларнинг қолган қийматини банк кредитлари ҳисобига тўлаш йўли билан қурилган ва олинган уйга, квартирага бўлган мулк ҳуқуқи кредит тўлиқ қайтарилгандан кейин вужудга келади.
    Хусусий мулкдаги уйга, квартирага бўлган мулк ҳуқуқи қонунчиликда белгиланган тартибда давлат мулкига ўтказилиши мумкин.
    Уйга, квартирага бўлган мерос тариқасида ўтадиган мулк ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида назарда тутилган асосларга кўра вужудга келади.
    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги тўғрисида”ги Низомнинг 3-боб, 12-бандига кўра, збекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, мол-мулкларни кўчмас мулк жумласига (тоифасига) кириши юзасидан хулоса бериш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга ва ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга ошириш вазифалари юклатилган.
    Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга ошириш қонунга мувофиқ турли давлат идоралари зиммасига бўлса, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у билан боғлиқ тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш масаласи ҳам ушбу соҳадаги ислоҳотлар натижасида турли ижроия органлари тизимига юкланиб келинмоқда.
    Бугунги кунда, ушбу вазифа Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва унинг ташкилий тузилмалари зиммаси юкланган.
    Умуман олган, ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳуқуқ эгасининг ушбу ҳуқуқдан фойдаланишида муомала лаёқатини шакллантириш учун қўлланилади.
    Муқаддам, ўз-ўзидан, давлат рўйхатидан ўтказиш муайян объект тўғрисидаги маълумотлар тўпламини тўплашдан кўра, сотиш учун уни ушбу фактни кўпроқ тасдиқлаш ва ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатни бериш учун аҳамиятли бўлиб келган. Янги тушунчада, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у билан тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалдаги фуқаролик қонунчилигига мувофиқ кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг пайдо бўлиши, чекланиши, бошқа шахсга ўтиши ёки бекор қилинишини давлат томонидан тан олиш ва тасдиқлаш актидир. Кўчмас мулк объекти тўғрисидаги маълумотларни кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва у билан тузилган битимларнинг ягона давлат реестрига киритиш йўли билан амалга оширилади.
    Кўчмас мулкнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги рўйхатга олинган ҳуқуқнинг ягона далили бўлиб, ушбу ҳуқуқнинг низолашилиши ва ҳимоя қилиниши масаласида судга шикоят қилиниши мумкинлигидадир. Ушбу қоида давлат рўйхатидан ўтказувчининг рўйхатга олинган ҳуқуқ ёки тасдиқланган битим тўғрисидаги қарорини маълум даражада суд қарорига тенглаштиради. Чунки, Ягона реестрга мол-мулк тўғрисидаги маълумотлар киритилгандан сўнг, рўйхатдан ўтказувчи субъектлар ҳатто ўзаро ариза билан ҳам рўйхатдан ўтказишни бекор қила олмайдилар, фақатгина судда бекор қилиниши ва низолашилиши мумкин.
    Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги қонунчилик кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни, битимларни давлат рўйхатидан ўтказишни тартибга солиш соҳасидаги асосий тартиб-тамойилларни белгилайди.
    Аммо, мазкур масаладаги қонун ҳужжатлари турли даражада ва унификация қилинмаганлиги ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш масаласидаги давлат хизматларининг ягоналаштиришга эҳтиёж сезади.
    Ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона давлат сиёсатини юритиш эҳтиёжи мавжуд. Бугунги кунда бу ўз-ўзидан мазкур соҳадаги давлат сиёсатини ягоналаштириш, юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги низоларни, ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларнинг ягона тизимга келтириш ва оптималлаштириш, соҳада рақамлаштириш имконини кенгайтириш имконини бермайди.
    Демакки, кўчмас мулкка нисбатан, умуман олган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш масаласида қонун ҳужжатларини ягоналаштириш ва кодификациялаштириш мақсадга мувофиқ.
    Бу бизга, ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги асосий тушунчаларни белгилайди, рўйхатдан ўтказувчи органлар доираси ва уларнинг ваколатларини, давлат рўйхатидан ўтказишнинг умумий тартибини, давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган ҳуқуқларни, битимларни, ҳуқуқларнинг айрим турларини рўйхатдан ўтказиш қоидаларини ягоналаштиришни белгилайди. Кўчмас мулк, кўчмас мулк объектлари ҳақида ягона маълумот алмашиш тизимини белгилайди.
    Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг ягона қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ва у билан тузилган битимларнинг ягона давлат реестрини юритишдир. Ягона давлат реестридаги барча кўчмас мулк тўғрисидаги маълумотларнинг тўлдирилиши билан боғлиқ.
    Зеро, кўчмас мулк ва улар билан операциялар, ҳужжатларни рўйхатга олиш китоблари ва ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларнинг ҳолатлари ҳуқуқларнинг ягона давлат реестрининг ажралмас қисми бўлиб, абадий сақланадиган ҳужжатлардир. Ушбу қоидалар қонун ҳужжатлари томонидан қайси ҳужжатларни ҳисобга олиш китоблари юритилиши кераклиги, уларни юритиш қоидалари ва ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар ишини тўлдириш ва юритиш шаклларини белгилайди. Битимларнинг алоҳида турлари бўйича ҳуқуқларнинг ягона давлат реестрини рўйхатдан ўтказиш ва юритиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
    Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш жараёнини бевосита тартибга солувчи норматив ҳужжатлар юқорида санаб ўтилган, аммо кўчмас мулкнинг айрим турларини рўйхатга олиш билан бевосита боғлиқ бўлган махсус деб аталадиган кўплаб норматив ҳужжатлар мавжуд.
    Бугунги кунда ерга эътиборнинг кучайиши тасодифий эмас. Ер участкаларининг муомалага киритилиши иштирокчилар учун кўплаб янги имкониятлар очади.
    Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказиш борасидаги тарихга назар ташласак, мамлакатимизда давлат рўйхатидан ўтказишнинг тарихий илдизлари ХVII-XVIII асрга бориб тақалади. Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини ўтказиш тўғрисидаги актлар котиблар томонидан махсус китобларда қайд этилган.
    Давлат рўйхатидан ўтказиш каби институтнинг жорий этилиши мамлакатимиз учун янгилик бўлиб, шунинг учун ҳам унинг нормаларини амалга оширишда кўплаб муаммолар мавжуд. Уларнинг баьзилари техник ҳисоб хизматлари ва илгари рўйхатга олишда иштирок этган бошқа тузилмалар билан боғлиқ. Баъзилари ўзбошимчалик билан қурилган ва эгалланган қурилмалар билан боғлиқ. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олишнинг турли идоралар орасидаги ягона тартиботларнинг мавжуд эмаслиги.
    Ушбу муаммолардан бири бўлмиш ўзбошимчалик билан боғлиқ қурилмалар бўлиб. Ушбу қурилмаларга ҳуқуқий “амнистия” бериш борасида бир қатор сиёсий қадамлар жуда аҳамиятлидир.
    Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сонли “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
    Аниқланишича, ўтказилган республика кўчмас мулк фондининг ялпи ҳатлови якка тартибда уй-жой қуриш соҳасида, айниқса қишлоқ жойларида қонунийликни таъминлаш масалаларида тизимли хатолар ва жиддий камчиликларга йўл қўйилганлигини кўрсатиб ўтилиб, хусусан, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида якка тартибда уй-жойларни ноқонуний барпо этишганлиги, бундай ҳолатларнинг юз беришига давлат органлари, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият, шу жумладан ер кадастри, архитектура ва қурилиш соҳасидаги ваколатли органларнинг бепарволиги сабаб бўлганлиги таъкидланган.
    Фармонда, фуқароларга ер участкаларини уй-жой қуриш учун муайян тўлов эвазига ноқонуний бериш юзасидан фермер ва деҳқон ҳўжаликларининг тил бириктириши бўйича кўплаб ҳолатлар мавжудлиги, Натижада, ушбу муаммо бутун республика бўйича оммавий тус олгани ва уй-жой учун зарур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги аҳолида бошқа ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқишига, хусусан ҳақиқатда яшаб турган жойга прописка қилиниши, мулк ҳуқуқига эга бўлиш ва уни амалга ошириш имконияти мавжуд эмаслигига олиб келганлиги таъкидланди.
    Фуқароларнинг уй-жой мулкига кадастр ҳужжатларини беришни сўраб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига 5 мингдан ортиқ, депутатлар, сенаторлар, давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахслари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда — 3 мингдан зиёд мурожаатлари келиб тушган.
    Уй-жойга доир ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, ер участкаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, фуқароларга тегишли бўлган турар жойларни давлат рўйхатидан ўтказишда кўмаклашиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини (кейинги ўринларда бир марталик акция деб юритилади) эълон қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
    Унга кўра, 2019 йил 1 майгача Фармон қабул қилинган вақтга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга (кейинги ўринларда ўзбошимчалик билан қурилган иморат деб юритилади) нисбатан мулк ҳуқуқи ушбу объектга ўз шахсий мулки каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилаётган шахсга қуйидаги шартлар асосида:
    ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлса;
    ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлса, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаса эътироф этилиши, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайдиган аниқ ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши;
    б) ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи:
    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этиладиган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссиянинг тақдимномасига кўра туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан;
    умумий мулк ҳақидаги фуқаролик ва оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг қоидаларига амал қилиш шарти билан;
    энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида бир марталик йиғим тўлангандан кейин амалга оширилади;
    в) ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда мулкдорга у қурилган ер участкасига (участканинг бир қисмига) қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиб, ортиқча қисми Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 121-моддасида назарда тутилган жарима солинмасдан захира ерларига олиб қўйилиши белгиланиб, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори билан ижроси амалга оширилди.
    Аммо, шунга қарамасдан ҳалигача кўчмас мулкларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ, айниқса, фуқароларнинг якка тартибда тегишли рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ўзбошимчалик билан қурган иморатлари ва ноқонуний қурилмаларига ҳуқуқий мақом бериш долзарблигича қолмоқда.
    Гарчанд, қонунчиликда ўзбошимчалик билан боғлиқ қурилмаларни суд тартибида бузиб ташлаш мумкинлиги белгилансада, аҳолимизнинг аксарияти қишлоқ жойларида кўп йиллардан шаклланган маҳаллий анъана ва урф-одатлар тарзида турмуш кечириб, маҳаллаларга бирлашиб яшаб келишаётгани, қурилмаларнинг бузиб ташланиши ижтимоий муаммоларнинг келиб чиқаришини инобатга олсак бу соҳадаги давлат бошқаруви самарадорлигини натижасиз даражага олиб келиши табииий ҳолдир.
    Шу билан бирга, албатта ҳар қандай тартиб-тамойил “инсон манфаати”ги хизмат қилиши нуқтаи назаридан, ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларга эгалик ҳуқуқини бериш ва давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги давлат бошқарувини оптималлаштириш ва рақамлаштириш, қонун ҳужжатларни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
    Қонун ҳужжатлари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларга қўшимча равишда ўзгарган ҳуқуқ шакллари тўғрисида ёзувлар киритиш орқали ўзгартириб бориш кенг оммолашмаганлиги сабабли, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг ягона реестрини давлат рўйхатидан ўтказиш ва у билан тузилган битимлар ўртасидаги фарқни ажратиб кўрсатиш кераклигини тақозо этмоқда. Масалан, фуқаро томонидан дастлаб қурилган турар-жойга бўлган мулк-ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилсада, кейинги қилган қурилишлари ва бошқа реконструкция ишлари “ўзбошимчалик” тарзида амалга оширилиб, ушбу қурилиш фаолияти юзасидан мулкдор томонидан бирор бир рухсат берувчи тартиб-таомилларга риоя қилмаслиги оқибатида бир мунча низоли ҳолатларни келтириб чиқаради.
    Уй-жой фонди ва бошқаларга нисбатан қонунчиликка эга бўлган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни мустаҳкамлаш акти Ҳисоб қайдномаси амалга оширилиб, хўжалик иншоотлари, шунингдек, ер участкалари, улар жойлашган участкаларида шаҳарсозликни тартибга солиш ва ердан фойдаланишни назорат қилиш объекти бўлиб, мажбурий ҳисобга олиниши керак:
    Ўз-ўзидан давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг пайдо бўлиши, ўзгариши ва тугатилишининг давлат томонидан тан олиниши ва тасдиқланиши тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжат сифатида ҳуқуқ эгасига унинг ҳуқуқини давлат томонидан ҳимоя қилиш кафолатларини беради. Рўйхатга олинган ҳуқуқни давлат ва ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ҳеч ким тортиб ололмайди, худди кўчар нарса билан ҳам бўлганидек. Шу сабабли, кўчмас мулк ҳуқуқларининг ягона давлат реестрида рўйхатдан ўтказилмаган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш хавфи мавжуд. Бу, айниқса, давлат рўйхатидан ўтказиш мулкий хусусиятга эга бўлмаган ҳолатларга тааллуқлидир.

Луқмон Кадиров,
Бухоро вилоят суди раиси

Икромжон Тошов,
Бухоро вилоят суди судьяси