Меросга оид фуқаролик ишларини тааллуқлилик, судловлилик масалалари ва ишни судда кўришга тайёрлаш ҳамда кўриш тартиби
Меросга оид масалаларни ўзида қамраб олган фуқаролик ишлари ўз хусусиятига кўра мураккаб ишлар туркумига киради. Суд (судъя) ишни кўриш вақтида аввало мазкур ишни судга тааллуқлилик масаласини ҳал этиши керак. Устоз, процессуалист олим Ш.Ш. Шорахметов ўз китобларида “судловга таалллуқлилик деганда, фуқаролик ишларини кўриш ва ҳал қилиш вазифаси қонун билан муйян давлат органи ёки жамоат ташкилоти зиммасига юклатилганлиги тушунилади , деб таъкидласа, процессуалист олимлардан М.М.Мамасиддиқов фикрича “тааллуқлилик шахсларнинг судга мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқларини юзага келтирадиган юридик шартлардан бири эканлиги унинг фуқаролик процессуал ҳуқуқнинг асосий институтларидан бири ҳисобланишини кўрсатади ва ўз китобида тааллуқлиликни кенг маънода ва тор маънода изоҳлайди.”
Таъкидлаш жоизки, мерос ҳуқуқига оид низоли муносабатлар фуқаролик судларида мазмунан кўриб ҳал этилмоқда. Мазкур ҳолат амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида ўз ифодасини топган бўлиб, қуйидаги ишлар фуқаролик судларига тааллуқли:
1) тарафлардан ҳеч бўлмаганда биттаси фуқаро бўлган низоларга доир ишлар, қонунда бундай низоларни ҳал қилиш хўжалик суди ёки бошқа органларга топширилган ҳоллар бундан мустасно;
2) Кодексда санаб ўтилган алоҳида тартибда кўриладиган ишлар;
3) қонун билан судларнинг ваколатига берилган бошқа ишлар
Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий адабиётларда “судловга тааллуқлилик”, “судловга тегишлилик”, “судлолвлилик” тушунчалари айни бир маънода қўлланилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексида “судловга тааллуқлилик” тушунчаси қўлланилган. Ваҳоланки, судловга тааллуқлилик ва судловлилик тушунчалари бир-биридан фарқ қилиб, уларни бир-биридан фарқлаш лозим бўлади. Фикримизча, тааллуқлилик деганда, ҳал этилиши лозим бўлган низоли ҳуқуқий муносабатни бевосита фуқаролик судига тааллуқлилиги тушунилади. Ҳал этилиши лозим бўлган низоли ҳуқуқий муносабат, судга тааллуқлилиги аниқлаб олингач, мазкур низоли муносабатни суд бўғимига кирган қайси судда ҳал этилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли судга тааллуқлилик яъни, судларнинг ваколатига берилган ишларни қайси суд кўриб ҳал этишини аниқлаб олиш лозим бўлади.
“судлов деб, судларга тааллуқли бўлган ҳамма ишларнинг суд тизими бўғинлари ўртасида тақсимланишига айтилади. Ишнинг судловлигини белгилаш мазкур ишни айнан қайси суд кўришга ва ҳал этишга ваколатли эканлигини белгилаш демакдир” деб таъкидлаган эди. М.М.Мамасиддиқов “фуқаролик ишларининг судловлилиги деганда, судларга тааллуқли бўлган ишларнинг турлари ҳамда жойлашган ҳудудига қараб бир тизимдаги суд бўғинлари ўртасида тақсимланишини белгилаб берувчи фуқаролик процессуал ҳуқуқи нормалари мажмуига айтилади” деб эътироф этади.
Судловга тааллуқлилик масаласи Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексида турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.
Меросга оид низолар бўйича фуқаролик ишлари кўрилаётганда судлар томонидан судловга тааллуқлиликда ушбу қонун талаби ҳам инобатга олинади. Бироқ, мерос қолган мулк кўчмас мулк бўлса-ю, марҳумнинг охирги яшаб турган жойи кўчмас мулк жойлашган жой эмас, балки бошқа жой бўладиган бўлса, ишни кўраётган суд ушбу ҳолатда амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодекси талабидан келиб чиқиб, судловга таалллуқлилик масаласини ҳал этади. Қонунда судловга тааллуқлиликнинг алоҳида ҳоллари кўрсатилган бўлиб, бунга кўра, мерос қолдирувчининг кредиторлари мерос ворислар томонидан қабул қилингунига қадар тақдим этган даъволар мерос мол-мулк ёки унинг асосий қисми жойлашган ҳудуддаги суднинг судловига тегишлидир.
Ишни судда кўришга тайёрлаш босқичи судлар томонидан одил судловни амалга оширишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Меросга оид фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш суд(судъя)дан етарлича вақт талаб қилади. Сабаби ишни кўришга тайёрлашда йўл қўйилган камчиликларни ҳамма вақт ҳам ишни мазмунан судда кўриш жараёнида тўлдириб бўлмайди ва оқибатда иш бўйича тўлиқ текширилмаган ҳолатлар бўйича ҳал қилув қарори чиқаришга олиб келади. Натижада бундай ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида бекор қилиниб, бартараф этилмаган ушбу ҳолатлар келгусида сансоларликни келтириб чиқариши мумкин.
Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш ариза қабул қилинган кундан бошлаб ўн кунлик муддатдан кечиктирмай амалга оширилиши лозим. Бу муддат алоҳида ҳолларда ўта мураккаб ишлар буйича судъянинг асослантрилган ажримига биноан кечиктирилиб, йигирма кунга етказилиши мумкин. Қолган фуқаролик ишлари судда кўришга тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўрилиши лозим. Мерос ҳуқуқига оид низоли муносабатлар судларда кўпинча даъво ишлари тартибида кўрилади.
Меросга оид фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш жараёнида судъя мерос очилган вақт, мерос очилган жой, мерос таркиби, меросхўрлар доираси, марҳумнинг қарамоғида бўлган шахслар, васият бўйича мерос очилган бўлса мерос очилган кунда васиятнома кучда эканлиги, бекор қилинмаганлигини, васиятноманинг мазмунидан қатъий наза мажбурий улуш олувчи шахслар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини, меросдан имтиёзли олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасини аниқлаши лозим. Шунингдек,
а)тарафларнинг ҳуқуқий муносабатларини ва ишни кўришда қўлланиши лозим бўлган қонунни аниқлаши;
б) тарафларнинг талаб ва эътирозларини асословчи фактларни, шунингдек низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни аниқлаши;
в) ишни ҳал этиш учун зарур бўлган далиллар доирасини аниқлаш ва уларни ўз вақтида суд мажлисига тақдим этишни таъминлаши;
г) ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркиби масаласини ҳал этиши лозим.
Агар аризачи томонидан битта аризада ёки суд томонидан битта иш юритувда бир қанча талаблар бирлаштирилган ҳамда судда кўришга тайёрлаш ва кўриш юзасидан баъзилари бўйича умумий, баъзилари бўйича эса, қисқартирилган муддатлар белгиланган бўлса, фуқаролик иши судда кўришга тайёрлаб бўлинган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирилмай кўрилиши лозим. Ишни кўришга тайёрлаш жараёнида судъя даъво аризани ҳаракатсиз қолдириши ҳам мумкин.
Судья фақат қонунда назарда тутилган асослар бўйича аризани қабул қилишни рад этишга ҳақли.
Меросга оид фуқаролик иши судлар томонидан икки ҳил ҳолатда мазмунан кўриб чиқилади.
Биринчидан, агарда меросхўрлар қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олган бўлса-ю, кейинчалик улар ўртасида мерос мулкини тақсимлаш ва фойдаланишда низо келиб чиққан ҳолларда мазкур низоли муносабат судлар томонидан даъво тартибида мазмунан кўриб чиқилади. Шунингдек, меросхўрлар мерос қолган мулкни қонун ва васият бўйича қабул қилиб олмасдан туриб, улар ўртасида меросни тақсимлаш ва улушлар ажратишда низо келиб чиқса мазкур ҳолатда ҳам суд, меросхўрларнинг даъво талаби бўйича ишни мазмунан кўриб чиқади.
Иккинчидан, нотариус айрим ҳолларда қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беришни рад этиши, кечиктириши ёки тўхтатиб туриши мумкин, ушбу ҳолларда ҳам манфаатдор шахс нотариусни қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақида гувоҳнома беришни рад этганлиги, кечиктирганлиги ёки тўҳтатиб турганлиги ҳақидаги Қарорига нисбатан судга шикоят қилади. Мазкур шикоят мансабдор шахснинг хатти-ҳаракат(қарор)ларига нисбатан шикоят кўринишида берилади. Бундан кўринадики, меросга оид фуқаролик ишлари судлар томонидан икки ҳил ҳолатда кўриб чиқилади, биринчи ҳолат нотариуснинг қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани нотўғри бажарганлиги бўйича берилган даъво аризаларини судда кўриб чиқиш тартиби, иккинчи ҳолат нотариуснинг қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани беришни рад этганлиги ёки кечиктирганлиги бўйича қарор устидан судга шикоят қилинганда шикоят тартибида ишни кўриб чиқиш тартиби.
Ишни мазмунан кўрган суд ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳал қилув қарори қабул қилади.
Нотариус томонидан нотариал тартибда тасдиқланган қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан берган даъво аризасини судда кўриб чиқишнинг ўзига хос процессуал тартиби мавжуд. Судья ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида аввало, манфаатдор шахс нотўғри деб ҳисоблаган нотариал ҳаракатни жумладан, қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани яъни даъво аризада кўрсатиб ўтилган нотариал ҳаракатни манфаатдор шахсдан талаб қилиб олади. Бажарилган нотариал ҳаракатга нисбатан даъво тартибида судга мурожаат қилиш муддати манфаатдор шахс томонидан ҳуқуқи бузилганлигини билган вақтдан бошланади. Мазкур турдаги ишларни судда кўриб чиқиш жараёнида эьтибор бериш керак бўлган, процессуал хусусиятларидан бири даъво аризани қонун бўйича белгиланган муддатда берилганлигини аниқлашдир. Суд(судъя) ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида даъво муддати ўтиб кетган бўлса-да, даъво аризани иш юритувига қабул қилади ва ишни кўришга тайинлайди, умумий асосларда белгиланган даъво муддати ўтгандан сўнг берилган ариза уни қабул қилишни рад этишга асос бўлмайди. Суд (судъя) ишни мазмунан кўриб чиқиш жараёнида, ўтказиб юборилган даъво муддати узрсиз эканлигини аниқланса, ёки жавобгар даъво муддатини қўллаш ҳақида ариза берса даъво талаби рад этилиши мумкин.
Судъя ушбу низони тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатлар: нотариал идорадан нотариал ҳаракатни чақириб олиш, низо предметига нисбатан уни тассарруфи билан боғлиқ бўлган ҳаракатларга тақиқ солиш ва қонунга асосан манфаатдор шахснинг талабидан келиб чиқиб, бошқа ҳаракатларни ҳам бажариши мумкин.
Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш борасида суд(судъя) мазкур турдаги ишларни судда кўришга тайёрлаш вақтида тегишли ҳужжатларни, шикоятда кўрсатилган важларни асослилигини тасдиқловчи далилларни талаб қилиб олиши лозим. Мазкур турдаги ишларни судда кўриб ҳал этишнинг ўзига ҳос бўлган процессуал хусусиятлари ЎзР ФПКда кўрсатиб ўтилган нормаларга риоя қилиш ва судьянинг моддий ҳуқуқ нормасини тўғри қўллаши билан ифодаланади. Фуқаролик ишини қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарган судья, ишни кўришга тайёрлайди, бу вақтда ушбу муносабатни тартибга солувчи қонунни аниқлаши, тарафларнинг талаб ва эьтирозларини асословчи фактлар мавжудлигини, далиллар доирасини аниқлайди, ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркибини ҳал этади, давлат божи масаласини ҳал этади.
Таъкидлаш жоизки, нотариал идоралар халқаро миқёсда низосиз муносабатларни тартибга солувчи идора сифатида тан олинган. Ушбуга кўра, нотариал идоралар “Нотариат тўғрисида”ги қонун талабидан келиб чиққан ҳолда, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатлари йўлида фақат низосиз бўлган нотариал ҳаракатни амалга оширадилар. Лекин айрим ҳолларда бажарилган нотариал ҳаракатлар негизида низоли ҳуқуқий муносабатларни юзага келади. Бундай ҳолларда ҳуқуқи бузилган шахс, ўз ҳуқуқини тиклаш учун судга мурожаат этишга ҳақли. Манфаатдор шахснинг судга мурожаати ариза ёки шикоят кўринишида бўлади. Бунда, ариза ёки шикоят судга мурожаат этишнинг процессуал воситаси ҳисобланади. Фикримизча, бундай низоларни судлар томонидан кўриб чиқилиши, ўз навбатида нотариал фаолиятни судлар томонидан назоратини таьминлайди. А.Я.,Бугрей, Е.Б.Тарбагаева таъбири билан айтганда “бажарилган нотариал ҳаракат юзасидан, нотариал ҳаракатни бажаришни рад этганлиги ёки кечиктирганлиги бўйича қарор юзасидан берилган шикоят, судларда низоли ҳуқуқий муносабат тарзида кўрилади” .
Суд амалиётидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, нотариуслар томонидан бажарилган нотариал ҳаракатларни судларда ҳақиқий эмас деб топиш, бекор қилиш бўйича низоли ишлар кўрилмоқда.
Қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ишлар судларда даъво ишлари тоифасига кириб, мазманан кўрилмоқда. Мазкур тоифадаги фуқаролик ишлари бўйича даъво аризасида манфаатдор шахс қонун ёки васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш бўйича даъво талабини қўяди. Мазкур ҳолатда ишни кўраётган суд иш бўйича даъво талаби, даъво предмети ва даъво асосини аниқлаб олиши керак.
Фикримизча, нотариус томонидан бажарилган нотариал ҳаракат, нотариал фаолиятнинг объектини ташкил этади, суд ишни кўраётган вақтда ушбу нотариал фаолият суд учун далил, исботлаш воситаси бўлади. Нотариал фаолият объектига нисбатан қўйилган талаб даъво талабини, нотариус амалга оширган нотариал фаолиятнинг объекти судда даъво предметини, нотариал ҳаракатни ҳақиқий эмас деб топиш учун манфаатдор шахс томонидан келтирилган важ даъвонинг асосини ташкил этади.
Нотариал ҳаракатни амалга ошириш вақтида иштирок этган шахслар суд жараёнида низоли фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга киришадилар ва оқибатда суд процессида даъвогар ва жавобгар шахслар деб эътироф этилади. Ушбудан келиб чиқиб ва суд амалиётини ўрганиб, таҳлил қилган ҳолда айтишимиз мумкинки, нотариуснинг муайян ҳаракатларни нотўғри бажарганлиги устидан судга шикоят қилиш тушунчаси деганда, фикримизча бевосита нотариал фаолиятда иштирок этган шахсларнинг, ёки бўлмаса учинчи шахсларнинг нотариал фаолиятнинг объектига нисбатан норозилиги тушунилади.
Иш судда кўрилиши жараёнида манфаатдор шахс ўз даьво талабларини қувватлаб баёнот бериши табиий, лекин суд иш бўйича тўпланган далилларга холисона баҳо бериб, бир тўхтамга келади. Бу борада А.Я.Бугрей., Е.Б.Тарбагаевалар “иш судда кўрилиши жараёнида, бажарилган нотариал ҳаракатнинг ҳуқуқий жиҳатдан тақдири ҳал этилади” – деб фикр билдиради. Юқорида кўрсатиб ўтилган икки турдаги шикоят келтириш тартиби бир-бирига ўхшаш бўлса-да, лекин улар бир-биридан тубдан фарқ қилади. Бажарилган нотариал ҳаракат юзасидан берилган шикоятда нотариал ҳаракат бажарилганлиги туфайли маълум бир оқибатлар юзага келган бўлади. Бажарилган бу нотариал ҳаракат манфаатдор шахснинг қонуний ҳуқуқ ва манфаати бузилганлиги учун судга шикоят қилишга мажбур этади. Амалиётда судлар томонидан бажарилган нотариал ҳаракатларга нисбатан даъво тартибида кўрилаётган ишлар бўйича умумий даъво муддати, уч йиллик муддат қўлланилмоқда. Амалиётда бажарилган муайян нотариал ҳаракат юзасидан манфаатдор шахснинг судга берган шикояти даьво аризаси кўринишида бўлмоқда. Бажарилган нотариал ҳаракат юзасидан низо келиб чиққанда даъво аризаларда нотариус қўшимча жавобгар шахс эканлиги кўрсатиб ўтилмоқда. Бироқ, фикримизча мазкур ҳолатда нотариус судга мустақил даъво билан арз қила олмайдиган учинчи шахс сифатида жалб этилиши лозим.
Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексида мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар ҳақида фикр билдирилган бўлиб, бунга кўра изонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар, агар иш бўйича чиқариладиган ҳал қилув қарори уларнинг тарафлардан бирига нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этадиган бўлса, суд ҳал қилув қарори чиқаргунига қадар даъвогар ёки жавобгар томонида ишга киришишлари мумкин. Шунингдек улар тарафларнинг, прокурорнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномаси бўйича ёки суднинг ташаббуси билан ишда иштирок этишга жалб қилинишлари мумкин.
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар тарафларнинг процессуал ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва уларнинг процессуал мажбуриятларини ўз зиммаларига оладилар, арз қилинган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, улардан воз кечиш бундан мустасно.
Агар мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида даъвогарнинг ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида арз қилинган талабларни тан олса, суд мажбуриятни бажаришни учинчи шахс зиммасига юклаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаришга ҳақли. Айнан шундай ҳолларда, даъвогар ва мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўртасида келишув битими тузилишига йўл қўйилади.
Судлар томонидан қонун ва васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилишда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексида кўрсатиб ўтилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилишга оид қоидаларни қўллаши кераклиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг “Суд амалиётида битимларни тартибга солувчи қонунчилик нормаларини татбиқ қилишда вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида” ги 2006 йил 22 декабрдаги сонли 17-сонли қарорида кўрсатма бериб ўтилган. Ва судлар битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш бўйича даъво талаби бўйича иш кўриш вақтида бу иккала ҳуқуқий ҳолатни бир-биридан фарқлаши кераклиги, сабаби бу иккала ҳолат алоҳида асосларга эга эканлиги таъкидланади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексини 9-боби 113-126- моддаларида кўзда тутилган битимларнинг ҳақиқий эмаслигини тартибга солувчи нормаларда баён этилган асослар бўйича шартномаларни ҳақиқий эмас деб топилишига йўл қўйилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексини 114-моддаси 1-қисмига мувофиқ ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларни вужудга келтирмайди ва у тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Шартномани бекор қилиш эса тўлиқ ёки қисман бажарилмаган шартномани ва унинг оқибатида вужудга келган тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини келгусида бекор қилишга қаратилган ҳаракатдир.
Шартноманинг ҳақиқий эмаслиги ва шартномани бекор қилишнинг ўзаро фарқи:
а) битимнинг ҳақиқий эмаслигига асос унинг ноқонунийлигидир.
Мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, қонун ва васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани суд тартибида ҳақиқий эмас деб топишга ушбу гувоҳномани қонунга зид равишда расмийлаштирилганлиги асос бўлади. Бекор қилишга эса — унинг қонунийлиги низолашилмасдан шартномани бекор қилишга сабаб бўладиган ҳолатларнинг юзага келиши асос бўлади;
б) шартномани бекор қилиш у амалда бўлган вақтдаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсир этмасдан, фақатгина келгусидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларга тааллуқлидир.
Битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабдан фарқли равишда шартномани бекор қилиш ҳақидаги талабда даъво муддати чекланмаган бўлади ва бундай даъво билан мурожаат қилишга шартнома ҳаракатда бўлган бутун давр мобайнида йўл қўйилади.
Мазкур қоидадан келиб чиқиб, қонун ва васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича уч йиллик даъво муддати қўлланилади. шунингдек, бир томонлама битимларнинг ҳақиқий эмаслиги, жумладан васиятномани ҳақиқий эмаслиги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексини 9-бобида белгиланган умумий қоидалар билан, уни бекор қилиш шартлари эса айнан шу туркумдаги битимларга оид қоидалар билан тартибга солинади (масалан, ишончнома ва васиятномани бекор қилиш ФК 141, 142, 1127-моддалари). ЎзР ФКнинг 9-бобида қайд этилган қоидалар битимларни ҳақиқий эмас деб топишнинг қатъий асослари ҳисобланади ва ушбу асослар қонун ва васият бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани суд тартибида ҳақиқий эмас деб топиш бўйича ҳам қўлланилади.
Суд амалиёти тажрибасига таянган ҳолда айтиш мумкинки, васиятнома сир сақланганлиги боис, васиятнома ва васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича даъво тартибида кўрилаётган ишлар кўпинча васият қилувчининг ўлимидан сўнг вужудга келади, васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани васият қилувчининг ўлимидан сўнг бекор қилиш асослари қонунда ўз ифодасини топмаган.
Ишни кўраётган суд, васиятнома ва васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ ҳақидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш бўйича фуқаролик ишини кўраётган вақтда васиятноманинг қонунда белгиланган шаклига асосан расмийлаштирилганлигини текшириши шарт. Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодексини 1124-моддасида васиятноманинг шаклига доир умумий қоидалар кўрсатиб ўтилган.
Мазкур тоифадаги ишни кўраётган суд, нотариал тартибда тасдиқланган васиятномани ҳақиқий эмас деб топиш вақтида, низодаги васиятнома қонун бўйича нотариал тасдиқланган васиятномага қўйилган талабларга жавоб бериш ёки бермаслигини текшириши керак. Қонун нотариал тартибда тасдиқланган васиятномага айрим талабларни қонунан мустаҳкамлайди. Жумладан, нотариал тасдиқланган васиятнома васият қилувчи томонидан ёзилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим. Васиятномани васият қилувчи сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олиш пайтида умумий қабул қилинган техника воситаларидан (ёзув машинкаси, шахсий компьютер ва ҳоказолардан) фойдаланилиши мумкин. Васият қилувчининг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган васиятномани имзолашдан олдин васият қилувчи унинг матнини нотариус олдида тўлиқ ўқиб чиқиши лозим. Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани шахсан ўқий олмаса, васиятноманинг матни васият қилувчига нотариус томонидан ўқиб эшиттирилади, бу ҳақда васиятномада тегишлича қайд этилиб, васият қилувчи васиятномани шахсан ўқий олмаганлигининг сабаблари кўрсатилади.
Меросга оид фуқаролик ишларини судлар томонидан кўриб чиқишнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари мавжуд бўлиб, нотариал идорадан мерос иши чақириб олингач, ишни кўраётган суд мерос иши ичидаги ҳужжатларга ва қуйидаги ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериши лозим, булар қуйидагилар:
- меросхўрлар мерос очилган жойдаги нотариусга ариза билан мурожаат этганлиги ва меросхўрлар нотариус ҳузурида аризага шахсан имзо қўйганлиги, аризага имзо қўйган вориснинг шахси нотариус томонидан аниқлаганлиги ва имзонинг тўғрилигини текшириб бу ҳақда аризага ёзиб қўйилганлик ҳолатига;
- меросхўрларнинг аризаси почта орқали юборилган бўлса аризада
мурожаат этган шахснинг имзоси нотариал тартибда
тасдиқланганлик ҳолатига; - нотариал идорага мерос олиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома беришни илтимос қилган бева қолган эр(хотин) га Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини 23-моддаси ва “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 63-моддаларини мазмуни тушунтирилганлиги бу ҳақда мерос иши ичида ариза мавжудлиги ҳолатига;
- мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой ҳисобланади дейилган, мазкур ҳолат нотариус томонидан текширилганлик ҳолатига эьтибор бериши лозим.
Меросга оид фуқаролик ишлари мураккаб ишлар қаторига киради, шу сабабли ҳам мазкур туркумдаги ишларни кўриш суддан алоҳида эътибор талаб қилади.
Суд, мазкур туркумдаги ишларни кўриш вақтида ушбу тоифадаги ишларнинг ўзига хос бўлган айрим процессуал жиҳатларига эътибор қратиши лозим.
Ишни кўраётган суд( судъя)га мерос ҳисобидан тўланиши лозим бўлган ҳаражатлар ҳақида ариза берилган бўлса, ушбу масалани ҳам ҳал этиши лозим. Мазкур ҳолатда мерос ворислар ўртасида тақсимланишидан олдин мерос қолдирувчининг вафоти олдидан хасталиги туфайли қилинган зарур харажатлар, мерос қолдирувчини дафн этиш харажатлари, меросни эгаллаш, муҳофаза қилиш, бошқариш ва васиятномани ижро этиш, шунингдек васиятномани ижро этувчи ёки меросни бошқарувчига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тўғрисидаги талаблар мерос ҳисобидан қондирилиши лозим. Бу талаблар мерос қиймати ҳисобидан бошқа барча талаблардан, шу жумладан ипотека ёки бошқа гаров билан таъминланган талаблардан олдин имтиёзли равишда қондирилиши лозим.
Нотариуснинг нотариал ҳаракатни бажаришни рад этганлик ёки кечиктирганлик бўйича қарор юзасидан берилган шикоятни судда кўриб чиқишнинг ўзига хос процессуал тартиби мавжуд. Судья ишни судда кўришга тайёрлаш жараёнида нотариал ҳаракатни бажариш рад этилган ёки кечиктирилган ҳолларда нотариуснинг бу ҳақдаги қарорини талаб қилиб олади. Нотариус томонидан муайян ҳаракатни бажаришни рад этганлик ёки кечиктирганлик бўйича чиқарилган қарорда рад этиш ёки кечиктириш асослари мавжудлигини текшириб кўради. Нотариал ҳаракатни бажариш рад этилганлиги ҳақидаги шикоятлар амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодекси талабидан келиб чиқиб, бундай ҳаракатни бажариш рад этилганлиги аризачига маълум бўлган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда берилади.
Мазкур ҳолатда нотариал ҳаракат бажарилмаган ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқмаган бўлади, нотариус нотариал ҳаракатни бажаришни рад этган ёки кечиктирган бўлади. Мазкур турдаги ишларни судда кўриб чиқиш жараёнида эьтибор бериш керак бўлган процессуал хусусиятларидан бири шикоятни қонун бўйича белгиланган муддатда берилганлигини аниқлашдир.
Судъя шикоятда кўрсатиб ўтилган важни тўғри ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳаракатлар: нотариал идорадан нотариал ҳаракатни бажариш учун тақдим этилган ҳужжатлар йиғиндисини чақириб олиш, бажариш рад этилган нотариал ҳаракат предметига нисбатан уни тассарруфи билан боғлиқ бўлган ҳаракатларга тақиқ солиш ва қонунга асосан манфаатдор шахснинг талабидан келиб чиқиб, бошқа ҳаракатларни ҳам бажариши мумкин. Фуқаролик ишларини судда кўришга тайёрлаш борасида фикр билдирган Б.Жамолов, А.Бобоқулов “мазкур турдаги ишларни судда кўришга тайёрлаш вақтида суд тегишли ҳужжатларни, шикоятда кўрсатилган важларни асослилигини тасдиқловчи далилларни талаб қилиб олиши лозим, бундай тоифадаги шикоятлар бўйича ишлар ариза судга келиб тушган пайтдан бошлаб ўн кундан кечиктирмай кўрилиши лозим” -деб фикр билдиради. Мазкур турдаги ишларни судда кўриб ҳал этишнинг ўзига ҳос бўлган процессуал хусусиятлари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодексида кўрсатиб ўтилган нормаларга риоя қилиш ва судьянинг моддий ҳуқуқ нормасини тўғри қўллаши билан ифодаланади. Судья аризани қабул қилиб олади, фуқаролик ишини қўзғатади, унинг бу ҳаракати ажримда ўз ифодасини топади. Фуқаролик ишини қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарган судья, ишни кўришга тайёрлайди, бу вақтда ушбу муносабатни тартибга солувчи қонунни аниқлаши, тарафларнинг талаб ва эьтирозларини асословчи фактлар мавжудлигини, далиллар доирасини аниқлайди, ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар таркибини ҳал этади, давлат божи масаласини ҳал этади. ЎзРФПКнинг 160-моддасида кўрсатиб ўтилган ҳаракатлар асосида ишни судда кўришга тайёрлайди.
Ушбу тоифадаги ишлар амалдаги Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик процессуал кодекси талабидан келиб чиқиб судда мазмунан кўрилади, манфаатдор шахс бажарилган нотариал ҳаракатларни ёки нотариал ҳаракатни бажариш рад этилганлигини нотўғри деб ҳисобласа, бу ҳақда у нотариал идора жойлашган ҳудуддаги судга шикоят беришга ҳақли.
ЎзР ФПК да нотариал ҳаракат нотўғри бажарилганлиги ёки уни бажариш рад этилганлиги ҳақидаги шикоятлар нотариал ҳаракат нотўғри бажарилганлиги ёки бундай ҳаракатни бажариш рад этилганлиги аризачига маълум бўлган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда берилади, деб кўрсатиб ўтилган.
Ҳабиб Саидов,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси
Ойбек Шомуродов,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси