Ўзбекистонда судья ҳам бирор мажбуриятга эгами?

Сўнгги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу ислоҳотлар судларнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, судьялар корпусуни шакллантириш, уларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, судлар фаолиятида ахборот-коммуникация воситаларини кенг жорий этиш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш, уларни моддий-техник базасини яхшилаш ва бошқа жабҳаларда ўз ифодасини топди.

2021 йилнинг 28 июль куни “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрири Президент томонидан имзоланди. Ушбу Қонун суд-ҳуқуқ ислоҳотларида назарда тутилган амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирларнинг йиғиндисини ўзида мужассамлаштирган десак муболаға бўлмайди.  

Мазкур Қонунда судьяларнинг ҳуқуқлари, уларнинг моддий таъминоти, ижтимоий ҳимояси билан бирга мажбуриятлари ҳам назарда тутилган.

Маълумки, мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Бу Конституциявий норма бўлиб ҳисобланади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 19-моддасининг иккинчи қисмига кўра, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Барча фуқаролар каби судьялар ҳам Қонун билан белгилаб берилган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиб ҳисобланади.

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 62-моддасига кўра, судья:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига оғишмай риоя этиши;

фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ҳамда мол-мулки, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши;

ўз ваколатларини амалга оширишда, шунингдек хизматдан ташқари муносабатларда Судьялик одоби кодекси талабларига риоя этиши, суд ҳокимияти обрўсини, судьянинг шаъни ва қадр-қимматини тушириши ёки унинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлилигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан ўзини тийиши;

коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига ва одил судловни амалга ошириш бўйича фаолиятига ғайриқонуний аралашишга уринишларга қаршилик кўрсатиши ҳамда бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар қилиши;

суд процесси иштирокчиларини ҳурмат қилиши;

ўз малакасини судьялик ваколатларини бажариш учун зарур бўлган даражада сақлаб туриши;

манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда ўзини ўзи рад қилиши ва суд процесси иштирокчиларини хабардор қилиши шарт.

Судья:

судьялар маслаҳатлашуви сирини ва ёпиқ суд мажлисларини ўтказиш чоғида олинган маълумотларни ошкор қилишга;

сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутати бўлишга;

сиёсий партия аъзоси бўлишга, уни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, сиёсий партияларнинг тадбирларида иштирок этишга, бошқа сиёсий фаолият билан шуғулланишга;

ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга, бундан судьянинг вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилмайдиган педагогик, илмий ва бошқа ижодий фаолият мустасно;

шахсан ёки ишончли шахслар орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, шу жумладан хўжалик юритувчи субъектни бошқаришда, унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, иштирок этишга;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган чет эл банкларида ҳисобварақлар (омонатлар) очишга ва уларга эга бўлишга, нақд пул маблағларини ҳамда қимматликларни сақлашга. Бундай чеклов судьянинг эрига (хотинига) ва вояга етмаган фарзандларига нисбатан ҳам амал қилади;

жисмоний ёки юридик шахсларнинг ишлари бўйича судда вакил бўлишга (қонуний вакиллик ҳоллари бундан мустасно);

судда кўриб чиқилаётган масала юзасидан суд ҳужжати қонуний кучга киргунга қадар ошкора мулоҳазалар билдиришга;

қонунга мувофиқ махфий ахборот жумласига киритилган, судьялик ваколатларини амалга ошириши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни судьялик ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда ошкор қилишга ёки фойдаланишга ҳақли эмас.

Судьянинг зиммасида қонунга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш ўринлики, судья ўз фаолиятини амалга оширган пайтда, шунингдек ишдан ташқари вақтларда ҳам юқоридаги мажбуриятларга, шунингдек жамиятда юриш-туриш қоидаларига қатъий амал қилиши лозим бўлади. Бу эса ўз навбатида одил судловни амалга оширишда фуқароларда судга нисбатан ишончи ортишига замин яратади. Зеро, судьялик – олий мақом ҳамда ушбу мақомга муносиб бўлиш даркор.

Когон туманлараро

иқтисодий судининг раиси

Ф.Муродов