Иқтисодий судларда даъвогар (аризачи) даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириши мумкинми?

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК)нинг 157-моддасига асосан даъвогар ишни биринчи инстанция судида кўриш чоғида ишнинг мазмунан кўрилиши якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтиришга ёки камайтиришга ҳақли.

Даъвогар ишни ҳар қандай инстанция судида кўришда тегишли суд инстанциясида ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли.

Суд даъвонинг асоси ва предмети бир вақтда ўзгартирилишини қабул қилмайди. Суд даъводан воз кечишни, даъво талаблари миқдорини камайтиришни ҳам, агар бу қонунчиликка зид бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, қабул қилмайди. Бундай ҳолларда суд ишни мазмунан кўради.

Даъвонинг асосини ёки предметини ўзгартиришни, даъво талаблари миқдорини кўпайтиришни ёки камайтиришни, даъвогарнинг даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишини қабул қилиш ҳақида ёхуд қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” 2019 йил 24 майдаги 13-сонли қарорининг 13-бандига кўра, даъвогар ИПК 157-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган даъво асосини ёки предметини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳуқуқидан биринчи инстанция судида ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар фойдаланиши мумкин. Бу норма иш бошқа инстанцияларда кўрилаётганида қўлланилмайди. Қайд этилган ҳуқуқ даъвогар томонидан, шунингдек ҳал қилув қарори апелляция, кассация инстанциялари томонидан ёхуд суд ҳужжати янги очилган ҳолат бўйича бекор қилиниб, иш янгидан биринчи инстанция судида кўрилаётганда фойдаланилиши мумкин.

Даъво предметининг ўзгариши даъвогарнинг жавобгарга нисбатан моддий-ҳуқуқий талабларининг ўзгаришини билдиради. Даъво асосини ўзгартириш даъвогарнинг жавобгарга нисбатан ўз талабларини асослантирган ҳолатларнинг ўзгаришини билдиради. Даъво предмети ва асоси тушунчаларидан шу нарса келиб чиқадики, масалан, агар битимни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб шартномани бекор қилиш талаби билан алмаштирилса ва бу ўзгаришга бошқа асослар келтирилса, бундай ҳолда даъвонинг предмети ва асоси ўзгарган ҳисобланади. ИПК даъво предмети ва асосини бир вақтда ўзгартиришга йўл қўймайди.

Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши деганда, даъвогар томонидан даъво аризасида баён қилинган ўша талаб бўйича даъво суммасининг кўпайтирилиши тушунилади. Даъво талаблари миқдорининг кўпайтирилиши даъвогар томонидан даъво аризасида кўрсатилмаган қўшимча талабларни тақдим қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин эмас. Хусусан, мулкий санкцияларни қўллаш ҳақидаги талаб асосий қарзни ундириш тўғрисидаги даъво бўйича талаблар миқдорининг кўпайтирилиши деб ҳисобланмаслиги керак. Бундай талаб даъво предмети бўлмаган янги талаб ҳисобланиши сабабли, кўриб чиқилмайди ва суд бундай аризани қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Даъвогар ишни ҳар қандай инстанция судида кўришда тегишли суд инстанциясида ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли.

Суд мажлиси давомида тақдим этилган даъвонинг предмети ёки асосини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, даъводан воз кечиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги суд мажлисида эълон қилиниб, бу ҳақда суд мажлиси баённомасига киритилиши ҳамда ажримда ёки ҳал қилув қарорида кўрсатилиши лозим.

Даъвонинг предмети ёки асосини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш ҳақидаги ёхуд даъводан воз кечиш ҳақидаги ариза судга ёзма равишда тақдим этилиши лозим.

Судларнинг эътибори даъводан воз кечиш қонун ҳужжатларига зид бўлмаслиги ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслигига қаратилсин.

Суд даъвогарга даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечишнинг ИПК 111-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган оқибатларни тушунтириши лозим.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, процессуал қонунчиликда ишда иштирок этувчи шахсларга ўз ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилиш ҳуқуқлари кафолатланган бўлиб ҳисобланади.

Когон туманлараро иқтисодий судининг раиси                                     Ф.Муродов