Кўзларингда ғам кўрмай, болам
Дунёда неъматлар кўп. Шундай неъматлардан бири, шубҳасиз, фарзанддир. Бизнинг болажон халқимиз ўзи емай боламга дейдиган, унинг келажагига умид билан қарайдиган халқдир. Шундай мақол бор: Болам бармоғига тикан кирса, юрагим зирқирайди.
Бола вояга етгунича оила тарбиясига, оила аъзоларининг ҳимоясига муҳтождир. Чунки улар ҳали ҳаёт нима эканлигини билмай, ўйнаб-қувнаб ўсувчи, болалик дунёларида беғаму – беташвиш улғаядиган умр палласидадирлар.
Афсуски, бугунги кунда вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик каби жиноят тури тез – тез учраб турибти. Ўз манфаати, ўз нафси йўлида бундай жиноятларни содир этаётганлар ҳам йўқ эмас. Эртанги кунимиз эгалари бўлган болаларга нисбатан содир этилаётган жиноятларни асло кечириб бўлмайди.
Зўравонликка дуч келган ёки унинг қурбонига айланган бола руҳиятида кескин ўзгариш бўлиши – табиий. Энг аввало уларга маънавий ва руҳий кўмак зарур бўлади. Суд жараёнларида бола манфаатини ҳимоя қилинишига бугун алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу борада одил суд олдида ҳеч кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифалар юклатилган.
Зўравонлик содир этган шахсга нисбатан чуқур ва натижадорликка таянган суриштирув олиб бориш, жиноятни содир этилишининг асосий сабабларини аниқлаштириш ва жиноятга ҳуқуқий баҳо бериш долзарб масаладир.
Эндигина ўсишга интилаётган ёш ниҳол мисол, вояга етмаган фарзандларимизни асраш – авайлаш бизнинг фуқаролик бурчимиз саналади. Бу бурч муқаддас бўлиб, бу бурч Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган.
Унутманг! Болага зўравонлик ҳеч қачон кечирилмайди! Эҳтиёт бўлинг, бола кўз ёшининг уволига қолманг. Зеро, бу увол оғир гуноҳдир!
Қ.Холов,
Жиноят ишлари бўйича
Когон туман судининг раиси
У.Бозоров,
Жиноят ишлари бўйича
Когон туман судининг тергов судьяси






