Давлат хизматлари кўрсатиш ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими

Кейинги йилларда мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, шунингдек архив иши соҳасида зарур инфратузилмани яратиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга давлат органларининг фаолиятида ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги механизмларини жорий этиш, кўрсатилаётган давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш, шунингдек нодавлат архивлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурати ҳозир ҳам мавжуд.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг қонунларига фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиққанлик ёки давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи, йиғимлар ёки бошқа тўловлар тўланганлиги ҳақидаги тўлов ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини тақдим этиш тўғрисидаги талаб бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Юридик шахсларни Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш тартиб-таомили ҳам соддалаштирилмоқда. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги аризани рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан кўриб чиқиш муддати 15 кундан 10 кунга камайтирилишини, «Адвокатура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига эса адвокатга гувоҳнома бериш муддати камайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига адвокатлик бюроларини, адвокатлик фирмаларини ва адвокатлар ҳайъатларини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) ҳамда юридик маслаҳатхоналарни қайта рўйхатдан ўтказиш функциялари адлия органларидан Давлат хизматлари марказларига ўтказилишини, шунингдек рўйхатдан ўтказганлик учун тўланадиган давлат божлари миқдорлари камайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бунда боғдорчилик-узумчилик ширкатларини, матбуот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативларини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) ҳам Давлат хизматлари марказларининг зиммасига юклатилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка гербли гувоҳномаларда давлат герби ва QR-код (матрик штрихли код) тасвири мавжуд бўлиши ҳақидаги талаб мустаҳкамлаб қўйилишини, шунингдек, жамғариб бориладиган пенсия тизимида 16 ёшга тўлган фуқароларни ҳисобга олиш тартиби жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг давлат органи сифатидаги мақомини аниқлаштириш ҳам назарда тутилмоқда.

«Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига нодавлат архивлар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби соддалаштирилишини, шунингдек, лицензияни ёки қайта расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳаракатлар тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра, қайта расмийлаштириш учун йиғим тўланмаган ҳолда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан қайси рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатга мувофиқ амалга ошириладиган бўлса, ўша ҳужжатни қайта расмийлаштириш тартиби соддалаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Мазкур Қонун давлат хизматлари кўрсатиш тизимини тартибга солиш, уларнинг рўйхатини кенгайтириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, давлат хизматлари кўрсатганлик ва мурожаатларни кўриб чиққанлик учун ундириладиган тўловлар миқдорларини камайтириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳуқуқий мақомини қонун даражасида мустаҳкамлаш, шунингдек нодавлат архивларнинг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартиб-таомилини соддалаштириш учун хизмат қилади.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг фаолиятини таъминлаш учун юридик шахс ҳуқуқларига эга давлат органи бўлган Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг девони ташкил этилган.

Вакил девони ўзининг банк ҳисоб-китоб варағига, ўз номи ёзилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрга ва бланкаларга эга.

Ў.С.Разиков

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси

М.А.Матякубов

Фуқаролик ишлари бўйича

 Пешку туманлараро суди судьяси